Баҳодир Аҳмедов: Вьетнамга қарши ўйинда бор кучимизни берамиз
Ads

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионати чорак финалида Вьетнамга қарши баҳс олиб бориши ҳақида хабар берилганди. Бугун, 7 февраль куни 1/4 финал беллашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов бўлажак беллашув олдидан қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

“Аввало, чорак финалга қадар етиб келган жамоаларни табриклайман. Вьетнам шаклланган жамоага эга эканини, яхши ўйнашини биламан. Бўлажак рақиб билан Туркманистонда Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида баҳслашганмиз. Ўшанда ҳам чорак финалда рўбаро келиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз.

Эртанги ўйинга аъло даражада тайёрланиб, майдонда бор кучимизни берамиз. Йиллар давомида тўпланган тажриба бизга кўмак беради. Бироқ, олдинги ўйинлар тарихда қолди, ҳозир янги ўйинлар ҳақида ўйлаш керак”, – деди Баҳодир Аҳмедов.

Вьетнам терма жамоаси бош мураббийи Мигель Родриго ҳам Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг кучли жамоаларидан бири саналади. Жамоа 2010 йилдан буён совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Рақибнинг йиллар давомида тўплаган ушбу тажрибаси уларга устунлик беради. Биз ҳимояни мустаҳкам ушлашимиз лозим. Бўлажак ўйинда ҳеч кимга осон бўлмайди”, – деди Мигель Родриго.