Баҳромжон Фозилов унга ўз вазнидан юқори вазнли рақибларни қўйиб берган инсон исмини ошкор қилди (Эксклюзив интервью)
Бугунги кунда ўзбек чарм қўлқоп усталари жаҳон ареналарида ватанимиз байроғини юқори кўтариб келмоқда. Шундай боксчиларимиздан бири ҳисобланган Баҳромжон Фозилов ҳам ғалабалари билан мухлислар кўнглидан жой олиб улгурган.
Баҳромжон Фозилов 1997 йилда Фарғона вилояти Бешариқ туманида таваллуд топган. Рапқон бокс мактаби тарбияланувчиси ҳисобланган Фозилов илк бокс сир-асрорларини мураббий Олим Алиқуловдан ўрганган. Фозилов катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бронза медалчиси, қолаверса, бир қанча халқаро турнирлар ғолиб ва совриндори бўлган. Ҳозирда Зоиржон Усмонов қўл остида машғулотлар ўтказиб келаётган Баҳромжон профессионал бокснинг супер ярим ўрта вазн тоифасида (69,8 кг) рингга кўтарилмоқда. Эсингизда бўлса у 14 март куни Тошкент шаҳрида ташкил этилган бокс оқшомида Озарбайжон вакили Али Маммадовни муддатидан олдин мағлуб этган эди.
Биз ушбу спортчи билан интервью уюштирдик ва уни эътиборингизга ҳавола қиламиз:
- Бокс спорт турига илк қадамингиз қандай кечган?
- Боксга кириб келишимга сабаб ўзимнинг қизиқишим бўлмаган тўғриси. Вазни мендан олти, етти килограмм оғир ўртоғим бўлар эди. Спарринг жангларида кўп калтак ер эдим. Шуни урсам, боксдан кетаман, деган эдим. Охир оқибат уни уриб йиқитиб, боксга яна ҳам киришиб кетиб қолганман. Шу спарринглардан сўнг, 2010 йил Олмалиқ шаҳрида 1996-1997 йилда туғилганлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтган. Ушбу чемпионатда қатнашиб, 3 та жангда ғалаба қозонганман ва учинчи ўринни олганман.
- Ҳаваскор боксда ҳам бир қанча ютуқларга эришгансиз. Бу йўналишда фаолиятингизни тугатасизми?
- Ҳали ҳаваскор боксда ҳам тўлақонли фаолиятимни якунлаганим йўқ. Профессионалда ҳам озгина тажриба йиғиб, сўнгра ҳаваскор боксда ҳам, насиб қилса 2024 йилги Олимпия ўйинлари, Осиё чемпионати, Осиё ўйинлари учун спаррингларда ҳаракат қилиб кўрамиз.
- Мусобақалар давомида кимлар сизга ноқулай рақиб бўлган? Ўша вақтда ҳаваскорда асосий рақобатчи сифатида кимни айтган бўлар эдингиз?
- Ўзбекистон чемпионатларида менга кўпроқ ноқулай бўлган рақиб - ўзимизни Қўқон шаҳридан Козимбек Мардонов эди. Иккаламиз ҳар доим биринчи, иккинчи ўринларга талашиб, жанг қилиб юрар эдик. У ҳам ўзимнинг дўстим. Ҳозирда у Америка Қўшма Штатларида профессионал фаолиятини олиб бормоқда. Кўпроқ шу боксчи билан рақобат қилар эдим. Қолаверса, у ҳам чапақай эди.
- Профессионал боксга ўтишингизга нима сабаб бўлган?
-Ҳаваскор боксдаги охирги жангларимда камроқ меҳнат қилдимми, ёки омадим келмадими, мусобақаларда дастлабки босқичларда имкониятни бой бериб қўя бошладим. Шундан сўнг, ўзимни проф боксда синаб кўришга аҳд қилдим. Бундан бу ёғига ҳар иккала йўналишда ҳам фаолият олиб боришга ҳаракат қиламан.
- Жаҳон ва ўзбек боксчилари ўртасида кимларни жангини кўпроқ кузатиб борасиз? Кумирингиз ким бўлган?
- Профессионал боксдаги мен ёқтирган боксчи қозоғистонлик Геннадий Головкин. Ўзбек боксчилари орасида эса Исроил Мадримовнинг жангларини кўпроқ кузатиб бораман. Ҳар иккала боксчи ҳам бир бирига ўхшаш услубда жанг қилади.
- Профдаги фаолиятингиз бошланғич даврида дурранг ва мағлубият ҳам қайд этилган. Бу нимадан деб ўйлайсиз? Профга мослашиш қийинроқ бўлдими ёки бошқа сабаблар бормиди?
- Даставвал, профессионал боксга мослашишим озгина қийин бўлди. Бунга сабабчи инсонлар ҳам бор (Шоҳжаҳон Эргашев - "Shohjahon_Promotions"). Менга профессионал боксда 69 кгда вазн қайтартириб, 77 кг, 79 кглик боксчилар билан жангга чиқарган. У инсонлар ҳам ўз ишини қилиб юрибди. Энди омадини берсин-у, ҳаммаси яхшиликка бўлган, деб биламан.
- Қийин дамларда кимлар сизга далда бўлади? Нимадан куч оласиз?
- Фаолиятим давомида дўстим Мирзакамол Неъматов менга бу борада кўп ёрдам беради. Шунингдек, хаётим давомида оила аъзоларим - отам, акам ва яқин инсонларим менга мотивация бериб келган.
- Рапқон бокс мактабидан анча машҳур жангчилар етишиб чиқмоқда. Бунинг ўзига ҳос сири нимада деб ўйлайсиз?
-Бизни Бешариқ туманида бокс спорт турининг яхши ўсишининг сири - боксчилар меҳнаткаш, мураббийлар ҳам кўпроқ ўзини устида ишлагани сабаб, деб ўйлайман.
- Бугунги кунда асосий промоутерингиз ким ва келажакдаги режалар қандай?
- Ҳозирги кунда айнан бир компания билан шартномам йўқ. Бизнинг промоутеримиз ҳам, менежеримиз ҳам Умиджон Уринов. У инсон билан ҳали режаларимиз кўп. Худо хоҳласа жангдан жангга қаробатларни ошириб бораверамиз. Ниятим юртимиз байроғини юқори кўтариб юриш, жаҳон чемпиони бўлиш ва дунёдаги энг яхши камарларни олиб келиш.
Фикрлар