“Бавария” воз кечган форвардни “қарғалар” оладиган бўлди
Лондоннинг “Челси” клубига тегишли бўлган ва ижара асосида “Бавария”да ўйнаётган ҳужумчи Николас Жексон ёзги трансфер ойнасида клубини алмаштириши кутиляпти.
Бу ҳақда Talksport нашри хабар берди.
Аввалроқ “Бавария” сенегаллик форварднинг шартномасини сотиб олмаслиги маълум бўлганди. Жексоннинг ўйини ва кўрсатаётган натижалари мюнхенликларни қониқтирмади ва улар футболчини Лондонга қайтариб юборадиган бўлди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Николас Жексон атрофидаги вазиятни “Ньюкасл” клуби синчковлик билан кузатиб бормоқда ва унинг хизматларига қизиқиш билдиряпти.
Хабарларга кўра, “қарғалар” тез орада Англияга қайтадиган сенегаллик футболчига асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади.
Ушбу мавсумда 24 ёшли Жексон барча мусобақаларда 29 та ўйинда майдонга тушиб, 10 та гол урди ва 4 та голли узатма берди.
Унинг “Челси” билан амалдаги шартномаси 2033 йилгача мўлжалланган. Transfermarkt мутахассислари футболчини 40 миллион евро деб баҳоламоқда.

Фикрлар