Баҳодир Қўчқоров Равшан Эрматов ҳақида: бундай рекорд бошқа бўлмайди

Равшан Эрматов ҳакамлик қилган чоғида унинг бригадасида қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров бир неча йил мобайнида қанот ҳаками сифатида ёрдам бериб юрганини яхши билсангиз керак. 2010 ва 2014 йилги жаҳон чемпионатларида Қўчқоров Эрматов билан бирга иштирок этган ва тарих саҳифаларига номини ёздириб қўйган. Куни кеча у sports.uz мухбири билан мулоқотда бўлди.  

-  Сизни таниқли қанот ҳакамлардан бири сифатида яхши биламиз. Чунки ўз вақтида Равшан Эрматов бригадаси билан жаҳон чемпионатида ишлагандингиз. Кейинчалик эса фаолиятингизни тугатишга қарор қилдингиз. Ҳозир қаерда ва қандай иш билан шуғулланяпсиз?

-  Тўғри, Равшан билан бирга жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилганмиз. Унинг дадаси Сайфиддин ака Эрматовни ҳам яхши танийман. Биз Равшан билан анча вақтгача ҳакамлик қилдик, Худога шукр. Ҳозиргача у билан ака-укачилигимиз, борди-келдимиз бор. Ўтган йили 50 ёшга тўлганимда ҳакамликни тугатдим. Ундан кейин Қирғизистон футбол федерацияси раҳбарияти мени ҳакамлар билан ишлаш бўйича ишга таклиф қилди ва ҳозирда Бишкекдаман.

қўчқоров

-  Аслида Эрматов билан илк бор қачон танишгансиз ва унинг бригадасига қандай киргансиз?

-  Равшан билан адашмасам, 2005 йили Калькуттада халқаро мусобақада ҳакамлик қилганмиз. Ўшанда бирга борганмиз ва ўйинларни бошқарганмиз. 2007 йили ФИФА бизни Канадага 20 ёшли футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига таклиф қилди. Ўша ерда ярим финалгача ҳамкамлик қилгандик. Финалда эса Эрматов тўртинчи ҳакам вазифасини бажарган.

-  10 йил олдин илк бор жаҳон чемпионатида қанот ҳаками сифатида ишлаб Қирғизистон тарихидан жой олгандингиз. Ўша мундиалдан қандай хотиралар қолган?

-  Биз у ерга қийинчилик билан борганмиз. Боя айтганимдек, 2007 йили Канададаги жаҳон чемпионатидан сўнг ФИФА бизга янада ишона бошлади. Ўз устимизда қаттиқ ишладик, ҳеч кимни уялтириб қўйганимиз ҳам йўқ. Оқибатда 2010 йилги жаҳон чемпионатида бизга ишонишлари мумкинлигига ўзлари амин бўлишди ва очилиш учрашувини бизга топширишди. 2014 йили ҳам Бразилиядаги мундиалда яна иштирок этганмиз. Биз жуда кўплаб жиддий мусобақаларда ишладик. Фақатгина аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилмаганман холос. Қолган барча-барча халқаро мусобақаларда ишлаганмиз. Чиндан ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон тарихида ҳакамларнинг мундиалда ишлаши биринчи марта юз берганди. Кейинчалик яна ҳакамларимиз мундиалларда қатнашадими-йўқми, буни Худо билади. Эндиликда мен ҳам, Равшан ҳам ўз мамлакатларимизда ёш, иқтидорли ҳакамларни етиштиришга ҳаракат қиляпмиз. Бундан ташқари, бизнинг жаҳон чемпионатларида фаолият олиб борганимиз нафақат Ўзбекистон ва Қирғизистон тарихида, балки ФИФАнинг тарихида ҳам муҳрланган. Қилган шунча ишимиз ва меҳнатимизни Аллоҳ қўллаб-қувватлади. Шундай экан, бу Марказий Осиё тарихидан ташқари дунё тарихидан ҳам жой олинган. Энди биздан ҳам кучли ҳакамлар чиқсин. Қолаверса, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистондан ҳам мана шундай етук ҳакамлар чиқишини тилаб қоламан. Нима бўлса ҳам биз бир-биримизга яқинмиз, ака-укалармиз, қўшнилармиз. Худога шукрки, тарихга кирдик. Бола-чақаларимиз, яқинларимиз буни кейинчалик эслаб юришар.

