“Барселона”ни “Атлетико” тор-мор этди, ҳакамлар эса қарашиб юборди
Кечаги беллашувни энди совуқ мия билан таҳлил қилиш мумкин. Рости, бу баҳс “Рома”дан 3:0 ёки “Ливерпуль”дан 4:0’га ютқазган “Барса”нинг табиатини эслатиб юборди. Флик жамоаси одатда курашарди. Бироқ курашишга фақат “Атлетико” эмас, ҳакамлар ҳам халал берди.
Жумладан, Жулиано илк дақиқаларданоқ содир этган фоли, шунчаки, илк дақиқалардаги оддий эпизод сифатида баҳоланиб қолиб кетди. Ваҳоланки, бу ўйиннинг қайси вақтида содир этилишидан қатъи назар аниқ сариқли вазият эди.

Бальдега Жулиано томонидан ишлатилган иккинчи фол эса ҳар қанақасига юз фоиз қизили вазият эди. Бутсага эмас, оёқнинг ҳимояланмаган қисмига, тўп учун эмас оёққа ўйин, агрессия ўта юқори. Бир томондан Де Йонгнинг “класико”да Мбаппега ишлатган фолига ўхшашиб кетади.



Бундан ташқари, “Барселона”нинг ҳисобланмаган голи. Мен бу гол эди, ҳисобланиши керак эди, демайман. Наздимда, ҳакамлар голни тўғри бекор қилган. Бироқ ўша пауза “Барса”нинг оловини сўндирди, яъни иккинчи тайм аввалида важоҳат билан олдинга ташланаётган жамоа бундай узоқ паузадан сўнг энергияни қайта тўплай олмади. Тинимсиз сариққа ўтираётган “матрасчилар” ҳам хотиржамроқ ҳаракат қила бошлади ўша эпизоддан сўнг.
“Интер” билан сафардаги учрашувда ҳам “кўк-анорранглилар” 4 та бўлмаса-да, 2 та гол ўтказиб, танаффусга чиққанди. Иккинчи бўлим аввалидан ҳужумлар ёмғирини ёғдириб, 60-дақиқагача ҳисобни 2:2 кўринишига келтирган. Кеча эса 51-60-дақиқалар “Барса”ни ҳаддан зиёд асабийлаштирди. “Атлетико”га эса чиройли якунни тақдим этди. ВАР билан боғлиқ муаммолар Испанияда доим актуал. Техник нуқтаи-назардан клубларга, брендга мос бўлмаган тарзда ёндашувлар амалга оширишади бу ерда. Бир неча миллионлар тежалиши ортидан шаффофликка етарлича зарар келиб чиқади.
Одатда, ҳакамлар унча-мунча қўполликка кўз юмадиган лига бу - АПЛ. Курашишга қўйиб беришади кўпроқ. Бироқ сўнгги пайтларда бу лигада қизиллар кўпайиб кетди. Сабаби, оёққа кескин ташланиш аксар ҳолатларда қизил карточка сифатида баҳоланяпти ҳамда ВАР бундай эпизодларни кўздан қочирмаяпти. Хусусан, яқинда бўлиб ўтган МЮ -“Тоттенхэм” баҳсида Ромеро олган қизил карточка Жулиано-Бальде дуэлидаги илк эпизод билан ўхшаш. Тушунишингиз учун кечаги ўйинда ушбу вазият учун шунчаки фол берилди. Ҳаттоки, сариқ ҳам йўқ ҳамда мен юқорида бу вазият сариқ бўлиши керак эди дедим. Максимал муроса билан фикр юритяпман. Иккинчи эпизод эса футболни доимий кузатиб келувчи, қоидаларни тушунадиган шахсда савол туғдиради: Бу қанақасига қизил эмас?

“Атлетико” ноҳақ ғалаба қозондими? Заррача бундай демоқчи эмасман. “Атлетико” бўш ҳудудлардан жуда самарали фойдаланиб, ўз голларини урди. Рақибни ўз интенсивлиги ва ўйинга пухта режа кўргани билан шошириб қўйди. Шунчаки, “Барселона”нинг ўйини маҳорат ва кеча таъкидлаганимдек, “раққос” мисоли санъаткор футболчиларнинг класси устига қурилган. Уларга нисбатан бўлаётган агрессия етарлича жазоланмас экан, бу охир-оқибат санъат эгаларининг ўз маҳоратини кўрсатишига халал беради. Агар Жулиано билан бўлган эпизод етарлича баҳоланганда, “Барса” ғалаба қозонар эдими? Йўқ, ишонмайман. Бироқ ҳисоб бироз бошқачароқ бўлиб, жавоб ўйини олдидан имкониятини яхшилаб оларди.
Карим Худайқулов мақоласи
Фикрлар