Бахтиёр Қосимов: "Бенземани кўргач, катта орзуларимдан биттаси ушалди"

ОКМК клуби Карим Бензема тўп сураётган “Ал-Иттиҳод”ни Олмалиқда қабул қилди ҳамда бу учрашув барчада катта қизиқиш уйғотди. Бунинг асосий сабаби жаҳон юлдузи Бенземанинг Тошкентга келгани билан боғлиқ эди.

Ўйин ҳам шунга яраша бўлди. ОКМК футболчилари гарчи 1:2 ҳисобида ютқазганига қарамай, кучли рақибга қарши мардонавор курашишди.

Барча футболчилар майдонда борини бериб ўйнади. Ана шундай ўйинчилардан бири Бахтиёр Қосимов бир қатор саволларимизга жавоб берди.

- “Ал-Иттиҳод”га қарши ўйинда ОКМК стадиони Бензема, Фабиньо эффекти сабабидан тўлди. Стадиондаги атмосфера шундай кўриниш олишини сезганмидингиз? Ўйин борасида нималарни айта оласиз?

- “Ал-Иттиҳод”га ҳам ғалаба зарур эди, шу боис улар жанговар таркиби билан келишди. Бенземанинг келиши шов-шув уйғотди ва чипталарга талаб кучайди. Айтмоқчиманки, стадион ишқибозлар билан тўлиши аниқ эди. ОКМК стадиони биринчи марта мухлислар билан тўлди, назаримда. Раҳбарият, мураббийлар штаби Олмалиққа мана шундай юлдузларни олиб келинганига мамнунлар. Гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотганимизга қарамай, майдонга ғалаба учун тушгандик. Мухлисларни хурсанд қилиш учун ўйнадик. Вазифамиз айнан уларга ёқадиган футбол намойиш этиш эди. Ўйлайманки, шу нарса бўлди.

Бахтиёр Қосимов11

- Захирадан майдонга тушаётганингизда мураббий томонидан қандай кўрсатма олгандингиз?

- Мени ўйинни кучайтиришим учун туширди. Жамоадошим жароҳат олди. Ўйиндан аввал қандай кўрсатма берилган бўлса, шу бўйича вазифаларни олиб майдонга тушдим.

- Жаҳон юлдузи Бензема билан битта майдонда рақиб сифатида ўйнадингиз. Ўша пайтда хаёлингиздан нималар ўтди?

- Учрашувдан олдинги машғулотда уни кўриб туриб катта орзуларимдан биттаси ушалибди, дедим. Улар ҳам бизга ўхшаган оддий одам экан (кулади). Лекин уларни футболи бошқача экан. Жуда тез фикрлашади, қийин вазиятдан усталик билан чиқиб кетишади. Аммо ҳаяжон бўлмади.

Бахтиёр Қосимов10

- Бензема сизни ҳайрон қолдирдими?

- Ҳа. Телевизорда кўрганимдек. Ёнига тўп олиш учун борсак бир-икки тўпга тегиб, вазиятдан чиқиб кетяпти. Айтганимдек, тез қарор қабул қилишади, фикрлаши ўта тез. Тўп келишидан олдиноқ қарор қабул қилиб бўлишаркан.

- Учрашувдан кейин у билан футболка алмашиш ниятингиз амалга ошдими?

- Ўйиндан сўнг Фабиньо билан кўришиб, озгина гаплашдик. У билан расмга тушдик. Учрашувдаги бир вазиятда уни тепганим учун сариқ карточка олгандим. Фабиньо ўша ҳолатни эслаб қолган экан, беллашувдан кейин хазиллашиб гапирди.

Бахтиёр Қосимов8

- ОКМКга ОЧЛ гуруҳ босқичида нима етишмади?

- Жамоага тўлиқ таркиб етишмади, деб ўйлайман. Жароҳатлар кўп бўлди. Бу ёқда чемпионат ва Кубок ўйинлари ҳам бор эди ва барчасини тенг олиб кетиш қийин кечди. Мураббийимиз максимал даражада ҳаракат қилди. Лекин, аслида бу ҳам катта ютуқ. Ўзи айтганидек, бундай юлдузларни керак бўлса катта пулга ҳам олиб келиб бўлмайди. ОКМК гуруҳ босқичига плей-оффдан муваффақиятли ўтиб, ўзининг меҳнати билан чиқди. Гуруҳимиз чемпионлардан ташкил топган. Бу “ўлим” гуруҳи эди. Ироқ, Эрон ва Сауди Арабистонининг чемпион жамоалари йиғилган.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!