"Берилган имкониятдан фойдалана олмадим" - Валижон Раҳимов "Андижон"даги фаолияти ва кейинги режаси ҳақида

CHERY AUTO

“Андижон” таркибида ёзги селекцияда ўзгаришлар кузатилмоқда. Янги келаётган ўйинчилардан ташқари, клуб билан хайрлашаётганлар ҳам йўқ эмас. Куни кеча дарвозабон Валижон Раҳимов билан шартнома бекор қилинди ва томонлар дўстона равишда хайрлашишди.

Tecno

Чемпионат бошида қўшилган дарвозабоннинг “Бургутлар” таркибидаги иштироки кўнгилдагидек чиқмагани рост. Шу сабабли ҳар икки томон вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда хайрлашишга қарор қилдилар.

- Валижон, "Андижон" билан хайрлашдингиз. Жамоадаги фаолиятингиз ярим йилдан кейин якунланишини кутмагандингизми? У ердаги иштирокингизни қандай баҳолайсиз?

- Авваламбор, “Андижон” жамоасининг ҳақиқий жонкуяр мухлисларига катта раҳмат айтмоқчиман. Албатта, жамоа билан мавсум ярмида хайрлашиш нияти йўқ эди. Аммо насиб шундай ёзилган экан. Чунки жамоада ўз ўйинимни топа олмадим. Берилган имкониятдан фойдалана олмадим. Қисқа қилиб айтганда, ўзимни кўрсата олмадим.

- Албатта, жамоанинг ва мухлисларнинг сиздан умиди катта эди. Нега ўзимни кўрсата олмадим, деб ўйлайсиз?

- Жамоанинг ашаддий ишқибозларидан миннатдорман. Улар орасида жуда кўпчилиги қийин пайтда қўллаб-қувватлашди. Керак пайтда ёнимизда туришди. Мен буни ич-ичимдан ҳис қилдим. Шунинг учун уларга катта раҳмат айтаман. Нега ўзимни кўрсата олмаганимни ўзим ҳам ҳалигача тушуниб етмадим. Аммо шуни тушундимки, янада кўпроқ меҳнат қилиш ва астойдил тер тўкиш керак. Шу ўринда, “Андижон” жамоасидаги барчага, шу жумладан раҳбарият, мураббийлар, футболчилар, мухлислар ва клуб ходимларига раҳмат айтаман ва уларга иккинчи даврада ҳамда Осиё Чемпионлар лигасида омад тилайман.

- Кейинги режангиз қандай ва таклифлар борасида музокаралар олиб бориляптими?

- Ҳа, музокаралар кетяпти. Ҳозирда кўпроқ ўйин амалиёти муҳим. Мавсумнинг иккинчи ярмини муносиб равишда юқори формада ўтказишга бел боғлаганман. Балки легионерга айланишим ҳам мумкин. Четдан ҳам таклифлар бор.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!