“Барса” Нико Уильямс ўрнини босадиган ўйинчи топди

“Барселона” ўзи орзу қилган икки футболчи – “Атлетик” ҳужумчиси Нико Уильямсни ҳам, “Лейпциг” ярим ҳимоячиси Даниэль Ольмони ҳам қўлга кирита олмади.

Европа чемпионатида порлаган бу ўйинчилардан Нико Уильямс “Атлетик”ни тарк этишга шошилмаяпти. Даниэль Ольмо эса, каталонияликлар сафига ўтишга тайёр. Бироқ унинг клуби испанлар таклиф қилган суммани қабул қилмади.

Sport.es сайтининг маълум қилишича, каталонияликлар Нико Уильямс ўрнини боса оладиган бошқа ўйинчини нишонга олди.

Айни пайтда клуб мутасаддилари  “Бавария”нинг 22 ёшли қанот ҳужумчиси Брайан Сарагосани трансфер қилиш имкониятларини ўрганиб чиқмоқда.

Сарагоса асли испан футболчиси бўлиб, “Гранада” тарбияланувчиси ҳисобланади. “Бавария” уни шу йилнинг бошида ижарага олганди ва ярим мавсум ижарада ўйнатиб, яқинда тўлиқ трансфер қилди.

“Барселона” назарига тушган бу футболчи ҳар икки қанот ҳужумчиси ва марказий ярим ҳимоячи позициясида ўйнай олади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!