"Бир нечта дунё миқёсида яхши танилган ўзбек футболчилари бор" - Оскар
Sports.uz cиз азиз ўқувчилар учун хорижлик мутахассислар билан эксклюзив суҳбатларни ҳавола этишда давом этади. Бу сафар испаниялик мутахассис Оскар Брузон бизнинг “меҳмонимиз”.
46 ёшли мураббий Испаниянинг Виго шаҳридан. Ўз вақтида “Сельта”, “Мальорка” сингари клубларда фаолият олиб борган. Кейинчалик тақдир уни Осиё томонларга етаклади. Жумладан, “Мумбай Сити”, “Нью Радиант” каби жамоаларда ишлади. Охирги 5 йилдан бери Бангладешнинг биринчи рақамли клуби – “Башухандра Кингз” жамоасини бошқариб келмоқда.
Оскар Брузон Бангладеш футболини ривожлантириш йўлида ўз тажрибаси билан ўртоқлашмоқда. Ҳозирда унинг жамоасида ҳамюртларимиз Асрор Ғофуров билан Бобур Йўлдошев тўп суришмоқда.
- Жаноб Брузон, жамоангизда икки нафар ўзбекистонлик футболчи тўп суряпти. Улар сизнинг ишончингизни қанчалик оқламоқдалар?
- Асрор Ғофуров ва Бобур Йўлдошев – булар “Башухандра” клубида тўп сураётган ўзбек футболчиларимиз. Иккаласи ҳам биз хоҳлаган даражада ўйин кўрсатишяпти. Улардан кутаётганимиз шунчаки, жисмоний куч, тўғри фикрлаш, тажриба. Бизнинг ишчан муҳитимизда позитив тарзда ўзларини кўрсата олишларини хоҳлаяпмиз ва ғоямиз мана шундай.
- Янги мавсумда ҳам Ғофуров ҳамда Йўлдошев билан ҳамкорликни давом эттириш режаси борми?
- Ҳар иккала футболчи ҳам ушбу мавсум тўлиқ жамоада ўйнаш учун шартномага эгалар. Бангладешда чемпионат эндигина бошланди. Бу ўзига хос пардани очиб берувчи чемпионат. Мустақиллик Кубоги ва биз чемпионликни ҳам ҳимоя қиляпмиз. Финалгача чиқишга ҳаракат қиламиз, буни мақсад қилганмиз. 15 декабрда Кубокни яна ўзимизники қилиб олишни хоҳлаймиз.
- Яна қайси футболчиларимиз билан бирга ишлашни истайсиз?
- Бир нечта дунё миқёсида яхши танилган ўзбек футболчилари бор, буни биламан. Мисол учун, Шомуродов, Шукуров, Машарипов. Ўз жамоамиз учун таҳлил қиламиз, кузатиб борамиз. Осиёлик футболчиларни жалб қилишга ҳаракат қиламиз. Имкон қадар кўпроқ ҳимоячилар ёки ҳимоявий ярим ҳимоячиларни таркибга қўшишга интиламиз. Чунки бу позициялар жуда ҳам муҳим. ОФК ва Бангладеш футбол федерацияси томонидан қўйилган лимитлардан четга чиқиб кетмаслигимиз керак. Шу боис кўпинча ҳимоявий ўйинчилар билан ушбу лимитларни тўлдиришга ҳаракат қиламиз.
- Қўл остингиздаги клуб Бангладеш чемпиони бўлган ва ОФК Кубогида иштирок этмоқда. У ерда мураббий сифатидаги режаларингиз амалга ошяпти, шундайми?
- Бизнинг клубимиз профессионал фаолиятини 2018 йилда бошлади. Шундан сўнг биз барча маҳаллий мусобақаларни ютиб келяпмиз. Бунинг ичида кетма-кет 4 марта Бангладеш премьер-лигаси чемпионлиги ҳам бор. Сўнгги уч марта ОФК Кубогида қатнашганимизда афсуски, финал босқичига йўл ололмадик. Бу кичик тўсиқлар ва бир нечта голлар етишмовчилиги билан содир бўлганди. Ҳозирги кундаги миссиямиз – президентимиз жаноб Эмрул Ҳасан бизга маълум қилганидек, ва бутун дунёга кўрсатаётганидек, кучли жамоа сифатида чегаларимиздан ташқарига чиқишни ҳам хоҳлаймиз. Президент ушбу ғояларни амалга татбиқ этишда хизмат қилувчи тўғри қадамларни қўйяпти. Биз ушбу янги мақсадларга ўрта муддатда етиб борсак керак, деб ўйлайман.
- Ўзбек футболи деганда биринчи навбатда хаёлингизга нима келади?
- Ўзбекистон футболи қай даражада яхши ривожланииш ва тез кўтарилиши мумкинлигига ҳақиқий намуна бўла олади. Масалан, уларнинг ривожланиши Марказий Осиёдаги энг тез ҳамда барқарори ҳисобланади. Бундан ташқари, Жанубий Осиёда ҳам Ўзбекистон даражасида футболи яхши ривожланаётган инфратузилмасини топиш жуда қийин. Ёш таснифида ажойиб платформа йўлга қўйилган. Жуда рақобатбардош лига. Бундай мисоллар Ўзбекистоннинг Осиёдаги ўрнини йилдан-йилга кўтарилишида катта ўрин тутмоқда. Менинг назаримда, ўзбек футболчилари ўз позицияларида жисмоний ва ментал томонидан энг кучлилари ҳисобланишади. Ўзига хос ижобий ҳислатлари жуда ҳам кўп.
- Сизда юртимизда ишлаш имконияти бўлганми?
- Мен фахр билан айта оламанки, “Башухандра Кингз” жамоасида ўз лойиҳасини бошлаган 2018 йилдан бери ишлаб келаман. Маҳаллий майдондаги муваффақиятларимиздан ташқари Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида ҳам ўйнашга муваффақ бўлдик. Ҳозирги пайтда ОФК Кубогининг биринчи саватчаси учун кураш олиб боряпмиз. Гуруҳдаги иштирокимизни давом эттиряпмиз. Шунингдек, мураббий сифатида ўз лимитларимиздан ташқарига чиқа олмаслигимизни ҳам тушунаман. Титуллар учун курашиб, жамоа сифатида ўсиш орқали мен клубни юқори даражага кўтаришнинг бошқа йўлларини излашга ҳаракат қиламан.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар