Бектемир Мелиқўзиев: "Спарринг рақибларни ҳар раундда алмаштиришга тўғри келмоқда"

  • 7 август, 2020, 20:35
  • 0
  • Бокс

Ҳозирги кунда профессионал бокс оламида бир қатор ҳамюртларимиз ажойиб натижаларни қайд этишмоқда. Айнан, уларнинг мағлубиятсиз одимлари ва чиройли жанглари туфайли, улар хориждаги етакчи спорт нашрларининг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқдалар. Исроил Мадримов, Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиев ҳақидаги қизиқарли мақолалар, интервьюлар хориж матбуотида ҳам чоп этилганди. Энди, яна бир маҳоратли боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев билан “Nyfights.com” сайти мухбири Aбрахам Гонсалес уюштирган суҳбат эълон қилинди. Қуйида, мазкур интервьюни таржимасини тақдим этамиз.

  Бокс олами дунёнинг турли бурчакларидан келган, бир кун келиб жаҳон чемпиони бўлишни орзу қилган кўплаб жангчиларни кашф этишда давом этмоқда. Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ўз вазнларида шов-шувга сабаб бўлаётган, кўп жанг ўтказмасдан туриб, нуфузли камарларни қўлга киритаётган, бир гуруҳ ўзбекистонлик жангчилар етишиб чиқмоқда. Мисол учун, Шоҳжаҳон Эргашев (18-0), WBA ва IBF чемпиони Муроджон Aҳмадалиев (8-0), Исроил Мадримов (5-0), Шаҳрам Ғиёсов (9-0), Бектемир Мелиқўзиев (5-0) каби боксчиларни айтиб ўтиш мумкин.  

Бугунги қаҳрамонимиз эса “Мир Бокса” ҳамда ““Golden Boy” промоутерлик компаниялари билан шартнома имзолаган ва профессионал бокснинг супер ўрта вазнида фаолиятини олиб бораётган Бектемир Мелиқўзиевдир. Бектемир атига 5 та жанг ўтказган бўлишига қарамасдан жанубий Калифорния штатида аллақачон эътирофга сазовор бўлиб улгурган. Унинг кучли зарбаси бор ва ҳозирданоқ жаҳонга у аслида ким эканини исботлашга тайёр деб ўйлаймиз. 28 август куни DAZN телеканали орқали трансляция қилинадиган жанг кечасида Бектемир Хорхе Линарес ва Хавиер Фортуна жанги андеркардида рингга кўтарилади. Aсосий жангга қизиқувчилар жуда кўп, лекин Бектемир Aлан Кампани (17-5) тўхтата оладими ёки йўқ, дея қизиқаётганлар ҳам етарлича топилади. "Bek Bully" тахаллусига эга Бектемир Мелиқўзиев, ўзининг машғулот лагеридан туриб, биз билан келажакдаги орзулари тўғрисида гаплашишга вақт ажратди.

бектемир 3

- Бектемир, жангга тайёргарлик кўраётган бўлишингизга қарамай ушбу интервьюга вақт ажратганингиз учун ташаккур. Сизни танимайдиганлар учун ким ва қаердан эканлигингиз ҳамда болалигингиз борасида бироз маълумот бера оласизми?

- Исмим Бектемир ва мен ўзбекистонликман. Оилам - отам, онам ва иккита акамдан иборат. Ота-онам ўқитувчи ва мен тўққиз ёшимда спорт билан шуғулланишни бошлаганман. Болалигимда доим жанжал ва муаммоларга аралашиб юрардим.

- Қандай қилиб боксга қизиқиш пайдо бўлди?

- Оиламиздаги 3 ўғилнинг кенжасиман. Ёшлигимда акаларим билан тортишиб қолардим ва доимо устун келардим. Отам ҳар доим ўғилларидан бири спортчи бўлишини хоҳларди. Болалик вақтимдаги одатий кўча жангларидаги маҳоратимни кўргач, отам аслида, каратэ бўйича мураббий бўлган дўстидан бокс бўйича шуғуллантиришни сўраганди. Ушбу мураббий билан боксга оид машғулотлар қилардим. Бироқ бу спорт турига унчалик қизиқмасдим. Орадан бироз вақт ўтиб, ўн ёшимда асл бокс билан шуғулланганман. " Bully " (безори) лақаби эса ёшлигимда ҳар доим жанжал ва муаммога сабаб бўлишимдан келиб чиққан.

