Бектемир Мелиқўзиев Арлен Лопесни нега мағлуб эта олмаган?

Бектемир Мелиқўзиев бу боксчи ортиқча таърифга мухтож эмас. Чунки, нафақат юртдошларимиз балки, бутун ҳаваскор бокс оламидагилар ҳамюртимиз ҳақида яхши билишади. Бу ёғига эса, океан ортида ҳам уни тез орада яхшилаб таниб олишларига ишончимиз комил. Сабаби, профессионал боксда дастлабки жангини ўтказган юртдошимиз илк уринишидаёқ рақибини нокаутга учратиб, профессионал боксда ўз тарихини ёзишни бошлади. Қолаверса, унинг салохиятига шубҳамиз йўқ. Ҳозирда, АҚШда машғулотлар олиб бораётган истеъдодли чармқўлқоп устамиз билан боғланиб, сухбат қурдик.

Sports.uz маълумотномаси
Бектемир Мелиқўзиев 1996 йил 8 апрелда Фарғона вилояти, Фурқат туманида таваллуд топган. Ҳар икки қўлида бир хил ҳаракат қила олади. Биринчи мураббийи, Маъруф Аҳмедов. Ўсмирлар ўртасида Олимпиада ва Жаҳон чемпиони. Катталар ўртасида Олимпиада ва Жаҳон чемпионати вице-чемпиони. Икки карра Осиё чемпиони. Профессионал боксда битта жанг ва нокаутли ғалаба.

 “BEK BULLY” нинг тарихи қандай эди?

- Бектемир аввало, профидаги дебют  ғалабангиз билан сайтимиз номидан муборакбод этамиз!

- Ассалому алайкум. Катта рахмат. Яратганга шукр, биринчи жангимда ҳам ғалаба қозондим. Қўллаб-қувватлаган юртдошларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

- Маълумки,  АҚШда Исроил Мадримов билан бирга машғулотларда иштирок этаяпсиз. Турар жойинглар ҳам бир жойдами яъни  бир хонада истиқомат қилаяпсизларми?

- Йўқ. Яна бир шеригим Санжар Турсунов билан хонадошман.

тим

- "BEK Bully" яъни “Дахшатли Бек” таърифи,  қандай пайдо бўлди?

-  Дастлаб, бу ерда мураббийлар томонидан менга нисбатан бироз ишончсизлик бор эди. Кейин машғулотлар жараёнидаги ҳаракатларимни кўриб, зарба кучимни хис қилгандан сўнг, мураббийлар жуда дахшатли зарбанг бор экан деб айтиб ўтишди. Қолаверса, Шаҳрам акам ҳам бу номни берилишига сабабчи бўлган.

- Одатда, Исроил Мадримов ва Муроджон Аҳмадалиевларнинг "Мир Бокса" билан шартномасида мураббий Тўлқин Қиличевнинг жангларга ташрифи борасида бандлар бор. Сизнинг шартномангизда  Маъруф Аҳмедов борасида ҳам борми бундай имконият?
-
Ҳозирча, бундай бандлар йўқ. Лекин энди келдим. Яхши ўрнашиб олиб, яна бир нечта жанг ўтказганимдан кейин, албатта мураббийим Маъруф акани ҳам жангларимда бевосита шу ерда бўлиши учун ҳаракат қиламан. Албатта, бундай ниятим бор.

photo_2018-03-05_21-22-06

Арлен Лопесни нега мағлубиятга учрата олмаганди?

-  Рио Олимпиадасидан сўнг, дадангиз билан кўришганимда, кумуш медаль олганингиздан кўнгли бироз тўлмагандек туюлганди?

- Тўғриси, менга билдирмаган. Хурсандчилик билан кутиб олган. Биз учун чемпионсан деб, қўллаб-қувватлаган.

-  Одатда, сиз учун кубалик Арлен Лопес жуда ноқулай рақиб бўлган. Нахотки, унинг жигарига бирорта кучли зарбангизни йўллай олмаган бўлсангиз? Ёки унинг зарба кўтариш қобилияти ҳам бор эдими?

-  Арлен Лопес ҳам жуда тажрибали боксчи эди. Албатта, ҳаракат қилганман. У ҳам мени жанг олиб боришимни етарлича ўрганган, қайси зарбаларни кучли йўллашимни билиб, имкон қадар ҳимояни мустаҳкам қилган эди. Қолаверса, зарба кўтара олиш қобиляти ҳам бор эди.

- Шахсан мен у билан очиқ жанг қилганингиз хато бўлганини тахмин қиламан. Чунки, кейинчалик Исроил  Мадримов ўзининг мустаҳкам ҳимояси ва қарши хужумдаги ҳаракати билан унга хеч қандай имконият қолдирмади. Фикримга қўшиласизми?

