Бахтиёр Ашурматов "Қўқон-1912"нинг мағлубиятига қандай изоҳ берди?

Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичининг 3-турида "Қўқон-1912" "Металлург" майдонига сафар қилди. Унда меҳмонлар 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Беллашувдан сўнг, қўқонликлар бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: 

"Қўқонда иш бошлаганимдан бери “Металлург” жамоаси биз учун ноқулай рақиб бўлиб келмоқда. Афсуски, икки йилдан бери бу клубни юта олмаяпмиз. Бугунги учрашувда голгача устунлик билан ўйнадик. Ўтказиб юборилган гол бизга қимматга тушди. Натижада ҳужумга ўтишга мажбур эдик. Чунки дуранг ҳам бизни қониқтирмасди. Учта ҳужумчи билан ўйнай бошладик, жамоамизда бўш ҳудудлар пайдо бўлди ва бундан “Металлург” унумли фойдаланди. Тўғри, бугун хатолар бўлди. Кубок баҳсларидаги хатоларимиз “Янгиер” билан учрашувдан бошланди. Мураббий сифатида шу нарсага амин бўлдимки, битта ўйинни ўтказиб бўлмасдан туриб кейингиси ҳақида ўйламаслик керак. Таркибда ротация ҳам қилдик, бироқ бу ҳам ўзини оқламади. “Металлург” ўз майдонида яхши ўйин кўрсатади. Жасур Абдураимов бош мураббий бўлгач, жамоа ўйинида ижобий ўзгаришлар кузатилди. Шу сабабли бекободликларни ғалаба билан табриклайман", - деди Ашурматов. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!