Бахтиёр Ашурматов: Таркибни автобусда тузишга мажбур бўлдим

"Бугун биринчи учрашув бўлгани учун мураккаб ўйин бўлди. Очиғи таркиб танлашда қийинчиликларга учрадик. Боиси, жамоага жалб этилган футболчилар 3-4 кун қолганида келиб қўшилишган эди.

Бугун фаолиятимда илк бор таркибни автобусда келаётиб туздим. Боиси, Баенко ва Абдумўминовларга ҳали халқаро сертификат келмаган эди. Шунга қарамай, йигитлар яхши ўйин кўрсатишди ва бунинг учун уларга раҳмат айтаман.

АГМК – яхши шаклланган жамоа. Клуб тайёргарлик кўриш учун кўп вақтга эга бўлди. Халқаро ўйинларда иштирок этди. Шунинг учун бугун бизга анча оғир бўлди.

3-4 футболчини инобатга олмаса, Олмалиқда ўтган йилги таркибдан ҳеч ким қолмади. Ўтган йилги АГМК ва ҳозиргиси орасидаги фарқ жуда ҳам катта. 10 га яқин футболчи жамоани тарк этди ва янгилари таклиф этилди. Шунга қарамасдан, ўтган йили жамоа етакчиси бўлган Жасур Ҳасанов ҳозир ҳам яхши ўйин кўрсатмоқда.

Гапим сўнггида Бухородан келиб, мухлислик қилган ишқибозларимизга ташаккур изҳор этаман. Ўйин аввалида ҳам олмалиқлик мухлислар исмимни айтиб, қўллаб-қувватлашди ва бу менда ўзгача таассурот қолдирди", - деди Ашурматов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!