- Фикрингизга қўшиламан. У билан финаллардаги босим ҳам халақит берганди. Бироз шошқалоқлик ҳам қилганман. Албатта, ажойиб ҳимоя ва чалғитувчи зарбалар билан Исроил Мадримов уни мағлубиятга учратган. Бундан жуда хурсанд бўлганман.

пар

 Фазлиддин Мелибоевнинг сирини ошкор қилиб қўйдими?

- Орада сиз ҳақингизда жуда кўп гап-сўзлар бўлди. Яъни жиддий жароҳат олибди, умуртқа поғонасида касаллик бор экан деган, миш-мишлар қулоққа чалинди. Шукрки, яна сиз боксдасиз. Аслида, узоқ  танаффусга нима сабаб бўлганди?

- Дархақиқат, умуртқа поғонамдан жароҳат олгандим. Узоқ муддатли танаффусга шу сабаб бўлди. Чунки, бу вақт мобайнида даволандим. Яратганга шукр. Мана яна боксга қайтдим.

-  Фазлиддин Мелибоев адашмасам яқин дўстингиз, қариндошингиз  бўлади. Ҳозирда у 69 кг да фаолият юритяпти. Унинг Бобо-Усмон Ботуров ҳамда Иқболжон Холдоровлар билан рақобатдаги имконияти қандай деб ўйлайсиз?

- Шубҳасиз, Иқболжон Холдоров ва Бобо-Усмон Ботуровлар жуда кучли ва ўзига хос боксчилар. Улар билан кўп мусобақаларда бирга бўлганман. Уларнинг салохиятини яхши биламан. Лекин Фазлиддин Мелибоевнинг ҳам улардан қолишадиган жойи йўқ. Албатта, жиддий рақобат кўрсатишга қодир. Яна бир янгиликни айтиб қўймоқчиман. Фазлиддин ҳам яқин орада профессионал боксга қадам қўйиши кутилмоқда. Насиб қилса, Мелибоевни ҳам профи рингда кўришингларга оз муддат қолди.

бек

Бектемирнинг рекордини ким такрорлаганди?

-  Сиздан сўнг, ўсмирлар Олимпиадаси ҳамда ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини ютиб, рекордингизни такрорлаган боксчимизни биласизми?

-  Биламан албатта. Укамиз Абдумалик Халаков ушбу натижани қайд этган. Жуда истеъдодли, келажакда ажойиб натижаларни кўрсатишга қодир деб ўйлайман. Ҳар бир, ёш боксчиларимиз натижамни такрорлашини чин кўнгилдан истайман.

- Ҳаваскор боксда ҳам фаолиятингизни давом эттирасизми. Одинда жаҳон чемпионати, Олимпиада ўйинлари кутиб турибди?
- Ушбу йўналишда ҳам фаолиятимни давом эттираман. Насиб қилса, олдимизда турган Олимпиадада иштирок этиб, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан.

рит

- Козим Мардонов, Дилшод Рўзметов, Хуршид Абдуллаев... Нега санаганимни биласизми?

- Албатта. Вазн тоифамда кўзга кўринган боксчилар. Барчасига омад тилайман. Юксак натижалар қайд этишига тилакдошман.

- Биласизми, сизни яқиндан таниганлар, кўпроқ маълумотга эга бўлган инсонлар, бундай жисмоний холатингизни нимага йўйишади? Бектемир асли темирчилар авлодидан ота-бобосига тортган дейишади.

- Тўғри, буни бизни яқиндан таниганлар яхши билишади. Темирчи, ҳунармандлар авлодиданман. Бу хунар бизга авлоддан-авлодга ўтиб келган. Ўзига хос мерос ҳисобланади. Исмим ҳам бекорга Бектемир эмас.

имт

Рафаэль Надалга мухлислик қиладими?

Энди блиц саволлар билан мурожаат қиламан. Спортчилардан бирини танлашингиз керак бўлади...

- Майк Тайсон ёки Мухаммад Али?

- Майк Тайсон.

- Криштиану Роналду ёки Лионель Месси?

- Роналду.

- Хабиб Нурмагоммедов ёки Конор Макрегор?

- Албатта, Хабиб Нурмагоммедов.

-  Новак Жокович ёки Рожер Федерер?

- Тўғриси, Рафаэль Надаль ёқади. Майли, Жокович бўлақолсин.

- Мухаммад Салох ёки Неймар?
- Мухаммад Салох.

-  Флойд Мейвезер ёки Менни Пакьяо?

- Мейвезер.

-  Мария Шарапова ёки Эжени Бушар?

- Шарапова.

-  Шаҳрам Ғиёсов ёки Шоҳжахон Эргашев?

- Шаҳрам Ғиёсов

Интервьюнинг тўлиқ ҳамда видео тарзидаги вариантини тез кунда сайтимизнинг YouTube даги каналида томоша қилишингиз мумкин!

Аҳмадбек ЭШМАТОВ суҳбатлашди.

бб

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!