Бир неча кун олдин, "Барселона"да президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Унда клуб тарихидаги энг муваффақиятли раҳбарлардан бири Жоан Лапорта яна жамоа бошқарувига қайтди. Табиийки, бундан бутун Каталония аҳли хурсанд ва энди "кўк-анорранглилар"нинг иштиёқи ортиб кетиши аниқ. Бироқ Чемпионлар Лигасида уларни жуда мураккаб вазифа кутиб турибди. Месси бошчилигидаги жамоа Парижда қаҳрамонлик кўрсатиши шарт. Йўқса, Роналду ортидан Лео ҳам ЕЧЛни эрта тарк этишга мажбур бўлади ("Ювентус" икки ўйин натижасига кўра, "Порту" тўсиғидан ўта олмади). ПСЖда кайфият аъло даражада. Сабаби, таркибдаги йўқотишлар рақибникичалик жиддий эмас.

Тўғри, кимдир Неймарнинг йўқлигидан фожиа ясаши мумкин, бироқ Почеттино бошчилигидаги французлар Неймарсиз ҳам кўп нарсага қодирлигини илк учрашувда исботлаб улгурди. Боз устига, ўйин Францияда ўтказилишини инобатга олсак, айнан ушбу баҳсда фаворит сифатида ҳеч кимни эътироф эта олмаймиз. Биринчи беллашув натижаси билан қўшиб ҳисобласак, "Барселона"ни фақатгина мўъжиза қутқариб қолади.

psg-barca 1

ПСЖ

Гуруҳ босқичи ортда қолгач, парижликлар ўз ўйинини сезиларли даражада кучайтиришга муваффақ бўлди. "Барселона"дек жамоага "Камп Ноу"да сўнгги бор ким 4 та гол ургани кўпчиликнинг ёдида эмас. Тартибли ҳимояланиб, ҳужумда тезкорлик намойиш этаётган ПСЖда ўтган йилги натижани такрорлаш учун яхшигина имконият мавжуд. Бугун ўз ўйинини кўрсата олган тақдирда, Почеттино шогирдлари ҳеч нимадан хавфсирамаслиги мумкин. Фақатгина бир пайтлардагидек, ортиқча хотиржамлик ва қўпол хатолар францияликларни кейинги босқичдан мосуво қилиши мумкин.

Бироқ ўша жамоа билан ҳозиргисининг ҳам анча фарқи бор. Бугунги ПСЖ ҳақиқий грандга айланди ва исталган рақиб уларга қарши ўйинда муаммоларга дуч кела бошлади. Мбаппе жамоа лидерига айланиб бормоқда. "Камп Ноу"да бўлиб ўтган ўйинда "Барса" ҳимоячилари уни тўхтата олгани йўқ. Устига устак, "кўк-анорранглилар"нинг ишонган ҳимоячиси Жерар Пике бугун майдонга туша олмайди. Килиан Неймарнинг сафдан чиққанини сездирмайдиган даражага чиқиб бўлди. Агар унга қарши "кўк-анорранглилар" бир неча киши бўлиб ҳимояланса, Мауро Икарди катта саҳнага чиқиши мумкин. Аргентиналик футболчи ҳам юқори даражадаги ижрочи ва Ди Мария, Дракслер, Сарабия каби плеймейкерларнинг узатмалари айнан Икарди томонидан дарвозага йўлланиши мумкин. Бу вазиятда Мбаппе чалғитувчи вазифасини ўтайди. Албатта, футбол осон ўйин эмас ва унда биргина тактика билан зафар қучиш деярли имконсиз. Умид қиламизки, бугун майдонда доимгиданда кучли ПСЖни кўрамиз.

psg trenerovka

Тахминий таркиб: Навас, Флоренци, Кимпембе, Курзава, Маркиньос, Гуйе, Паредес, Ди Мария, Вератти, Икарди, Мбаппе.

Маурисио Почеттино: "Тўлиқ диққатни жамлаган ҳолда, ўз ўйинимизни намойиш этишимиз лозим. Бизни қандай синов кутиб турганини биламиз ва унга тайёрмиз. "Барселона" жуда кучли жамоа ва уларга алоҳида ёндашув зарур. Чемпионлар Лигаси бутунлай бошқача турнир. Бу ерда доим кучли рақибларга дуч келасиз. Энг муҳими, нимани амалга оширмоқчигимизни англашимиз. Рақиб кучли, аммо биз ўз кучимизга ишонамиз".

pochettino press conf ucl

"Барселона"

Бир қарашда барчаси каталонияликларнинг мағлубиятига ишора қилаётгандек: етакчиларнинг жароҳат олиши, жамоада барқарорлик  йўқлиги, биринчи учрашувдаги йирик ҳисобдаги мағлубият. Аммо буларданда оғирроқ тош босиши мумкин бўлган бир жиҳат бор. Лео Месси ҳамон кўк-аноррангли либосда тўп тепмоқда. Кези келганда, шунинг ўзи ҳам етарли бўлиши мумкин. Бугунги беллашувда кўп нарса аргентиналик юлдузнинг кайфиятига боғлиқ. Агар чин дилдан истаса, "Барса" камбэкка қодирлигини Испания кубоги ярим финалида кўрсатиб улгурди. Аммо ПСЖ "Севилья" эмаслигини ҳам ёддан чиқармаслик зарур. Каталонияликлар Месси атрофида ўйин қуриш орқали муваффақиятга эришиши мумкинлиги ҳақида гапириб ўтдик, бироқ бу жамоанинг зарарига ишлаши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Сўнгги йилларда айнан Мессининг "пинжига кириб олган" каталонияликлар даҳшатли камбэклар қурбонига айланганини ҳам эътибордан четда қолдириш мумкин эмас. Ўшанда рақиб жамоа Леони усталик билан қўриқлаб, уни қолган жамоадошларидан узиб қўя олганди. Шу йўл орқали, "Рома" ва "Ливерпуль" "Барселона"ни тўхтата олган. Аммо ўшанда "фалокат"ларга каталонияликлардаги ортиқча хотиржамлик ҳам сабаб бўлганди. Бугун эса уларда заррача хотиржамлик йўқ ва барчаси 1 ўйинда ҳал бўлади. Демак, Тошкент вақти билан 01:00 да "Йил учрашуви" бўлиш учун даъвогарлик қилиши мумкин бўлган баҳсни ўтказиб юборманг!

barcelona trenerovka

Тахминий таркиб: Тер Штеген, Мингеза, Лангле, Умтити, Дест, Де Йонг, Бускетс, Альба, Педри, Месси, Гризманн.

Рональд Куман: "Менимча, имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Бизда бор имкониятдан фойдаланиш учун самарали ҳаракат қилишимиз лозим. Бу жуда мураккаб вазифа. ПСЖ кучли жамоа ва улар Чемпионлар Лигасини ютиш учун ҳаракат қилмоқда. Бироқ биз камбэк қила оламиз. Ўз омадимизни синаб кўрмоқчимиз. "Барселона" доим ғалаба учун майдонга тушади ва умид қиламанки, биз вазифани уддалаймиз. 2017 йилги натижа? ПСЖ бундан қўрқади, деб ўйламайман".

kuman

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!