Бахтиёр Ашурматов: “Бухоро” Суперлигадан чиқариб юборилади деган гап-сўзларни эшитгандим
Қуръадан аввал турли гап-сўзлар авж олганлиги рост. Аниқроғи, Суперлигада нечта клуб иштирок этиши, кимлар тушиб юборилиши ва кимлар қўшилиши юзасидан баҳс-мунозаралар содир бўлаётганди. Масалан, “Бухоро” жамоасининг ҳам мавжуд муаммолари сабабли Суперлигадан чиқариб юборилиши ҳақидаги хабарлар йўқ эмасди. Балки Ашурматовда ҳам бу масала бўйича ҳавотир бормиди? Бунга унинг ўзи аниқ жавоб қайтарди.
- Гапнинг очиғини айтсам, бу мавзу бўйича менда ҳавотир бор эди. Нимагаки, бизнинг камчиликларимиз етарли даражада эди. “Бухоро”ни қабул қилиб олаётган пайтимдаёқ мавжуд камчиликлардан хабарим бор эди. Бундай қийинчиликларга тайёр бўлган ҳолда жамоани қабул қилиб олгандим. Чунки вилоят ва жамоа раҳбарлари, шунингдек, бухоролик мухлислар менга катта ишонч билдиришди. Шу боис менга ишонч билдиришгани учун қийинчиликлар бўлишига қарамасдан бу жамоани иккиланмасдан қабул қилиб олдим. Тўғри, бизга осон бўлмайди. Қолаверса, “Бухоро”да муаммолар кўп эди. Лекин раҳбарият буларни бартараф этиш учун тиним билмаяпти. Яқинда Бухорога бориб, вилоят раҳбари билан учрашиб келдим. Стадионда катта кўламдаги ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўлдим. Шахсан вилоят ҳокими Ўктам Барноевнинг ўзи стадиондаги ишларни назорат қилиб бормоқда. Натижада ўйингоҳимизда ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Яна шуни ҳам қўшимча қилиб ўтишим мумкинки, “Бухоро”нинг ўтган йилги мавсумдан қарздорликлари бор эди. Ҳозирги кунга келиб деярли қарздорликлар масаласи ҳал этилди. “Бухоро” жамоасининг Суперлигада қатнашиши учун раҳбарият катта ҳажмдаги ишларни амалга оширмоқда. Академия масаласини ҳам ҳал қилишди. Айтмоқчиманки, Суперлигада қатнашишимизга тўсқинлик қилаётган барча муаммоларни вилоят раҳбарияти ҳал қила олди. Бухорода машғулотлар ўтказиш учун имкониятлар йўқлиги сабабли Тошкентда тайёргарлик кўришимизга шароитларни яратиб беришди. Натижада бир ойдан кўпроқ вақт давомида пойтахтда шуғуландик. Бунинг учун раҳбариятга олдиндан миннатдорчилик билдирган бўлардим. Тўғри, “Бухоро”нинг Суперлигадан чиқариб юборилади, деган гап-сўзлар бор эди. Мана, энди ҳаммаси узил-кесил ҳал бўлди ва мухлисларимиз ҳам енгил нафас олишяпти. Таркибимизга эса имкон қадар ўзимиз истаган ўйинчиларни қўшиб олишга ҳаракат қилдик. Айтайлик, “Сурхон” жамоаси Суперлигада иштирок этишини олдиндан билгандек, таркибини ажойиб ўйинчилар билан шакллантириб келди. Агар фамилиялар бўйича солиштирадиган бўлсак, ҳозирги пайтда “Сурхон” биздан кўра икки баробар кучлироқ бўлган футболчиларни тўплай олди. “Андижон”, “Навбаҳор” каби жамоалар ҳам яхши селекция ишларини олиб боришди. Аммо биз ҳам жимгина қараб турганимиз йўқ ва қўлимиздан келганича селекцияни давом эттиряпмиз. Масалан, Иван Нагаевни олдик. Саломат Қуттибоевни эса таркибимизда сақлаб қолдик. Агарда ушбу ўйинчиларни қўлга кирита олмаганимизда бизга янада қийин бўларди. Энди мана шу икки савияли футболчилар атрофида жамоани шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз. Раҳбарият эса ҳамма ишни максимал даражада бажаришга қўлидан келганича ҳаракат қиляпти.
Бахтиёр Ашурматов билан уюштирилган суҳбатнинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишиб олишингиз мумкин>>>
Фикрлар