Бир кунда иккита ўйин. Бирида "Спартак"нинг собиқ футболчиси, кейингиси Каха Каладзени тарбиялаган клуб ёхуд "Андижон"нинг рақиблари ҳақида нималарни биламиз?
“Андижон” жамоаси Анталияда давом этаётган ўқув-машғулот йиғини мобайнида навбатдаги ўртоқлик учрашувларини ўтказади.
Бу сафар 12 февраль кунига иккита ўйин режалаштирилган. Дастлаб маҳаллий вақт билан соат 11:00 да Россиянинг “Велес” жамоасига қарши беллашув бошланади. Кечки маҳал соат 17:00 да Грузиянинг “Самтердиа” клуби “Андижон”нинг спарринг-рақибига айланади.
Рақиблар ҳақида таништирадиган бўлсак, дастлабкиси Москванинг “Велес” жамоаси Россия биринчи дивизион қатнашчиси саналади. 18 та жамоа орасида 14-ўринни эгаллаб турибди.
Уй ўйинларини “Авангард” номли стадионда ўтказади. Ўз бағрига 5500 томошабинни сиғдиради. Бу жамоага маҳаллий мутахассис Артём Анатольевич Куликов бош мураббийлик қиляпти. У 31 январь куни 43 ёшини қаршилади. Бунга қадар Куликов Россиянинг бошқа клублари – “Сатурн”, “Ротор”, “Краснодар-2” сингари клубларида фаолият кўрсатган.
Мухлислар учун яна бир маълумотни айтиб ўтмоқчимиз, “Велес” клуби сардори тажрибали Евгений Макеев. 34 ёшли ўйинчини зукко ишқибозларимиз “Спартак”даги ўйинлари орқали яхши эслаб қолишган бўлса ажаб эмас. “Қизил-оқлар” сафида Европа Чемпионлар лигасида ҳам тўп сурган. Макеев 2021 йили Бекободнинг “Металлург” клубига таклиф қилинган ва Ўзбекистон чемпионатида ҳам фаолият олиб борган. Бироқ Макеевнинг бекободликлар таркибидаги иштироки узоққа чўзилмаган. У фақатгина 4 та учрашувда майдонга тушган ва 1 бор сариқ карточка билан сийланган. Кейинчалик ортга қайтган ва шундан бери “Велес” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Ушбу клуб Анталиядаги йиғини давомида кимларга қарши ўйинлар ўтказди, деган савол туғилиши ҳам табиий. Биздаги маълумотларга қараганда, “Велес” 4 та ўйинда қатнашди. “Химки”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. “Волгар”га худди шу ҳисобда енгилди. Ўзимизнинг “Бунёдкор” клуби билан бўлиб ўтган учрашувда “Велес” 0:1 натижасида мағлубиятга учради. Охирги ўйинини Москванинг бошқа бир жамоаси - “Чертаново”га қарши ўтказиб 4:0 ҳисобида рақибини тор-мор келтирди.
"Андижон"нинг кейинги рақиби – “Самтредиа” клубига тўхталадиган бўлсак, Грузиянинг “Эровнули” лигасида иштирокини бошлайди. Бу худди ўзимизни Суперлига каби. 2022 йилнинг 11 декабрь куни плей-оффда “Сиони” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, кучлилар орасига қайтди. Уларда бу йилги чемпионат 25 февралда старт олади. Шу куни “Андижон”нинг бўлажак рақиби ўз уйида “Телави”ни қабул қилади. Дарвоқе, “Самтредиа” рақибларини “Эроси Мангаладзе” номли стадионда қабул қилади. Бу 15 минг ишқибозга мўлжалланган.
“Самтредиа”ни маҳаллий мутахассис Гиорги Шашиашвили бошқариб келмоқда. 43 ёшли мутахассис 2022 йилнинг 1 январидан бош мураббий лавозимига киришган. Мураббийлик фаолияти мобайнида Грузияда “Шукура” ҳамда “Дила” клубларида ишлаган. Унинг “Самтредиа” билан шартномаси шу йилнинг 31 декабргача амал қилади.
Дарвоқе, Грузия футболи юлдузларидан бири – Каха Каладзе катта футболга айнан “Самтредиа” жамоаси орқали кириб келган. Яъни, у ушбу клуб тарбияланувчиси сифатида манбаларда қайд этилган.
6 февралдан Анталиядаги йиғинга киришган “Самтредиа” илк ўртоқлик учрашувини Тошкентнинг “Локомотив” клубига қарши ўтказиб, ўз дарвозасидан 2 та гол ўтказиб юборди ва бунга грузияликлар жавоб қайтара олмадилар. Иккинчи назорат учрашуви эса “Андижон”га қарши бўлиб ўтади.
Фикрлар