“Барселона” либосидаги Мессининг Роналдуга қарши эҳтимолий сўнгги баҳси (превью)
УЕФА Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг сўнгги тури олдидамиз. Ҳа бизни 2 ойдан кўпроқ қийнаган тиғиз футбол тақвимининг интиҳоси яқиндек кўринмоқда. Аммо бошқа тарафдан бу энди қиш сўнгигача катта атмосферадаги ўйинларнинг камайишини англатади. Терма жамоа йиғинлари ҳам йўқ бўлган бир пайтда бизни миллий чемпионатлар зериктириб қўймаслигидан умид қиламиз, холос. Мавзуга қайтсак!
Ўз лигасида у қадар ишлари юришмаётган бу икки клубнинг ўзаро беллашувлари авваллари оддий ЕЧЛнинг катта ўйини сифатида ўтарди. Энди бу учрашув супер-тўқнашув мақомида. Сабаби, “дунёни иккига бўлувчи” футболчиларнинг ўзаро рақобатга кириши баҳс даражасини бир неча баробар ошириб юборди. Туринда уларнинг рўбарў келишига Криштианунинг коронавирусга чалиниб қолганлиги ҳалақит берганди. Баҳс сценарийси ҳақида ҳозирча сўз юритмай тура қолайлик. Ўйиндан кейин иккала клуб расмий “Твиттер” саҳифалари бир-бирини “чўқиб олди”. Бугунги ўйин интригаси шу жиҳатдан ҳам ошиб кетгани шубҳасиз.
Гуруҳдаги вазият ҳақида ҳам қисқача гапириб ўтсак. “Барселона” 5 та турдан сўнг, 15 очко тўплаб, пешқадамлик қилмоқда. Таъкидлаб ўтиш жоизки, ЕЧЛ жорий мавсумидаги ҳеч бир жамоа бундай натижа билан мақтана олмайди. “Ювентус” эса биттагина мағлубиятини айнан “кўк-анорранглилар”дан қабул қилиб олгани тушунарли бўлса керак. Андреа Пирло шогирдлари 12 очко тўплаб, плей-офф масаласини ҳал қилиб бўлди. Энди улар Каталонияга биринчи ўринни мезбонлардан тортиб олиш, ўз уйидаги мағлубият учун ўч олиш ва энг кучли етакчи қайси жамоа таркибида эканлигини аниқлаб олиш учун ташриф буюради.
“Барселона”
Рональд Куман ўзидан олдинги мураббийларнинг ҳолатини тушуниб боряпти, назаримда. “Кадис”га қарши учрашувда асосий таркиб билан ҳаракат қила туриб, мағлубиятга учрашни бошқача изоҳлаб бўлмайди. Боз устига, жорий мавсумдаги старт клуб антирекорди эканлиги ҳам айтилмоқда. Камида ҳар икки ўйиннинг биттасида очко йўқотиб келаётган жамоанинг дебютантдан енгилиши тасодиф эмас. 10 та ўйинда тўплаш мумкин бўлган очколарнинг ярмини ҳам жамғармаган “Барселона” энди олдинда бораётган асосий рақобатчиларига етиб олиши анчагина қийин кечади. Ҳа, олдинда ҳали кўп ўйинлар бор. Аммо рақобатчилар ҳам шундай қараб турмаслиги аниқ. Туринликлар синовидан ўтиб олгач, миллий биринчиликда уларга бирмунча осон рақиблар кетма-кет тарзда дуч келади.
Бугунги ўйиннинг асосий қаҳрамони сифатида Месси кўрилмоқда. Аммо жуда кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, Лео “Барселона”нинг умумий композициясидан ажралиб қоляпти.
“Барселона”да жароҳатлар билан боғлиқ бир қанча муаммолар бор. Бугунги муҳим баҳсда уларга Ансу Фати, Жерар Пике ва Серхио Роберто ёрдам бера олмайди. Дембеле ҳам ой охиригача сафдан чиққани маълум қилинмоқда. Қувонарли томони Рональд Араухо ҳимояда Ланглега ёрдамчи сифатида ўйнай олади. У бир нечта учрашувларни ўтказиб юборгани туфайли марказий ҳимояга “Ла Масия” тарбияланувчиси Мингеса қўйилаётган эди.
Тахминий таркиб: Тер Штеген, Дест, Араухо, Лангле, Альба, Пьянич, Де Йонг, Педри, Месси, Коутиньо, Гризманн.
“Ювентус”
А Серияда кетма-кет равишда чемпионликка эришиб келаётган “Ювентус” ваниҳоят, жорий мавсумда тахтни бўшатиши мумкин. “Кекса сеньора” эраси аввалида уларга эстафетани топширган “Милан” бугун ўзи улардан “ғалаба маёғи”ни олиб қўйишга яқинроқ турибди. Аммо туринликларнинг миллий чемпионатдаги ҳолати бугунги рақибиникига қараганда яхшироқ. “Барселона”дан уларнинг яна бир фарқи - А Сериядаги тақвимнинг декабрь ойида оғир келишида. Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, номдор рақиблар орасида ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ҳаракат қилаётган “Женоа” клуби ҳам бор. Бевосита “Милан” билан бўлиб ўтадиган тўқнашувда эса жуда кўп масалаларга ойдинлик киритилади.
