"Барселона" ҳал қилувчи баҳсда "қутурган" "Бавария"га қарши майдонга чиқади
Биз билган "Барселона" Европада ҳар қандай клуб билан баҳслаша олар ва қайси жамоа билан ўйнашидан қатъи назар, фаворит сифатида қараларди. Давр, вазият ва ижрочилар ўзгарди. Бу ўзгаришлар "кўк-анорранглилар"га салбий таъсир кўрсатди. Сўнгги 10-15 йилда клуб ўзининг энг юқори натижаларини кўрсатди. Улар ҳамма совринларни қўлга киритди ва кўҳна қитъа майдонларини забт этди. Аммо ҳозир-чи? Кўтарилиш қанчалик юқори бўлган бўлса, тушиш ҳам ундан қолишгани йўқ. Буни Месси кетгани билан боғлаймизми ёки бошқа сабаблар келтирамизми, фарқи йўқ. Клуб қийин аҳволда. Хави қабул қилиб олган жамоа Европа Чемпионлар лигаси сўнгги турида "Бавария"га қарши ўйин ўтказади. Ғалаба кейинги босқич йўлланмасини нақд қилади, мағлубият эса катта эҳтимол жамоани Европа лигасига тушириб юборади. Хуллас, интрига авжида.
"Бавария"
Мюнхенликлар айни вақтда Бундеслига етакчилари, Чемпионлар лигаси фаворитлари ва шунчаки тўхтатиб бўлмас жамоа ҳисобланади. Менимча, Нагельсманн қўл остида бу жамоа яна бир поғона кўтарилди. Бу клуб иштирокидаги ўйинларнинг 95 фоизида кўп голлар урилади. Одатда, фақат бир дарвозага, албатта. Айни дамда "Бавария" ЕЧЛ "E" гуруҳида 15 очко билан яққол пешқадам бўлиб турибди. "Барселона", "Бенфика" ва "Динамо" Киевнинг очколарини қўшиб ҳисобласа ҳам Мюнхен клубига ета олмайди. Чиндан ҳам "Бавария" бу уч клуб олдида ўта савлатли кўриниб қолди. Вазият бироз бошқача бўлиши кутилганди, аниқроғи Каталония клуби уларга рақобат уюштириши керак эди, аслида. Лекин айни дамда улар "Бенфика" билан курашишга мажбур. Хуллас, немис клубида ҳаммаси жойида. Улар истаса Хави шогирдларини бемалол таслим эта олади. Фақатгина қарши томоннинг кучли тайёргарлиги ёки мардонаворлиги вазиятни ўзгартириши мумкин. Бироқ шаҳсан мен "Бавария" бу ўйинни рақибга туҳфа этишига ишонмайман.
"Барселона"
Муаммоларга тўхталиш керак бўлса, жуда кўп ёзишга тўғри келади. Келинг, шунчаки, жамоанинг натижаларига эътибор қаратамиз. "Барселона" айни вақтда Европа чемпионлар лигасида ўз гуруҳида 2-ўринни банд этган. "Бенфика" "Динако" Киев устидан ғалаба қозонадиган бўлса, "Барса" "Альянц Арена"да немисларни таслим этишига тўғри келади. Уларда 7, Португалия клубида эса 5 очко мавжуд. Ўзаро ўйинлардаги устунлик ҳам "Бенфика" томонида. Ҳа, қийин ҳолат. Клубнинг ички чемпионатдаги натижалари ҳам ёмон. 17 турдан сўнг 23 очко ва турнир жадвалида 7-ўрин. Биз билган жамоага бунақаси ярашмайди. Бундан ташқари, сўнгги турда Хави бошчилигида "Барса" ўз майдонида "Бетис"га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Шундай бўлса-да, плей-офф учун курашса бўлади. Энг муҳими Каталония клубининг тақдири ўз қўлида. Лекин "Барселона" киевликлардан ҳам ғалаба кутади. Сабаби, улар иштирокидаги ўйинда икки тенг кучли жамоа майдонга чиқади. Бу факт.
Хави Эрнандес
- Биз курашишимиз ва кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қилишимиз лозим. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Плей-оффга чиқа олмасак, қолганини кейин муҳокама қиламиз.
- Эртага ҳужум қиламиз ва гол уришга интиламиз. Мен тоққа чиқишни мўъжиза, деб ҳисобламайман. Биз фақат курашишимиз керак.
- Бизнинг иштиёқимиз баланд. Рақибимиз ўта кучли, лекин бизда шижоат бор ва барчаси ўзимизга боғлиқлигини биламиз.
- "Барса"ни бошқа жамоалардан кам эмаслиги исботлаш учун ҳаракат қиламиз. Эртага бизга қарши "Бавария"нинг сўнгги йиллардаги энг яхши версияларидан бири бўлади, аммо биз ғалаба қозонишни истаймиз.
Юлиан Нагельсманн
- Биз биринчи ўринни кафолатлаган ҳолда, ушбу ўйинда иштирок этаётганимиздан хурсандмиз. Аммо бу учрашув жамоа учун аҳамиятли.
- Чемпионлар лигаси ўзига хос турнир. Биз доим қолган жамоаларга нисбатан адолатли бўлишни истаймиз. Эртага энг яхши таркиб билан ўйнаймиз.
- Хави ва унинг жамоаси биргаликда кўп машғулот ўтказмаган. Улар энди ҳимояланишади. Биз кўпроқ ҳужумлар уюштирамиз ва ҳимояда бўш ҳудудлар вужудга келади.
- "Барса"да ҳали жаҳон даражасидаги футболчилар бор. Жадвал уларга босим ўтказади ва ғалаба учун бор кучларини беришади. Гап уларни турнирдан чиқариб юборишда эмас. Биз фақат уч очко олишни истаймиз. Ишончим комил, улар чемпионликка даъво қилмоқда.
Тахминий таркиблар
Ўзаро ўйинлар сони: 13 та
"Бавария": 9 ғалаба
"Барселона": 2 ғалаба
Дуранг: 2 та
Тўплар нисбати: "Бавария" - "Барселона" 31:16
Худайқулов Карим тайёрлади
Фикрлар