Барча йўллар Фарғонага олиб боради ёхуд Кубок водийда қолади
2024 йилги Ўзбекистон Кубоги финалига водийнинг икки жамоаси – “Навбаҳор” ҳамда “Андижон” йўл олдилар. Бунақаси тарихда илк бор юз бермоқда. Жамоалар ярим финалда жуда оғир ўйинни ўтказиб ҳал қилувчи босқичга етиб келдилар. “Андижон” уйида “Сурхон” билан, “Навбаҳор” эса Тошкентда “Пахтакор”га қарши учрашувда пенальтилар сериясида ғалаба қозонди. 26 йилдан кейин Ўзбекистон Кубоги финалида яна водий дербисини кўрамиз. 1998 йили Тошкентдаги “Пахтакор” марказий стадионида “Навбаҳор” ва “Нефтчи” клублари Кубок учун беллашишган. Ўшанда наманганликлар 2:0 ҳисобида ғолиб чиқишганди.
Қизиқ томони шундаки, бу йилги финалчилар – “Навбаҳор” ва “Андижон” жамоалари Кубок мусобақасида битта гуруҳдан жой олишган. Аниқроғи, “Н” “ўлим гуруҳи” деб ном олганди. Унда “Навбаҳор” ва “Андижон”дан ташқари амалдаги Кубок соҳиби “Насаф” ҳамда “Динамо” клублари ҳам жой олганди. Ўшанда Рўзиқул Бердиев Ўзбекистон Кубоги фаворитлари ушбу гуруҳдалигини айтганди ва финалгача етиб боришларини ҳам таъкидлаб ўтганди. Буни қарангки, айнан ушбу гуруҳдаги “Навбаҳор” ва “Андижон” финалга қадар етиб бора олдилар.
“Навбаҳор” ва “Андижон”нинг финалга босиб келган йўли қандай бўлди? Гуруҳда бу жамоалар Наманганда рўбаро келдилар. Ўшанда “Навбаҳор” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шунингдек, наманганликлар гуруҳ босқичида “Насаф”ни 1:0 ҳисобида енгди, “Динамо” билан 1:1 ўйнади. Натижада “ўлим гуруҳи”да 7 очко билан 1-ўринни эгаллади. 1\8 финалда Наманганда “Бухоро” 1:0 ҳисобида мағлуб этилди. Чорак финалда эса Жиззахда “Сўғдиёна” қўшимча бўлимларда 2:3 ҳисобида таслим этилди. Ярим финалда эса “Пахтакор” пенальтилар сериясида таслим қилинди. Наманганликлар Кубокда мағлубиятга учрамаган ҳолда финалга етиб келди.
“Андижон” клуби бу йил ташкил топганига 60 йил тўлгани муносабати билан Ўзбекистон Кубогида илк бор финалгача етиб келгани муҳим воқелик. Олдинда эса финал ўйини турибди. “Бургутлар” “Н” гуруҳида “Динамо” билан 2:2 ўйнади. Наманганда “Навбаҳор” 2:1 ҳисобида енгилди. Шунингдек, гуруҳдаги охирги турда “Насаф”ни қабул қилиб, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг охирги сониясида Бектемир Абдуманноновнинг голи эвазига “Андижон” амалдаги Кубок соҳиби – “Насаф”ни гуруҳда қолдирди ва “Бургутлар” гуруҳда 2-ўринни эгаллаб кейинги босқичга йўл олди. 1\8 финалда “Андижон” Тошкентда “Олимпик”ни Рустам Турдимуродовнинг ягона голи эвазига таслим қилган бўлса, чорак финалда Қаршида “Қизилқум” дарвозасига жавобсиз 3 та гол урди. Ярим финалда қандай драма бўлганини билдингиз.
Бу сафарги Ўзбекистон Кубоги тарихдаги энг яхшиси бўлади, ишонаверинг. 5 октбярь куни Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида андижонлик ва намаганлик мухлислар қандай муҳитни яратишини тасаввур қилиш қийин эмас. Финалда ҳар доим ҳам водий дербисини кўравермаймиз. Лекин аниғи шуки, бу сафар Кубок шубҳасиз водийда қоладиган бўлди!
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар