“Барселона” де Йонгга АПЛнинг гранд клубидан ўринбосар топди
Каталониянинг “Барселона” Френки де Йонг ўрнига “Арсенал”нинг таянч ярим ҳимоячиси Томас Партини олиб келиши мумкин.
Хабарингиз бор, Френкининг қишки трансферлар ойнасида клубни тарк этиши кундан-кунга ойдинлашиб бормоқда. Шу сабабли, клуб раҳбарлари футболчининг ўрнига янги ярим ҳимоячи излашни бошлаб юборишган.
“Mundo Deportivo” нашрининг хабар беришича, ҳозирда “кўк-анорранглилар” учун Парти энг яхши вариант сифатида кўрилмоқда. Манбага кўра, Испания клуби тез орада лондонликлар билан музокара олиб боришга тайёрланмоқда. Шу билан бирга ганалик ҳавбек ҳам испанияга қайтишга қарши эмас.
Маълумот ўрнида, 31 ёшли ўйинчи бу мавсум “тўпчилар” сафида 26 та ўйинда иштирок этиб, 2 та гол ва 2 та голли узатмага муаллифлик қилишга улгурди. Унинг “канонирлар” билан шартномаси ёзда ўз ниҳоясига етади.
Фикрлар