"Бақоев клубни юқори савияга олиб чиққанди, ўзимни ёмон ҳис қиляпман" - Милан "Сўғдиёна"нинг омадсиз старти ва Ёрқин Назаров ҳақида гапирди

Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби янги футбол мавсумини ишончсиз ва омадсиз бошлади. Ортда қолган 3 та баҳсда бор-йўғи 1 очко қўлга киритилди холос. Табиийки, маҳаллий мухлислар хурсанд эмас.

Таркибда ўтган йили ўйнаган футболчилар ҳам сақлаб қолинган. Масалан, тажрибали легионер дарвозабон Милан Митровични айтиш мумкин. Ҳозирча барча учрашувларда тўлиқ иштирок этаётган бўлса-да, “Сўғдиёна”га ёрдам бера олмаяпти.

Куни кеча Sports.uz журналисти Митрович билан суҳбатда бўлди.

- “Сўғдиёна”нинг мавсумни муваффақиятсиз бошлаганининг асосий сабаби нимада?

- Ҳа, биз чемпионатни ёмон бошладик. Аммо ўйинларни томоша қилган бўлсангиз, бизда рақибга нисбатан хавфли вазиятлар жуда кўп бўлди. Шунчаки, гол киритишга улгурмадик. Рақиблар эса голлар урди ва хатоларимиздан унумли фойдаланиб қолишди. Мағлубиятнинг сабаби содда. Таркибдан беш нафар футболчи кетди. Кўплаб янги ўйинчилар келди, янги бош мураббий ва ҳаммасига кўникишимиз учун бизга бироз вақт керак. Умид қиламизки, кейинги ўйиндан ғалаба қозонишни бошлаймиз ҳамда мусобақа жадвалининг юқори қисмига – ўз ўрнимизга қайта оламиз.

милан1

- Жамоангизни турнир жадвалида охирги ўринда кўраётганингизда нималарни ҳис қиляпсиз?

- Ўзимни қандай ҳис қилишим мумкин? Жуда ҳам ёмон. Мен фақат ўзимни эмас, балки бутун жамоа аъзолари шундай ҳолатда эканлигини айтишим керак. Яна юқоридаги гапимни такрорлашимга тўғри келади: таркибимизда жамоа ўйинини шакллантириб турган 5 нафар ўйинчи кетиб қолди. Ўз навбатида бу натижаларимизга таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти. Боя айтганимдек, вақт ўтиши билан ҳаммаси ўз ўрнига тушишига ва мусобақа жадвалида ўзимизга хос бўлган юқори ўринларга қайтишимизга умид қилиб қоламан.

- Нима деб ўйлайсиз, Улуғбек Бақоевнинг йўқлиги жамоа учун асосий йўқотишми?

- Ҳа, бу мураббий клубимизни юқори савияга олиб чиққанди. У рақобатбардош жамоани ташкил этиб, мусобақа жадвалида юқори поғоналарда боришимизни таъминлай олганди. Унинг бошчилигида жамоа ОФК Кубоги ярим финалида, бундан ташқари, Ўзбекистон Кубоги ярим финалида икки марта ўйнади. Чемпионатда 2-ўринни банд этди. Аммо футболда биласизми, инқирозлар бошланар ва натижалар ёмонлашиб кетар экан, ҳамма айбдорни қидиришга тушиб кетади. Афсуски, бош мураббий барча айбни ўз бўйнига олди. Охир-оқибат хайрлашишимизга тўғри келди.

- Янги бош мураббий Ёрқин Назаровнинг услубига мослашиш қийин кечяптими? Умуман айтганда, у ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Тушунтиришнинг ҳеч қандай мураккаб жойи йўқ. Мураббий жамоа қандай ўйин намойиш этишини хоҳлашини кўрсатди ва машғулотларни ҳам шундай тарзда олиб борди. Чемпионат бошланганида биз деярли тайёр эдик. Лекин яна қайтараман: агар ўйинларимизни кўрган бўлсангиз, биз рақибларга нисбатан яхши футбол кўрсатдик. Бизда имкониятлар ҳам бўлди, жумладан ҳужумларда ҳам. Бироқ голлар ура олмадик. Аксига олиб оддий вазиятларда дарвозамиздан гол ўтказдик ҳамда ўйинни бой бердик. Ўйлайманки, бизга омад кулиб боқмади. Боз устига қатор учрашувларда дуранг натижа қайд этдик. Ғалаба бўлмас экан, оғир босимни ҳис қиласиз. Устига-устак янги ўйинчиларнинг Ўзбекистон футболига кўникишларига тўғри келиши вақт талаб қилади.

милан2

- 3 та ўйинда дарвозангиздан 5 та гол ўтказдингиз. Бу ҳимоячиларнинг хатолариданми ёки...

- Афсуски, 3 та учрашувда дарвозамиздан 5 та гол олиб чиқдик. Сизга айтаманки, бундан кейин ўзимни жуда ёмон ҳис қиляпман. Аммо оқлаш учун бирор нарсани баҳона қилмоқчи эмасман. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, кейинги ўйинларда имкон қадар камроқ гол ўтказишга ва кўпроқ гол уришга ҳаракат қиламиз.

- “Сўғдиёна”да жорий чемпионатда нимага қодир?

- Ҳа, ҳозир биз, ўйинчилар ва раҳбарият мусобақа жадвалининг юқори қисмига қайтиш учун ҳаракат қилишимиз қўлимиздан келади, дея олишим мумкин. Ҳаммаси шундай бўлиши ва ғалабалар қозонишни бошлашимиз учун имконимиздан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилишга тайёрмиз.

- Суперлиганинг дастлабки 3 та туридан сўнг нималар дея оласиз?

- Уйда ўтказилган 3 та ўйиндан атиги 1 очкони қўлга киритиш, бу жуда ҳам ёмон натижа. Ваҳоланки, шундай бўлиши мумкинлигини олдиндан ҳеч ким тахмин қилмаганди. Ўйлайманки, биз футболчилар бир қанча вазиятларда йўл қўйган хатоларимиздан керакли хулосаларни чиқара оламиз. Ўзимизга келган ҳолда инқироздан чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз. Инқироздан эса ғалабаларга эришган ҳолда чиқиш мумкин.

Шуҳратбек Жўраев.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!