Бир қатор сабабларга кўра Қатар - Ўзбекистон баҳси фаворити аниқ
"ЖЧ-2026" саралаши Осиё минтақаси 5-тури доирасида Ўзбекистон терма жамоаси Қатар майдонига сафар қилади.
Айни вақтда "А" гуруҳида форслар билан бир хил очко тўплаган (10) ва фақатгина тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринда бўлиб турган Ўзбекистон терма жамоаси 4 очко билан 4-поғонада бораётган Қатар билан баҳс олиб боради.
Ушбу ўйин 14 ноябрь куни соат 21:15'да старт олади.
Қайд этиш лозим, Ўзбекистон ҳамда Қатар ҳозирга қадар 11 маротаба тўқнаш келган. Шуларнинг 7 тасида вакилларимизнинг қўли баланд келган бўлса, 3 та баҳсда қатарликлар зафар қучган. Фақатгина 1 та учрашув дуранг билан якунланган.
Ўзбекистон терма жамоасининг энг йирик ғалабаси 2013 йилда (2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтган Мундиалга саралаш доирасида) содир бўлган ва унда "оқ бўрилар" 5:1 ҳисобида зафар қучган.
Ўша беллашувда Баҳодир Насимов дубль муаллифига айланган бўлса, Одил Аҳмедов, Олег Зотеев ҳамда Улуғбек Бақоев бир мартадан ўз номини таблога ёздириб қўйган.
Ўз навбатида Қатар ҳам вакилларимизни йирик ҳисобда мағлуб эта олган ва бу ўртоқлик учрашувига тўғри келган. 2014 йилда ўтказилган ўйинда қатарликлар Миржалол Қосимов бошчилигидаги термамизни 3:0 ҳисобида таслим этган.
Ўзаро учрашувлардаги тўплар нисбатида ҳам устунлик вакилларимиз томонида 19-11.
Таъкидлаш керак, мазкур термалар сўнгги бора 2024 йил аввалида айнан Қатарнинг ўзида ўтказилган турнирнинг чорак финалида тўқнаш келганди. Унда мезбонлар пенальтилар сериясида ҳамюртларимизни таслим этиб, якунда мусобақа ғолиблигини ҳам қўлга киритган.
Эътиборли томони шундаки, Қатар сўнгги икки Осиё кубоги ғолиби саналади. Термани айни вақтда Тинтин Маркес бошқармоқда.
Ўзаро учрашувлар ва айни вақтда гуруҳдаги ҳолатдан келиб чиқсак, мазкур ўйин фаворити - Ўзбекистон терма жамоаси. Ушбу ўйиндаги ғалаба Катанец шогирдларига "ЖЧ-2026'га чиқиш йўлида жуда катта устунлик беради. Шундай экан, йигитларимизга омад тилаб қоламиз.
Карим Худайқулов
Фикрлар