"Барселона" 17 ёшли футболчиси учун 500 миллион евро товон пули белгилади

"Барселона" 17 ёшли ярим ҳимоячи Марк Бернал билан шартномани узайтирди. Янги келишув академия тарбияланувчиси учун катта миқдорда товон пулини ўз ичига олади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берди.

Каталонияликлар Марк Бернал билан шартномани 2026 йилнинг 30 июнига қадар узайтирди. Клубда шартномани яна уч йилга узайтириш имконияти бор. Ёш ярим ҳимоячининг товон пули эса 500 миллион еврони ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, Бернал Испания чемпионатининг 1-турида “Валенсия” билан ўйинда асосий таркибда дебют қилди, сўнгра Бильбаонинг “Атлетик” ва “Райо Вальекано” клубларига қарши баҳсларда ҳам иштирок этди. Охирги ўйиндан сўнг футболчи жиддий жароҳат олиб, операция қилинди. Шифокорларнинг маълумотларига кўра, унинг тикланиши учун бир йил вақт талаб этилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!