SPORTS.uz Каталония жамоасининг еврокубокдаги иштирокидан келиб чиқиб, унинг муаммолари борасида фикр юритади. Aчинарлиси шундаки, "Барса" ўз уйида "Бавария" дарвозасига 90 дақиқа ичида бирорта аниқ зарба беришни уддалай олмади. Бунақаси, яқин 10 йил ичида биринчи маротаба кузатилмоқда. Жамоага нима бўлди?

Бускетс заҳирага олинди

Мессининг кетиши Каталония клуби учун бутун бир эранинг якунланганини англатган эди. Aчинарлиси шундаки, олтин даврнинг қадрига етмаганлар жазодан қутулиб қолди. Бартомеу сувдан қуруқ чиқибгина қолмай, каттагина пул ҳам ишлаб олди. Ҳозир у бошқачасига жамоани бошқариб бўлмас эди, деб бонг уриши мумкин, бироқ ҳаммасини биргина дадил қарор билан сақлаб қолиш мумкинлигига ишонасизми? "Манчестер Сити" Месси учун 250 миллион евро тўламоқчи бўлганида, "отни қамчилаб қолиш" кифоя эди. Президент бундан кўра, 550 миллион еврони Леонинг ҳисоб рақамига ўтказиб беришни афзал кўрди. Бу ҳам етмаганидек, бирин-кетин омадсиз трансферлар билан аҳволни янада оғирлаштириб юборди.

Бунинг ўрнига жамоага ёш ва иқтидорли футболчиларни жалб этиб, аллақачон янги жамоа қуриш мумкин эди. Бартомеу охиригача Мессини ушлаб қолишга тиришди. Нишонга тегмаган трансферлар натижа беравермагач, қарздорлик ортиб кетди.

Aчинарлиси, энди бирорта топ мураббий "Барселона" бошқарувини қўлга олмоқчи эмас. Нагельсман "Бавария" учун "Реал" ва "Барса"дан воз кечгани сўзимизга исбот бўла олади. Каталонияликлар Рональд Куман даражасидаги мутахассис билан қайта қуришни амалга оширишга мажбур. Ҳатто, Хави ҳам клубни ботқоқдан олиб чиқиб кетишга кўзи етмагани учун ўзини четга олди. Уни тушуниш мумкин. Янги трансферларга умуман пул йўқ. Aкадемия ва асосий жамоа ўртасидаги алоқалар йўқолиб қолган. Бундай оғир аҳволда клуб яна қанча сарсон бўлиши ҳозирча номаълум.

barca3

Куман кимсасиз оролдаги Робинзон!

Рональд гранд клубларга қарши учрашувларда ўз имзосини кўрсата олмаяпти. Ички биринчиликда йигитлар класс эвазига ғалаба қозонаётган эди. Лео кетгач, вазият янада оғирлашди. Энди "Барселона" нафақат ЕЧЛ, балки Ла Лигадагилар учун ҳам етиб бўлмас чўққи эмас.
Катта эҳтимол билан, мавсум авжига чиққан пайтда испан клублари "кўк-анорранглилар"ни анча қийнаб қўяди. Тер Штеген формада эмас. Марказий ҳимоядаги "коридор"ни беркитишга қодир футболчи таркибда йўқ.

Испан нашрларининг маълум қилишича, Aнсу Фатининг агенти - Жорже Мендеш аллақачон мижозига тезроқ бошқа жамоага кетиши кераклигини маслаҳат берган. Бундан кўриниб турибдики, "Барселона" аввалги мавқейини тўлиқ йўқотиб бўлди. Вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида клуб дарров афсонавий 10 - рақамни Фатига топширди. Кўрамиз, фақат номи қолган "Барселона" ўз юлдузини бу темпда яна қанча ушлаб қолар экан?!

barca2

Собиқ гвардия клубга зиён етказмоқда!

"Бавария" билан ўйиндан сўнг натижадан кўра xG берган маълумот кўпроқ ҳайрон қолдирди. Майдон эгалари Нойер дарвозасига жарима майдончаси ташқарисидан 90 дақиқада атиги 2 бор зарба йўллаган. Интенсивлик борасида "Барса" рақибидан 8 баробар орқада(2:10)!

Таркибдаги "қариялар" аллақачон постни топширадиган пайт келган. Бускетс, Aльба ва Пике учлиги "Барселона"нинг борган сари энг заиф нуқталарига айланиб бормоқда. "Бенфика" ва "Динамо" Киевни инерцияда енгиш мумкин, аммо бу муаммоларни бир муддатга яшириб туриш, холос. Биз билган, биз ўрганган қудратли "Барселона" ўтмишда қолгани аниқ.

Лео Месси билан 2:8 ҳисобда бой берилган ўйин ёдингиздами? Ўша учрашувда фақат ҳисобгина бизни ҳайрон қолдирган эди. "Камп Ноу"даги сўнгги баҳсда каталонияликларнинг кўрсатган ўйини хафа қилди. Натижа 3:0 бўлгани ўз йўлига. "Барса" шу қадар заиф футбол намойиш этдики, хатто Нойер бемалол Нагельсман билан стадиондаги ресторанда тамадди қилиши ҳам мумкин эди.
Яқин ўтмишнинг энг катта даромад қиладиган клубини бундай ночор аҳволда қолдириш осон эмас, бироқ Бартомеу буни уддалади. Энди, Лапорта ҳаммасини бошидан бошлашга мажбур. Унда бошқа вариант ҳам йўқ!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию