“Барселона” ва Гальярдо?! Каталония жамоасини бошқарган 4 аргентиналик мураббий

Охирги пайтларда “Барселона” мураббийи алмашиши борасидаги миш-мишлар тинмаяпти. “Барселона” кўрсатаётган ўйин жуда фожиали бўлмаса-да, аммо ички чемпионатда “Атлетик”, “Гранада” ва “Леванте”га бой берилган имконият ҳолат яхши эмаслигини билдиради.

Чемпионлар лигасида ҳам 4 та ўйиннинг 2 тасида ғалаба қозонган бўлса, 2 тасида дурранг натижа қайд этди. Буларнинг ҳаммаси Эрнесто Вальверденинг зарарига ишлайди. Мураббий бундай натижалар учун истеъфога чиқарилиши мумкин. Охирги пайтда нашрлар аргентиналик мутахассис Марсело Гальярдо “Барса” мураббийи бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзяпти. Агар Гальярдо мураббий бўлса, жамоа тарихидаги 5-аргентиналик мураббийга айланади. “Барса” тарихида Гальярдодан олдин 4 та аргентиналик мутахассис ишлаган. Уларга тўхталиб ўтамиз.

Эленио Эррера

Эленио футбол тарихида ўз ўрнига эга бўлган мураббий ҳисобланади. Айнан у “катеначчо” тактик услуби муаллифи ҳисобланади. Айнан у “Барселона”ни бошқарган илк аргентиналик мураббий ҳисобланади. 1958-йилда Каталония жамоаси уни мураббий этиб тайинлади. Ўша йили “Реал” чампион бўлган бўлса, “Атлетико” иккинчи ва “Барселона” учинчи ўринни эгаллаган эди. Кейинги йил эса Эррера қўл остидаги жамоа олтин медални қўлга киритган. Иккинчи ўриндаги “Реал”дан 4 очко олдинлаб кетган эди.

1960-йил 30-июнда Эррера “Интер” таклифини қабул қилди ва “Барса”дан кетишга қарор қилди. Орадан анча вақт ўтиб, 1980-йилда яна “Барса”нинг мураббийлик постига қайтиб келди. Бу сафар 1 йил жамоада ишлаган мураббий ўтган галдагидек титул юта олмади. 71 ёшидагача мураббийлик қилган Эленио 1997-йил Италиянинг Венециясида вафот этган.

Роке Ольсен

Эррерадан кейин “Барселона”ни бошқарган аргентиналик мураббий – бу Роке Ольсен бўлди. Ольсен 1965-йил, Эррера Миланга кетганидан роппа-роса 5 йил ўтиб “Барса” мураббийи этиб тайинланди. Бу вақт оралиғида жамоа 8 та мураббий алмаштиришга улгурди. Аммо шу 8 та мураббий билан фақатгина Испания Кубогида ғалаба қозона олган. Бошқа соврин юта олмади жамоа.

Роке футболчилик фаолиятида ҳужумчи бўлган ва “Барса”нинг азалий рақиби “Реал” сафида 1950-1957 йиллар давомида тўп сурган. “Реал”да мураббий бўлиб ишламади, “Барса” мураббийлик пости ишониб топширилгач, 2 мавсум давомида жамоани бошқарди ва бронза ва кумуш медаллар билан чекланди.

1967-йилда Ольсен ва “Барса” муносабатлари дарз кетди. Аргентиналик мураббий “Сарагоса”га кетди, унинг ўрнига эса Сальвадор Артигас мураббий бўлди. У “Барса” билан 2 мавсум давомида Испания Кубогини юта олди, холос. Ольсен эса 1992-йилгача мураббийлик фаолиятини давом эттирди. Охирги жамоаси “Лас-Пальмас” бўлган ва жамоадан бетоблиги боис кетишга мажбур бўлган. 1992-йил Ольсен 66 ёшида онкологик касаллик туфайли вафот этди.

Сесар Луис Менотти

Эрреранинг иккинчи бор “Барса”дан кетишидан сўнг унинг ўрнига немис мураббийи Удо Латтек келди. Латтек жамоа билан Испания Кубоги, Испания Лига Кубоги ва Кубок эгалари Кубогини қўлга киритди. Немис мураббийидан сўнг Каталония жамоаси яна аргентиналик мураббий хизматига мурожаат қилди. Бу сафар Аргентинадан Сесар Луис Менотти олиб келинди.

Менотти Аргентина билан Жаҳон Чемпиони бўлган (1978-йил) эди. Аргентинада уни жудаям ҳурмат қилишарди. “Барса” мураббийи сифатидаги илк ўйинида ҳаммани ҳайратда қолдириб, бир вақтнинг ўзида 5 та ҳужумчини майдонга туширган эди. У ҳужумни яхши кўрадиган мураббий эди. “Барса”даги бир мавсумлик фаолияти давомида фақатгина Испания Кубоги билан чегараланди, холос. 1984-йил “Барса” мураббийлигидан кетди ва Жанубий Америкага қайтди. Кейинчалик яна 2 марта Европага қайтган мураббий “Атлетико”да (1987-1988) ва “Сампдория” (1997-йил июл-ноябр)да фаолият олиб броган.

Ҳозирда Менотти Аргентина футбол Ассотсиатсиясида директорлик лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Херардо Мартино

Меноттидан сўнг, 29 йил давомида аргентиналик мураббийлар хизматига қизиқиш билдирмади “Барса” раҳбарияти. Аммо 2013-йил ёзида Херардо Мартинони янги мураббий сифатида таништирди. Айтишларига қараганда, Мартинонинг “Барса”га келишида Мессининг роли катта эди, чунки Месси ва Херардо жуда яқин дўст бўлишган.

Лекин Мартино мураббийлик постида 1 йил ҳам ишламади. 2014-йил май ойида истеъфога чиқишга мажбур бўлди. 1 мавсум давомида Херардо қўл остида “Барселона” Испания Кубогида ғалаба қозона олди, холос. Ла Лигада 2-ўринни эгаллаган жамоа Чемпионлар Лигасида чорак финалда “Атлетико”дан учралган мағлубият эвазига ўз юришини тўхтатишга мажбур бўлганди.

“Барселона”дан кетгач Херардо Аргентина терма жамоасида 2 йил ишлади ва кейинчалик МЛСда “Атланта Юнайтед” мураббийлик постини эгаллади. Херардодан кейин “Барса”га Луис энрике мураббий сифатида олиб келинди. Энрике қўл остида “Барселона” 2 марта Испания чемпионлигини, 3 марта Испания Кубогини, бир марта Чемпионлар Лигасини, Испания суперкубоги, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлиги ва УЕФА суперкубогини қўлга киритди. Энрикедан сўнг Вальверде “Барса” мураббийи бўлди ва энди унинг ўрнига бошқа бир аргентиналик мураббий Марсело Гальярди хизматларига қизиқиш билдиряпти раҳбарият. Агарда Гальярди мураббий этиб тайинланса, у “Барса” тарихидаги 5-аргентиналик мураббийга айланади.