Бердиев: "Кўпроқ гол уришимиз керак эди, буни уддаладик, лекин..."
Охирги пайтларда натижаларини яхшилаб бораётган “Андижон” гол уришда ҳам самарадорлик намойиш қиляпти. Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичи доирасида Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида биринчи лига вакили – “Олимпия”ни қабул қилган “Бургутлар” рақиб дарвозасига жавобсиз 6 та гол урди. Аммо нариги жуфтликда “Навбаҳор” сафарда “Олимпик”га ютқазиб қўйгани эвазига андижонликлар гуруҳда қолиб кетди.
“Олимпия”га қарши баҳсда захирадан майдонга тушиб гол урган Суҳроб Бердиев Sports.uz cайтига интервью берди.
- Суҳроб, “Андижон”нинг “Олимпия”га қарши ўйини хусусида нима деган бўлардингиз?
- Бу ўйинда кўпроқ гол уришимиз керак эди. Буни уддаладик. Лекин кўп нарса “Олимпик” – “Навбаҳор” учрашувига боғлиқ эди.
- Захирадан майдонга тушган уч нафар футболчи гол урди. Ўйинга қўшилаётганингизда кўрсатма шундай эдими? Қолаверса, 6:0 ҳисобидаги ғалаба қанчалик татиди?
- Захирадан майдонга тушганда ҳам мақсадимиз гол уриш ва жамоага ёрдам бериш. Учрашув пайтида “Олимпик” – “Навбаҳор” ўртасидаги натижа нима бўлаётганини билмасдик. Биз асосий эътиборимизни ўз ўйинимизга қаратиб, кўпроқ голлар уришни мақсад қилгандик. Учрашувдан кейин эшитсак, “Олимпик” ғалаба қозонган экан. Тўғриси, 6:0 ҳам унчалик татимади, чунки гуруҳдан чиқолмадик.
- “Олимпия” тўғрисида фикрингиз қандай? Сиз кутган даражада ўйин кўрсатдими?
- Рақиб яхши жамоа. Иқтидорли ёшлардан ташкил этилган. Ҳаммаси ҳаракат қилишди, истиқболи бор. Рақибда учинчи ўйин бўлгани ва мотивиция етарлича эмаслиги учун кутилган даражани кўрсатишмади, деб ўйлайман. Биринчи ёки иккинчи тур бўлганида бундан ҳам қаттиқроқ қаршилик кўрсатишарди, менимча.
- “Андижон”да гол уриш масаласида самарадорлик ошиб боряпти. Бу асосан нима билан боғлиқ: голга чанқоқликми ёки мураббийнинг кўрсатмасими?
- Мавсум бошида ҳамма бир-бирини тушуниб олиши, тактикага мослашиш жараёнини енгиб ўтгунча қийин бўлаётганди. Мана, энди аста-секин барча йигитлар тўлиқ тушунишяпти ва спорт формасига эга бўлишяпти. Ўйинлар чоғида ҳужумлар кўпаймоқда ва шунга яраша голлар ҳам. Менимча, барча футболчи ўзининг формасига кириб оляпти, деб ўйлайман. Шу сабабли ҳам голлар кўпайиб бормоқда.
- Жамоа чемпионатда 7-ўринга чиқиб олди. Ушбу натижадан қониқяпсизми?
- Ҳа, биз янада тепароққа ҳаракат қиламиз. Биз бундан ҳам кўпроиға курашамиз, бу аниқ.
- Ҳозиргача сиз учун энг ёқимли ўйин қайси бўлди?
- “Металлург” билан учрашувда барча йигитларда ҳамма нарса ўхшади.
Фикрлар