- Сиз 2016 йилдаги Рио Олимпиадасида иштирок этдингиз. Бу шахсий ва профессионал тажрибага қандай тасир қилди?

- Улкан тажриба ва мактаб бўлди. Мазкур Олимпиададан аввал ҳам аллақачон тажрибали жангчига айланиб улгургандим. Адашмасам, 150-200 тадан иборат ҳаваскор жангларим давомида ёшлар ўртасида Олимпия чемпиони бўлганман, шу билан бирга икки марта ёшлар орасида “Осиёнинг энг яхши боксчиси” дея эътироф этилдим. Рио Олимпиадасида қатнашиб, жуда кўп тажриба орттирдим ва сабоқ олдим, дея оламан.

бектемир2

-Аксарият мухлис ва мутахассислар ажойиб ҳаваскор фаолиятингиз ва маҳоратингиз туфайли, тезроқ катта жангларда иштирок этишингиз учун потенциалингиз етади, деб ўйлашади. Бу борада қандай фикрдасиз?

- Ҳаваскор фаолиятим давомида кўп орқага кетиш ҳам бўлди. Айниқса, жароҳатлар панд берди. Яратганга шукур, сўнгги икки йил ичида ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Бу билан катта гапирмоқчи эмасману, аммо мен имкон борича тезроқ ўз вазнимда ҳоҳлаган чемпион билан жанг ўтказишни истамайман. Кейин эса битта юқори, ярим оғир вазнда ҳам тезроқ чемпионлик жангини хоҳлайман! Имкон қадар тезроқ камар учун жангларда иштирок этиш иштиёқидаман. Ўзимни тайёр ҳис қиляпман ва кучим, рингдаги ҳаракатлар умумийлиги ҳозирги чемпионлар даражасида деб ўйлайман. Фурсат пайдо бўлиши биланоқ, мен ҳар қандай чемпион билан жангга тайёрман ва лаббай дея рингга чиқаман!

-Ўтган йили сиз “Golden Boy” билан ҳамкорлик шартномасини имзоладингиз. Ушбу компания билан шартнома тузишингизга нима ундади ва улардан бошқалар ҳам сизга қизиқиш билдирганмиди?

-Ҳаммаси менежерларим билан шартномамдан бошланди. Кейин эса биз кўпгина промоутерлардан таклифлар қабул қилдик. Мен учун энг яхши вариант “Мир Бокса” бўлди. Чунки, улар билан шартнома қилган бошқа дўстларим ҳам бор эди. Шу билан биргаликда улар доимо, ўз жангчиларига ғамхўрлик қилади. “Golden Boy” билан шартнома имзолашга келсак, ёшлигимда унинг раҳбари Оскар Дела Хоянинг жангларини томоша қилганим ва «Канело» ни қай даражада "юлдуз"га айлантира олгани унга бўлган қизиқишимни оширган бўлса, шартноманинг молиявий томони ва шартлари бўйича бизга энг яхши таклифни берганликлари сабаб, уларнинг таклифини қабул қилдик. Қолаверса, шартномадан имкон борича қисқа вақт ичида чемпионлик жангини ташкил қилиш ҳам ўрин олганди.

- Жоэль Диасни ўзингизга мураббий сифатида танлашингиз борасидаги қарорингизга нима сабаб бўлганини мухлисларга очиқлай оласизми?

- Жавоб аниқ, улар дунёдаги энг яхши мураббийлардир. Менга Жоэль қатори унинг акаси Aнтонио ҳам мураббийлик қилишини кўп одамлар билишмайди.

