Байдарка ва каноэда эшкак эшиш. Самарқанд нуфузли мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда

20-25 октябрь кунлари Самарқандда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича катталар ўртасида Осиё кубоги, 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Осиё чемпионати, шунингдек, параканоэ бўйича китъа чемпионати бўлиб ўтади. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар бермоқда.

Айни пайтда Самарқанддаги махсус эшкак эшиш мажмуасида ушбу мусобақаларни ташкил этиш учун қизғин тайёргарлик ишлари кўрилмоқда. Мазкур спорт комплекси эшкак эшиш бўйича халқаро мусобақалар ўтказиш бўйича талаб ва меъёрларга тўлиқ жавоб беради. Шунга қарамай, Осиёнинг 15 мамлакатидан ташриф буюрадиган терма жамоа вакилларини муносиб кутиб олиш, мусобақалар вақтида уларга барча қулайликларни яратиш бўйича кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу мусобақаларда 127 нафар ўзбекистонлик спортчи иштирок этади. Жумладан, миллий терма жамоадан 50 нафар, ёшлар терма жамоасидан 65 нафар ва параканоэ жамоасидан 12 нафар спортчи беллашувларда қатнашади.

Халқаро спорт мусобақаларини дастлаб параканоэчилар бошлаб берадилар. Улар чемпионат доирасида 200 метр масофага куч синашадилар. Катталар ўртасидаги баҳсларда эса спортчилар 200-500-1000 метр масофаларга беллашадилар. Унда эркак спортчилар К-1, К-2, К-4, С-1, С-2, С-4 қайиқларида куч синашадилар. Аёллар ўртасида эса 200 ва 500 метр масофаларга юқорида санаб ўтилган қайиқларда баҳслар ташкил қилинади. 23 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги беллашувларда 200-500-1000 метр масофаларга К-1, К-2, К-4, С-1, С-2, С-4 қайиқларида муросасиз курашлар бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!