Бахтиёр Ашурматов: "Мағлубиятга учраганимиздан кейин қайсидир сабабларни айтсам ярашмаса керак"

АГМК – “Қўқон-1912” (3:0) учрашувидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов мағлубият сабаби ҳақида гапирди.

- Ўйин қизил карточка олгунимизга қадар тенг курашлар остида ўтаётганди. Бизда вазият бўлди, афсуски, Жамшид Ҳасанов бирга-бир имкониятдан фойдалана олмади. Санжар Турсунов жуда чиройли гол урди. Тан олишимиз керак, футболчимиз майдондан четлатилганидан кейин АГМК катта устунлик билан ўйнади. Шу боис ғалабага эришди. АГМКни ғалаба билан табриклайман. Биз эса кейинги учрашувларга тайёргарлик кўрамиз.

- Мерзляков, Сиддиқов каби футболчиларнинг ўйнамагани жароҳат билан боғлиқми?

- Тўғри, жамоамиз етакчилари – Мурод Холмуҳаммедов, Александр Мерзляков ва Жавоҳир Сиддиқовда жароҳат бор эди. Шу сабабли уларнинг ёрдамларидан фойдалана олмадик. Аммо бу баҳона бўлмаслиги керак. Биз ютқаздик, АГМКни ҳақли ғалаба билан табриклашимиз керак. Ўйлайманки, кейинги ўйинларга юқоридаги ўйинчиларимиз тайёр бўлишади ва таркибимиз тўлиқ бўлади.

- Жамоада муаммо йўқми? Негадир ўйиндан ташқари вазиятда футболчиларни кайфияти йўқ деб эшитдик...

- Бўлиши мумкин. Буни жамоанинг ички сири деб ўйлайман. Гапнинг очиғи, мағлубиятга учраганимиздан сўнг, қайсидир сабабларни айтсам ярашмаса керак. Бу вазиятга тўхталишни хоҳламаган бўлардим.

- Учта ўзгаришга қўл урдингиз ва яна захира ўзгаришлари қолиб кетди. Захирадан ўйинчи туширадиган бошқа вариант кўрмадингизми?

- Биз йигитларга танаффусда 1:0 ҳисобини ушлаб, 15-20 дақиқа давомида эхтиёткор бўлиб ўйнашимиз, иккинчи голни ўтказиб юбормаслигимиз керак, кейин учта ҳимоячи бўлиб таваккал қилиб 20-25 дақиқа ҳужумкорроқ футбол намойиш этамиз деб таъкидлагандик. Афсуски, иккинчи голни ўтказиб юбордик. Қувондиқ Рўзиев ҳам жароҳат олгач, мажбурий ўзгаришга қўл урдик. Иккита ҳужумчи билан ўйнайдиган бўлсак ва марказдан Ойбек Рустамовни ўйиндан олсак, жуда катта таваккалга қўл урган бўлардик ва марказда бўшлиқ юзага келарди. Шу сабабли биз таваккалга қўл урмадик.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!