Икки жамоа ўртасидаги учрашувлар тарихида “Барселона” Туриндаги ғалаба орқали олдинга чиқиб олди. Умумий 12 та баҳснинг 5 тасида мезбонлар, 4 тасида “кекса сеньора” зафар қучган. Яна 3 та беллашувда ғолиб номи аниқланмаган.
“Ювентус”даги жароҳатларнинг барчаси мудофаа чизиғи билан боғлиқ. Жоржио Кьеллини ва Жанлуижи Буффон каби эски авлод вакиллари жамоага ёрдам бера олмайди. Улар қаторига Мериҳ Демираль ҳам қўшилган. Ҳужум вакилларидан деярли ҳеч кимда соғлиқ билан боғлиқ муаммолар йўқлиги Андреа Пирлони қувонтираётган бўлиши аниқ. Сабаби, улар “Камп Ноу”дан фақат ва фақат ғалаба билан қайтсаларгина, ўзлари хоҳлаган натижани қўлга киритган бўладилар.
Тахминий таркиб: Шенсний, Куадрадо, Бонуччи, Де Лигт, Алекс Сандро, Кулусевски, Рабьо, Бентанкур, Кьеза, Мората, Роналду.
Мураббийлар
Рональд Куман: “Бизнинг ҳар бир ўйин учун бир хил мақсадимиз бўлади: яхши ўйин намойиш этиш ва ғалаба қозониш. Биз гуруҳни биринчи ўринда якунлашни истаймиз. 3 очколик тафовутга эгамиз. Бундан тўғри фойдаланишга уруниб кўрамиз. Биз Туринда 2:0 ҳисобидаги ғалабага эришгандик. Бу гуруҳда ғолиб бўлишимиз учун керакли қадам бўлди.
Роналду ва Мессининг 15 йил давомида олиб бораётган рақобати фантастик даражада! Улар мен учун тарихдаги энг кучли футболчилар. Иккиси турлича ҳарактерга эга. Аммо голлар уриш, хет-триклар ва титуллар ютиш учун бу ҳалақит бермайди. Сўзларим қайси биринингдир кучлироқ эканини таъкидлаш учун эмас. Иккаласининг ўйинидан ҳам роҳатланиш мумкин”.
Андреа Пирло: “Биз 3 та гол ура олишимизга ишонишимиз лозим. Бу қийин бўлиши аниқ, бизни ҳақиқий жанг кутиб турибди. Бироқ барчамиз шуни биламизки, учрашувни ўзгартириб юбориши мумкин бўлган вазиятларга эга бўламиз. Ютказадиган нарсамиз йўқ. Бошимизни баланд кўтариб, ўз ўйинимизни намойиш этишимиз мумкин. Бу каби ўйинлар бизнинг жамоа сифатида ўсишимизга ёрдам беради.
Буффонда ҳаммаси режа бўйича кетяпти. У тикланиш жараёнида. “Барселона”дек жамоада таркиб билан боғлиқ муаммолар борлигига ишонмайман”.
Хулоса ўрнида
Юқорида кўриб турганингиздек, “Барселона”нинг марказий ҳимоя зонасида етарлича камчиликлар бор. Ҳа, Араухо истеъдодли футболчи, уни яхшигина келажак кутиб тургандек туюлмоқда. Аммо гап ўз фаолияти чўққисида турган Роналду, Мората ва Дибала каби ҳужумчилар хусусида борар экан, 21 ёшли футболчининг бугунги ҳолати биринчи планга чиқади. Тан олиш лозимки, унда бу каби юқори типдаги ҳужумчиларни тўхтатиб қолиш тажрибаси мавжуд эмас. Ҳимоядаги шериги Лангленинг ўзи ҳам ҳали кўп нарсаларни ўрганишга муҳтож.
Ўнг қанот ҳимоясида яна бир ёш футболчи Сержиньо Дестни кўришга ўрганиб ҳам қолдик. Умуман, унинг ўйинини ёмон, деб бўлмайди. “Барселона” мухлисларини хурсанд қилиши мумкин бўлган томони шундаки, бутун мавсум ёмон ўйнашга аҳд қилган тақдирда ҳам, Месси Роналдуга қарши беллашувга бошқача кайфиятда тайёрланади.
“Ювентус” бош мураббийи ўз нутқини 3 та гол уриб, биринчи поғонага кўтарилиб олиш имкониятларини баҳолаш билан бошлади. Демак, улар Каталонияга тайёрланган режа билан ташриф буюришмоқда. Бу гал уларнинг арсеналида Роналду номли снайпер ҳам бор. Бу ўйин дам олиш кунингизни безаб бериши шубҳасиз.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар