"Барселона" "Реал"нинг ўлжасига кўз тика бошлади
Каталониянинг "Барселона" клуби "Бавария" билан шартномаси 2025 йилнинг ёзида якунига етадиган 23 ёшли чап қанот ҳимоячиси Альфонсо Дэвисни ўз таркибига қўшиб олиш учун барча чораларни кўрмоқчи. Бу ҳақда испаниялик журналист Фернандо Поло ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.
Манбага кўра, "Реал" мюнхенликлар ҳимоячиси билан бир неча ойдан буён музокаралар олиб бормоқда ва айнан "қироллик клуби" уни қўлга киритиш учун асосий даъвогар ҳисобланади. Бироқ томонлар ўртасида ҳали келишувга эришилмаган.
Олдинроқ футболчининг ўзи Мюнхен клуби билан шартномасини узайтирмаслик борасида якуний қарорга келгани ва "Реал"га ўтишга ижобий қараётгани хабар қилинганди. Унга Англия Премьер-лигаси клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Жорий мавсумда канадалик футболчи клуб сафида барча турнирларда саккизта ўйинда қатнашиб, битта голли узатмани амалга оширди. Трансфермаркт интернет порталига кўра, футболчининг тахминий нархи 50 миллион еврони ташкил қилади.
Фикрлар