Бекободда яна испан дербиси. Бу сафар кимнинг тактикаси иш беради?

Мамлакат Coca Cola Кубогининг G гуруҳи 3-турида биз ўзбек футболидаги испан дербисига гувоҳ бўламиз.

Испаниялик мураббийлар бошқараётган Суперлига жамоалари – “Металлург” ва “Сурхон” бу йилги мавсум ҳисобидан иккинчи марта Бекобод шаҳрида тўқнаш келади. Чемпионат доирасиги ўйин ўта ноқулай об-ҳаво шароити – кучли шамол остида кечган ва жамоалар ўзларининг нималарга қодир эканликларини исботлай олишмаганди. Нурсиз дуранг билан интиҳо топган ўйиндан кейин ҳар иккала жамоа мураббийлари натижадан қониқмаганлигини қайд этганди.

испан дерби1

Бу сафар ўйинда қандай натижа қайд этилади? Идеал шароит ва идеал майдонда кимнинг тактикаси иш беради? Кейинги босқичга чиқиш учун ғалаба сув ва ҳаводек зарур бўлган “Металлург” ўз мухлислари қаршисида зафар қуча оладими? Бир оёғи билан плей-оффда турган “Сурхон” қандай йўл тутади? Шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш учун пайшанба оқшомини кутамиз.

“Металлург” – “Сурхон” учрашуви Рамазон ойида рўзадор мухлисларга қулайлик туғдириш мақсадида соат 18:25 да бошланади. Танаффус пайтида рўзадор мухлислар оғиз очишлари учун “Металлург” марказий стадиони маъмурияти зарур шароит қилиб қўйишни режалаштирган. Шунингдек, танаффус пайтида кириш чипталарига пул буюм лотереяси ўйналишини ҳам эслатиб ўтмоқчимиз, - дея хабар бермоқда “Металлург” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!