"Барселона" – "Реал Мадрид": Превью

Бугун тунгги соат 00:00 да мухлису мутахассисларни жиддий учрашув кутиб турибди. Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Испания Суперкубоги ярим финали доирасида "эл-класико" иштирокчилари бир-бирига қарши майдонга тушади. Ғолиб битта бўлади ва у финал йўлланмасини қўлга киритади, нариги ярим финал ўйинида эса "Атлетико" Бильбаонинг "Атлетик"и билан куч синашади.

Шубҳасиз, ном жиҳатидан "Барселона" - "Реал Мадрид" "оғир тош босади". Айни пайтда инқирозли даврни бошдан ўтказаётган Каталон клуби тобора кучайиб бораётган "Реал Мадрид"га қарши саф тортади. Бизнингча, ўзгариб бораётган "Барселона" ва юксалаётган "Қироллик клуби" ўртасидаги баҳсни эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

"Барселона"

Хави келгач, жиддий янгиланишларга қўл ураётган "кўк-анорранглилар" ҳамон барқарор ҳолатга тушгани йўқ. Собиқ футболчи бошчилигида 12 ўйин ўтказган "Барса" уларнинг 7 тасида очко йўқотган - 5 дуранг ва 2 мағлубият. Шунингдек, бу баҳсларда жамоа 14 та гол урган. Бу ҳар ўйинга деярли 1тадан гол, дегани. "Барселона"дек клуб учун бу яхши натижа эмас.

Шунга қарамай, кўплаб мутахассислар фикрига кўра, "блаугранас"нинг келажаги ишончли қўлларда. Биринчидан, бош мураббий клуб тизимини яхши билади ва нима мақсадда "жанг қилаётганини" англаб турибди. Иккинчидан, таркибда ёш футболчилар кўп, яъни улар ҳозир тажриба тўплаб олиб, келгусида анча кучли ўйинчиларга айланиши мумкин. Учинчидан, раҳбарият мухлисларга йирик трансферларни ваъда қилмоқда.

Холанд, Влахович ва шу сингари бир нечта қимматбаҳо футболчиларга харидор бўлаётганидан билса бўладики, “тепадагилар“ ҳам жамоа истиқболи порлоқ эканини тушуниб етган. Бу йўлда улар ҳам қўлдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Шуларни инобатга олган ҳолда, Бартомеудан фарқли ўлароқ, Лапорта каталонияликлар учун анча фойдали раҳбардек таассурот уйғотяпти бизда. Балки якунда ростан шундай бўлиб чиқар?!

“Реал Мадрид“

“Қироллик клуби“ охирги йилда яна аввалги даражасига қайтишга муваффақ бўлди. Ҳозир яна худди олдингидек Европада “Реал“ деса рақиблар титраётганини кўряпмиз. Жамоа йилдан-йилга кучайса кучаймоқдаки, асло кучдан қолаётгани йўқ. Янгидан-янги юлдузлар кашф этилмоқда. Жамоанинг ўзига бўлгани ишончи ортаётгани ҳам бор гап. Шунингдек, яқин орада клуб катта трансферларга қўл уриши кутиляпти.

“Қаймоқранглилар“ қайд этаётган натижаларга қарайдиган бўлсак, ички чемпионатда улар пешқадамлик қилмоқда. ЕЧЛда плей-офф масаласини ҳал қилиб бўлган, 1/8 финалда мадридликларни ПСЖга қарши жиддий ўйин кутиб турибди. Бироқ бу қизғин учрашувга ҳали 1 ойдан кўпроқ вақт бор. Шу билан бир қаторда, кубок баҳсларида ҳам юришини давом эттираётган “бланкос“ бу мавсум ўз майдонида ҳали мағлуб бўлмаганига нима дейсиз? Ажойиб натижа, шундай эмасми?

