Баҳодир Жалолов фаолиятини якунлагач спорт эксперти сифатида ишлаши мумкинми?
Бугун пойтахтимиздаги “Интернатионал Ҳотел Ташкент” меҳмонхонасида “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг спорт элчилари” халқаро тадбирига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Илк бор ташкил этилаётган мазкур тадбирда Ўзбекистон спортчилари номидан таниқли боксчимиз, ҳаваскорлар ўртасида қитъа ва жаҳон чемпиони, Осиё ва олимпиада ўйинлари ғолиби Баҳодир Жалолов иштирок этди.
Анжуманнинг савол-жавоб қисмида Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалоловга шундай савол билан мурожаат қилишди:
- Хорижлик кўплаб номдор спортчилар ўз фаолиятини якунлагач, ОАВда спорт эксперти сифатида фаолият олиб боришади. Профессионал спортдаги фаолиятингизни тамомлаганингиздан сўнг ОАВларидан экспертлик таклифи бўлса, қабул қиласизми? Бунга асос бор, чунки сиз ўзбекистонлик спортчилар орасида энг сўзга чечанларидан бирисиз.
Ўз навбатида Жалолов саволга қуйидагича жавоб берди:
- Очиғи, бу ҳақда ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Спортдаги фаолиятимни якунлаганимдан сўнг ҳам спорт соҳасида қолиш ниятим бор. Хабарингиз бор, Баҳодир Жалолов номидаги бокс маҳорат мактабини очдик. Унга мураббийим Тўлқин Қиличев билан биргаликда бошланишига 25 нафар болани қабул қилиб, улар билан машғулот олиб боряпмиз. Келгусидаги мақсадим, жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ўзбекистон байроғини янада юқориларга кўтарадиган чемпионларни тарбиялаш. Спорт экспертлиги масаласини ўйлаб кўриш мумкин.
Фикрлар