Беш юздан ортиқ болага Эрлинг Холанднинг номи берилди
Перулик ота-оналар 2026 йилги жаҳон чемпионати давомида Норвегия терма жамоаси ҳужумчиси Эрлинг Холанд шарафига беш юздан ортиқ болага унинг исмини қўйишди. Бу ҳақда RFI хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Холанднинг мундиалдаги ўйинлари унинг Перудаги оммавий машҳурлиги кескин ошишига сабаб бўлган. Ҳозирга қадар 468 болага Холанд, яна 91 янги туғилган чақалоққа тўлиқ Эрлинг Холанд, деб ном қўйилган. Айни пайтда бундай исмлар рўйхатдан ўтказилиши Норвегия – Бразилия учрашувидан (2:1) сўнг кескин кўпайгани қайд этилмоқда. Ушбу ўйинда скандинавиялик ҳужумчи икки гол урган эди.
Футбол юлдузлари шарафига исм қўйиш Перуда оммавий ҳодисага айланган. Мамлакатда 3402 киши Месси исмини олиб юради, улардан 292 нафарида тўлиқ исм — Лионель Месси қайд этилган. Шунингдек, 1185 киши Криштиану Роналду номини, 1241 киши Ламин Ямал шарафига қўйилган исмни, 33809 киши эса Неймар исмини олиб юргани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан бошлаб АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудида ўтказилмоқда. Мусобақанинг финал баҳси 19 июл куни АҚШнинг Ист-Ратерфорд шаҳрида бўлиб ўтади. Амалдаги жаҳон чемпиони сифатида Аргентина терма жамоаси майдонга тушмоқда.

Фикрлар