қўчқоров4

-  Шунингдек, ўша 2010 йилги мундиалда эсда қоларли, қизиқарли воқеалар ҳам бўлганми?

-   Қанақа маънода сўраяпсиз? У ерда бизда ҳазиллашгани ҳам, бўшашишга ҳам вақт бўлган эмас. 45 кун давомида ҳар куни икки-уч баробардан ишлаганмиз. Ҳамма ҳакамлар бир-бирини қўллаб-қувватлаган. Ҳозирги мана шундай пандемия даврида ўша хотираларни эсласак, худди олтинга тенг кунларга қиёсласак бўлади. Айниқса, Марадона ва яна бошқа жаҳон футболи юлдузлари билан салом-алик қилганларимиз қизиқарли воқеалар эди.

-  Ҳакамлик фаолиятингизда сиз учун энг унутилмас учта ўйинни айтиб бера оласизми?

-  Мен учун аслида ҳамма ўйин ўзига яраша қизиқарли ва жиддий эди. Чунки биз ҳар қандай учрашувга профессионал тарзда ёндашганмиз. Ҳаттоки, болалар футболи дейсизми, биринчи лига дейсизми, барча ўйинларга жиддий қараганмиз. Агар ўзимдан қиёс қиладиган бўлсам, ўз ишимни жуда яхши кўраман ва шу сабабли ҳамма вақт берилиб ҳакамлик қилардим. Энди эсда қоларли учта ўйинга тўхталадиган бўлсам, биринчи марта қўлимга байроқ олиб ҳакамлик қилган ўйинни айтган бўлардим, бу 1992 йилда юз берган. Иккинчиси эса олий лигада 1994 йили илк марта ҳакамлик қилганим ёдимда қолган. Учинчи беллашув сифатида 2010 йилги жаҳон чемпионатининг очилиш ўйинида ҳакамлик қилганимни айтган бўлардим.

қўчқоров5

-  Равшан Эрматов 2022 йилги мундиалда ҳам ҳакамлик қилиб, ўз рекордини янгилашга яқин эди. Аммо у кутилмаганда фаолиятини тугатди ва Ўзбекистон футбол ассоциациясида иш бошлади. Сизнингча, Эрматов Қатардаги мундиалдан сўнг фаолиятини тугатиши керакмиди, нима деб ўйлайсиз?

-  Бу саволни Равшан Эрматовга бериш керак. Бунақа рекорд бошқа бўлмайди. Яна қандай рекорд қўйиш керак? Шунинг учун бунинг ортиқча муаммоси йўқ. Умуман олганда, уни ўзбек футболида ишлашини ҳукумат сўради, халқ сўради, бундай пайтда йўқ дейилмайди. Тўғри, ҳакамлик фаолиятини тугатиш қийин. Масалан, мен 8 ёшимдан бери футболда бўлсам, 30 йилни ҳакамликка бағишлаганман. Шундай экан, ҳакамликни якунлаш биз учун ҳам осон эмасди. Аммо шуни ҳам айтмоқчиманки, инсон ҳар қандай жойдан ўзининг иззатида ҳурмат-эътиборида кетиши керак.

қўчқоров2

-  Қирғизистон футболидаги бугунги аҳвол қандай?

-  Қирғизистон чемпионати бошланган. 8 та жамоа иштирокида ўтказиляпти. 10-15 майдонлар бор, улардан олтитаси халқар стандартларга жавоб беради. Ҳакамлар ҳам, назоратчилар ҳам ишлаяпти. Футболда ўзига яраша ютуқлар ва камчиликлар бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!