Кўплаб ижобий кўрсаткичларга қарамай, Анчелотти бошқараётган жамоада камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, марказий ҳимояда вариантларнинг камлиги, захирада ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган номдор юлдузлар, яримҳимояда КМК (Каземиро - Модрич - Кроос) триосига муносиб ўринбосарлар чиқмаётгани каби деталлар “Реал Мадрид“ учун ҳар қанақасига минус, албатта.

Учрашувлар тарихи

Ўйинлар сони : 247 тa

“Барселона“ : 96 ғалаба
“Реал Мадрид“ : 99 ғaлaбa
Дуранг : 52 тa

Тахминий таркиблар

“Барселона“ : Тер Штеген; Алвес, Пике, Лангле, Альба; Нико, Бускетс, Гави; Дембеле, Де Йонг, Депай.

“Реал Мадрид“ : Куртуа; Карвахаль, Милитао, Алаба, Менди; Модрич, Каземиро, Кроос; Асенсио, Бензема, Винисиус.

“Барселона“га оид янгиликлар

“Барса“ таркибида йўқотишлар кўп. Жумладан, Эрик Гарcия, Серхи Роберто ва Мартин Брейтуэйт бугунги баҳсда майдонга туша олмайди. Шунингдек, Рональд Араухо, Ансу Фати ва Френки Де Йонгнинг ҳам ушбу учрашувда иштирок этиши сўроқ остида.

“Реал Мадрид“га оид янгиликлар

Мадрид клубида жиддий йўқотишлар йўқ. Фақатгина Гарет Бэйлнинг майдонда ҳаракатлана олмаслики аниқ. Шу билан бирга, Мариано Диас ҳам эл-класикода қатнашиши номаълум бўлиб турибди.


Мураббийлар фикри

Хави:“Эҳтимол, “Реал Мадрид“ – Испаниядаги энг кучли жамоадир ва биз бу ўйин қийин бўлишини биламиз. Лекин бугун уларни хафа қилишимизга тўғри келади ва табиийки, финалга чиқиш учун курашамиз.

Эл-класико натижасини олдиндан айтиб бўлмайди. Биз қўлимиздаги бор қуролларимизни ишлатишимиз керак. Уларга хавф туғдира оладиган футболчилар бизда етарли, деб ўйлайман.

Биз Ферраннинг рўйхатдан ўтишини кутмоқдамиз . Бу тез орада амалга ошади. Педри ҳамда Ферраннинг бу ерда эканлиги ажойиб хушхабар.

Cоvid-19 ва жароҳатлар? Мадридни тўхтатиш учун жамоавий ҳаракатларда яхши ишлашимиз лозим. Шунингдек, ҳимояга жиддий эътибор беришимиз керак. Чунки Виниcиус ва Бензема – жуда хавфли. Биз уларни назорат қилишга ҳаракат қиламиз ва бу биз учун жуда яхши синов бўлади“.

Карло Анчелотти:"Рақиб таркибида тажрибали футболчилар яхши формада. Бускетс, Пике ва Альба “Барса“ учун ўта муҳим фигуралардир.

“Реал“ сўнгги натижаларидан келиб чиқиб фаворит бўлиши мумкин, аммо баҳс 0:0 ҳисоби билан бошланади. Шундай экан, икки жамоада ҳам имконият бор.

Асенсио, Бензема ва Вини ҳар доим бирга ўйнайдими? Хўш, бу уларнинг кўрсатаётган ўйинига боғлиқ. Бизда Родриго бор. Азар ҳам асосий таркибда ўйнашни хоҳлайди. Умумий олганда, бизнинг захирамиз яхши шаклланган.

Очиғи, менга ҳозирги “Барселона“ ёқмоқда. Сабаби, улар ўзига хос тарзда, яъни клуб анъанавий қадриятларини четлаб ўтмаган ҳолда ривожланишни мақсад қилган. Менимча, бу жамоа Хави билан яхши томонга ўзгара олади“.

                                                                                               Шохрух Зоиров тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!