Улар буюк мураббийлардир! Чунки, Жоэль дунё миқёсида машҳур бўлса, Aнтонио ўз вақтида ажойиб жангчи бўлган. Шахсан, улар билан яхши муносабатдаман ва уларнинг мексиканча услубдаги машғулотларидан жуда мамнунман. Улар ҳам агрессив жангчиларни ёқтирадилар, машғулотларда танага зарба берувчи машқларда улар жангчига босим қилиб яқинлашиб келаверишади ва бу нарса менга жуда ёқади. Мен танага зарба бериб ишлашни яхши кўраман. Бошқа мураббийлар билан ҳам машқ қилдим, аммо ҳеч кимни Жоэль ва Aнтониолар билан таққослай олмайман. Шунингдек, ўзим яшаб машғулот олиб борадиган Индио шаҳри ҳам ёқади. Сабаби, бу ер тинч ва сокин… Спортчини ортиқча чалғитадиган муҳит йўқ.

бектемир1

-28 август куни Aлан Кампага қарши Линарес-Фортуна жанги андеркардида рингга кўтариласиз, Кампа ҳақида нима дея оласиз? Қолаверса, пандемия ҳолати давом этаётган бир вақтда машғулотлар қандай кечмоқда ва томошабинлар бўлмайдиган кечада жанг қилиш бўйича қандай фикрдасиз?

-Пандемия вазиятидаги машғулотларнинг энг салбий томони шундаки, биз ташқаридан (АҚШдан бошқа жойлар назарда тутилмоқда) спарринг шерикларни олиб кела олмаймиз. Кўпроқ биз мексикалик спарринг ҳамкорларни олиб келардик. Чунки, улар бизга жиддий рақобат қила оладиган ягона ҳамкорлар эди. Бошқа спарринг шериклар эса кўпроқ раунд туриб бера олишмайди. Ҳозирда биз маҳаллий жангчилар билан ишламоқдамиз. Сифатли тайёргарлик кўришим яъни, рингда узоқроқ туриб бера олишлари учун уларни ҳар раундда алмаштиришга тўғри келмоқда. Спорт заллари ёпиқ ҳолатда, шунинг учун биз кичик бир жойда машғулот ўтказмоқдамиз.

Рақибга келсак, биз ҳозирги вақтда имкони бўлган энг яхши боксчини танладик. Кампа чидамли ва осон таслим бўлмайдиган жангчи. У яқинда “Golden Boy” нинг иккита мижози билан жанг қилди ва уларга жиддий қаршилик кўрсатди. Очиқроқ қилиб айтганда, улар менга узоқ раунд туриб бера оладиган жангчини танлашди. Мухлислар ташриф буюргани жуда яхши, чунки уларнинг кўз ўнгида жанг қилиш жуда қизиқарли, лекин қўлқопни кийиб рингга чиқишим заҳотиёқ бундай омиллар иккинчи даражали бўлиб қолади. Бу рақибимни DAZN орқали томоша қилаётган мухлисларим учун ҳам тўғри маънода яксон қилмоқчиман.

-28 август куни DAZN орқали жонли эфирда жангингизни томоша қилмоқчи бўлган мухлисларга айтмоқчи бўлган сўзларингиз борми? Шунингдек, мухлислар сизни қайси ижтимоий тармоқларда кузатиши мумкин?

-Аввало, менга беэътибор бўлмаганингиз учун катта раҳмат. Граcиас! Мен ҳоҳлаган нарса бу - бутун дунё бўйлаб мухлисларни ҳурсанд қилиш ва улар ҳоҳлаган жангни намойиш этишдир.

Мени Твиттерда @BMelikuziev ёки Инстаграмда @bektemirmelikuziev манзилида кузатишлари мумкин бўлади.

Бектемир ҳаваскор йўналишда улкан тажрибага эга бўлган ва профессионал боксда жаҳон чемпионлик камарига 15, 20 та жанглар орқали етиб борувчи, бошқа жангчилардан фарқли равишда тезроқ кўтарилиш имкониятига эга бўлган боксчидир. Унинг рақиби ҳақида эса бардошли ва сўнги икки жангида жуда кучли боксчилар билан узоқроқ раундларга қадар, бора олганлигини айтишимиз мумкин. Бектемир ва унинг қаттиқ қўллари Кампани мағлуб этишга қодирми ёки рақиби уни чарчатиб, масалани ҳакамлар қарори ҳал қилишигача олиб борадими? Бу саволларга жавоб топишнинг ягона йўли 28 август куни DAZN орқали трансляция қилинадиган жанг оқшомини томоша қилишдир!

Жалол Аҳмедов таржимаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!