"Барса" 11 миллион еврога сотган ўйинчисини 60 миллион еврога қайтариш ҳуқуқига эга бўлди
«Барселона» таркибида тўп суриб келаётган 19 ёшли таянч ярим ҳимоячи Томми Маркес Португалиянинг «Брага» жамоасига ўтди. Икки клуб матбуот хизматлари трансфер тўлиқ амалга оширилганини расман тасдиқлади. «Брага»нинг расмий сайтига кўра, битим қиймати 11 миллион еврони ташкил этган.
Маълум қилинишича, «Барселона» қўшимча равишда 1 миллион евро миқдорида бонус олиши мумкин. Шунингдек, каталонияликлар футболчининг кейинги сотувидан тушадиган фойданинг 20 фоизини ўзлаштириш ҳуқуқини сақлаб қолган. Клуб шу билан бирга Маркесни 60 миллион евро эвазига қайта сотиб олиш имкониятига ҳам эга. Худи шу миқдор футболчининг шартномасида тўлов мажбурияти (маблағ тўлаб кетиш) сифатида ҳам кўрсатилган.
«Брага» ва Маркес ўртасидаги шартнома 2031 йил ёзигача мўлжалланган. Ярим ҳимоячи янги жамоасида 16-рақам остида майдонга тушади. Ўтган мавсумда у «Барселона» асосий таркибида икки ўйинда жами тўққиз дақиқа майдонга тушишга улгурган, холос.

Фикрлар