“Бавария” - “Атлетико”: Превью

УЕФА Чемпионлар Лигасининг кеча якунланган баҳсларида нисбатан кутилган натижалар кузатилди. Марказий ўйинларда эса кичик устунликка эришишини тахмин қилган жамоаларимиз мағлубиятга учради. ПСЖ - “Манчестер Юнайтед” ўйинида мезбон жамоанинг ғалабаси тахмин қилинганди. Сабаби, манчестерликлар ўйинидаги муаммолар инглиз футбол мутасаддилари орасида катта танқидга учраётган ва натижалар ҳам ушбу салбий фикрларни исботлаб келаётган эди. Аммо муҳим ўйинда улар ўз сўзини айта олди. 

Яна бир марказий ўйин “Челси” ва “Севилья” жамоалари ўртасида кечди ва жамоалар том маънодаги нурсиз дурангга имзо чекди. 

Бугунги куннинг энг марказий ўйинидан ҳам кўп гол кута олмасак керак. Сабаби, қаршисида қандай рақиб турганига қарамай, “Атлетико” ўзини кўрсата олади. Симеоне жамоаси шу қадар ғалати одатларга эгаки, барчанинг наздида дунёнинг энг яхши клуби ҳисобланган жамоаларни доим енгиб келади. “Барселона”, “Бавария”, “Ливерпуль”га қарши Чемпионлар Лигаси плей-офф ўйинлари ҳали ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Шундай экан, мюнхенликлар ушбу ўйинда ўтган мавсумда эришилган требл ва важоҳатли ғалабалар серияларини унутиши зарур. 

Ek1aRuXWMAAg3wM

“Бавария”

Флик жамоаси мавсумни “Шальке” устидан 8:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлади ва кейинги турдаёқ “Хоффенхайм”дан 1:4 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олди. Кейинги турда Левандовскининг покери эвазига “Герта”ни аранг таслим этди. Бир неча кун аввал дебютант “Арминия” 4:1 ҳисобида мағлуб этилди. 

Эътибор бераётган бўлсангиз, “Бавария” сўнгги 3 ўйинда гол ўтказиб юбормоқда. Рақиблар Нойерни 3 та беллашувда 8 бор ранжитишга эришди. Ҳа, лигаларда мағлубиятлар, муваффақиятсиз ўйинлар бўлиб туради. Аммо немис клубининг ҳимоясидаги муаммолар ўтган мавсумда ҳам кўп маротаба гапирилди. Ҳужумчилар кўп гол уриши оқибатида бу нарса кўзга кўринмай кетди. 

Гнабрида коронавирус аниқлангани боис бугун қайдномада йўқ. Дуглас Коста унинг ўрнини тўлдира олади. Бироқ ҳали жамоага қайта мослашиш процессини бошидан кечираётган Коста Гнабри каби фаол ҳаракат қила олмаслиги мумкин. Аниқроғи, “Бавария”нинг умумий схемасидан тушиб қолган ўйинчини “Атлетико” ҳимоячилари бемалол ёпа олади. 

Тахминий таркиб: Нойер, Дэвис, Алаба, Зюле, Павар, Киммих, Горецка, Мюллер, Коста, Коман, Левандовски.

Иштирок эта олмайди: Гнабри, Сане, Тиллман.

Сўроқ остида: Жошуа Киммих.

EkxqNG7XIAgF1iv

“Атлетико”

“Матрасчилар” нисбатан текис футбол намойиш этмоқда. “Уэска” билан ўйиндаги 0:0 ҳисобидаги дурангни инобатга олмаса, барча натижалар тушунарли. Суарес ҳали футболга берадиган нарсалари бор эканини “Атлетико”да исботлай бошлади. Бугун Диего Коста жароҳати сабаб майдонга туша олмайди. Демак, мадридликларнинг янги ҳужумчиси ЕЧЛда илк бор ушбу жамоа учун ҳаракат қилади. 

Иккита катта йўқотиш мавжуд: Хименес ва Сауль. Уругвайлик ҳимоячининг хизматларига Симеоне жуда катта эҳтиёж сезаётган бўлиши табиий. Сауль ҳам қарши ҳужумларни ривожлантиришда беқиёс хизматлари билан ажралиб турарди. Жароҳатлар футболнинг бир қисми ва кўп йиллик тажрибаси орқали Симеоне ушбу ҳолатга оддий кўз билан қараши ва жароҳатланган футболчилар ўрнини тўлдиришга уруниши аниқ.

Тахминий таркиб: Облак, Триппьер, Савич, Фелипе, Эрмосо, Льоренте, Коке, Эррера, Карраско, Фелиш, Суарес.

Иштирок эта олмайди: Коста, Хименес, Врсалько, Сауль.

EkyvRJAXgAAR1ia

Мураббийлар

 

Ханс-Дитер Флик: “Чемпионлар Лигасида бўлиб ўтадиган ҳар бир учрашув ажойиб. “Атлетико”га қарши ўйин эса яна ҳам ажойиб. Симеоне “Атлетико”да 9 йилдан бери ишламоқда ва шу пайтгача жамоани мунтазам тарзда кучайтириб келди. Улар Европанинг энг яхши ҳимояга эга жамоаларидан бири ҳисобланади. Улар тўпсиз ҳаракат қилганда жуда тартибли ўйнайди. Мен айнан шунга эътибор қаратишга ҳаракат қилдим”.

image_2020-10-21_15-23-13

Диего Симеоне: “Биз қийин рақибга қарши кечадиган ўйин учун яхшигина тайёргарлик кўрдик. Уларга зарбалар бериш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Бизга бўш ҳудудлар керак, албатта. Аммо шу билан бирга “Бавария”га бундай имкониятлар тақдим этиб бермоқчи эмасмиз. Аввалги натижаларга қарамай, олдинга интилишда давом этиш керак. Улар амалдаги чемпион ва биз ҳам бу ерга ғалаба учун келганмиз”.

EkxZ5JmXIAYOwob

Хулоса ўрнида

Жамоалар бош мураббийларининг матбуот анжуманида билдирган фикрларига қараганда, улар вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда жиддий ўйинга тайёргарлик кўришмоқда. Ўзаро ўйинларда кичик устунлик мюнхенликларда. Аммо мураббийлар айтиб ўтганидек, ўтган натижалар тарихда қолиб улгурди. Жамоаларда ўзгаришлар бўлди. 

Фаворит масаласида барча тушуниб турган нарсани таъкидлашга мажбурмиз. “Бавария” ғалабага асосий даъвогар. Бугун мюнхенликлар Ер юзидаги исталган жамоага қарши ҳаракат қилса, доминант мақомида бўлади. “Атлетико” ҳам дунёнинг исталган жамоасининг ўйинини бузиб юборишга ва ҳар қандай фаворитларни ер тишлатишга қодир.

 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)