Бахтиёр Намозов пляж футболи бўйича ЖЧ финалини бошқарган илк осиёлик ҳакамга айланди

 

Шу йилнинг 27 апрель – 7 май кунлари Багам оролларида пляж футболи бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.

Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Бахтиёр Намозов мазкур турнирда бир қатор учрашувларни бошқариш билан бирга Таити ва Бразилия терма жамоалари ўртасидаги финал ўйинида ҳам бош ҳакам сифатида ишлади.

Финал баҳсида Бразилия 6:0 ҳисобида Таити устидан ғалаба қозониб, пляж футболи бўйича ўз тарихида 5 карра жаҳон чемпионига айланди.

Шу тариқа, Бахтиёр Намозов Осиё футбол конфедерацияси расмийлари орасида пляж футболи бўйича Жаҳон чемпионати финалида ишлаган илк ҳакамга айланди. Бундан ташқари, Намозов ушбу натижани қайд этган илк ўзбекистонлик сифатида тарихга кирди.

Финал учрашуви олдидан Бахтиёр Намозов қуйидаги фикрларни билдириб ўтганди.

“Мен бахтлиман. Ҳар бир ҳакам финал беллашувини бошқаришни орзу қилади. Мусобақа давомида барча ҳакамлар юқори савияда ишлади”, – деди ўзбекистонлик рефери.

Мазкур мусобақа давомида 43 ёшли ўзбекистонлик рефери гуруҳ баҳслари доирасида Польша – Бразилия (4:7), чорак финалда Бразилия – Португалия (4:3) учрашувида бош ҳакам сифатида ишлади. Бундан ташқари у гуруҳ босқичида Бразилия – Таити (4:1) ўйинида вақт назоратчиси бўлиб ишлаганди.

Маълумот учун,  Бахтиёр Намозов пляж футболи бўйича Уммон ва Япония термалари ўртасидаги 2015 йилги Осиё чемпионати финалини бошқарган. Шунингдек, у 2017 йилнинг 4–11 март кунлари Малайзиянинг Теренггану шаҳрида ўтказилган пляж футболи бўйича Осиё чемпионати учрашувларини ҳам бошқариб борган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!