Биродар Абдураимов: Бошини эгиб кечирим сўрагандан кўра дарҳол ариза ёзиб ишдан кетмайдими?
Ads

Ўзбек футболининг 20-асрдаги энг яхши футболчиларидан бири бўлган ва футболимизнинг тирик афсонаси бўлиб турган Биродар Абдураимовни ҳамма танийди ва ҳурмат қилади. Ҳамма вақт ўзбек футболининг ривожланишини истаган мутахассис бу борада ўз фикр ва муносабатларини билдириб келган. Айтиш лозимки, ушбу масалад у кишининг айтадиган фикрлари ҳеч кимни беэътибор қолдирмайди. Ёши улуғ мухлислар Абдураимовнинг футболчилик фаолиятини ҳам яхши эслашади. Айниқса, “Пахтакор”даги ўйинларини мароқ билан эслашади. Дарвоқе, айни пайтда ҳам Биродар Ҳасанович ўзининг жонажон жамоасида фаолият олиб бораётганини таъкидлашимиз ўринли бўларди. У билан бир қатор масалаларда мулоқот қилишни режалаштириб юргандик. Ниҳоят, мустақиллик байрамимиз арафасида Биродар Абдураимов таклифимизга рози бўлди. Футболимиз жонкуяри гапни биринчи навбатда халқимизни мустақиллик байрами билан табриклаб, Осиё ўйинларидаги ютуқларга тўхталди.

“Осиё ўйинларидаги ғалабаларимиз Мустақиллигимиз учун ажойиб совға бўлди”

- Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами билан барча ўзбекистонликларни табрикламоқчиман. Мана, айни пайтда Индонезияда Осиё ўйинлари бўлиб ўтяпти ва барчамиз ушбу мусобақани катта қизиқиш билан томоша қиляпмиз. Спортчиларимизнинг қўлга киритаётган медаллари мустақиллик байрамимиз учун халқимизга муносиб совға бўлаётгани ҳам ҳақиқат. Боксчиларимизга қаранг, уларнинг муваффақиятлари ҳаммамизни қувонтириб юборди, тўғрими? Бундан ташқари, яна бошқа спортчиларимизнинг қўлга киритаётган ютуқларини айтмайсизми? Оғир атлетикачимиз – Руслан Нуриддинов Осиё чемпиони ва рекордчиси бўлгани билан фахрланамиз. Ёки каноэда эшкак эшиш бўйича спортчимиз Вадим Меньковни олайлик. У ҳам ўз йўналиши бўйича чемпионликни қўлга киритиб Ўзбекистон номини муносиб ҳимоя қилиб, халқимизни қувонтиряпти. Шунингдек, Осиё ўйинлари мусобақасига киритилган ўзбек курашида ҳам курашчиларимизнинг қўлга киритган муваффақиятларидан дилимиз яйради. Борган сари спортчиларимизнинг ютуқлари кўпайиб боряпти ва ҳозирда Ўзбекистон кучли бешликка кириб олгани жуда қувонарли. Лекин футболчиларимиз...

“Терма жамоамиз гапининг устидан чиқмади”

Ҳа, Биродар Ҳасанович футбол мавзусига келганда бир ўксинди. Чунки терма жамоамиз чорак финалда Жанубий Кореяга имкониятни бой берган ҳолда мусобақани тарк этганди. Албатта, Осиё ўйинларида футбол алоҳида мавзуга айланиши шубҳасиз. Шу боис Абдураимов ҳам бошқа спорт турларидаги муваффақиятларимиз ҳақида гапиргач, терма жамоамизга алоҳида тўхталди ва кескин фикрларни билдирди.

- Биз бошқа спортчиларимиз каби футболчиларимиздан ҳам муваффақиятларни кутгандик. Ҳеч бўлмаса финалга чиқишни кутгандик. Афсуски, улар ўзларига юклатилган вазифани уддалай олишмади. Умуман олганда, терма жамоамизнинг иштироки ҳақида нима дейиш мумкин? Мураббийни қилган ишини қаранг! Мағлубиятга учрагандан кейин бошини эгиб кечирим сўраши нимаси? Сен мураббиймисан, унда ютқазгандан кейин ариза ёзиб, ишдан кетмайдими? Ҳаммани олдида қўлини кўксига қўйиб узр сўраб нима қилади? Бу кимга керак? Ахир ютқазиб бўлишди-ку, ундан кўра ўз ихтиёри билан ишдан кетгани яхши-ку! Бундай иши билан кимни алдаяпти? Тан олиш керак, терма жамоамизнинг мағлубияти ҳаммамизни хафа қилди. Аслида бизга гуруҳимизда енгил рақиблар тушишган экан. Шунинг учун йигитлар гуруҳда катта қийинчиликка дуч келишмади. Аммо Жанубий Корея билан учрашувда жамоа аъзоларига эътирозлар бор. Ўша ўйинда худди жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олгиси келмагандек туюлди. Қолаверса, ўйинлар пайтидаги қизил карточкалар ҳам жамоамизда тартиб-интизом борасида муаммолар борлигини кўрсатди. Мураббий эса албатта бундай камчиликларни бартараф этиши керак эди. Яна бир гап: ҳамма бу термамизни олимпия жамоаси дейишяпти. Аммо бу қанақасига олимпия жамоаси бўлсин?! Ахир бу ўз номи билан Осиё ўйинлари-ку! Шу боис термамизни олимпия жамоаси демаслик керак. Биз 1994 йили чемпион қилган жамоа ҳам олимпиячилар эмасди. Ўшанда ҳам ҳақиқий терма жамоани олиб кетгандик. Шундан бери қачон яна терма жамоамиз чемпионликни қўлга киритаркин деб кутиб яшаяпмиз. Орадан қанча йиллар ўтди. Афсуски, ҳамон ўша натижа ягоналигича қолиб кетяпти. Бу сафарги жамоамиздан эса ростакамига умидимиз катта эди. Бутун халқимиз яна бир бор жамоамиздан қаҳрамонлик кўрсатишини кутишганди. Муҳими, уларга ишончимиз катта эди. Осиё ўйинларига кетишдан олдин Тошкентда нима дейишгани ёдингиздами? Чемпионликни қўлга киритиб қайтамиз дейишганди. Қани, чемпионлик?! Нега гапининг устидан чиқишмади? Бизда ҳамма имконият бор эди. Лекин жамоамиз ўз олдига қўйилган вазифани эплай олмади. Буни гапириш биз учун оғир. Аммо улардан муваффақиятни кутгандик-да! Ўзбекистон медаллар тўплаш борасида кучлик бешликка кириб олгани ҳақида айтдим. Қанийди, футболимиз ҳам Осиёда мана шундай кучли бешликда бўлса эди?! Энди бўлар иш бўлди. Бор эътиборни 2020 йили Токиода бўладиган Олимпиада мусобақасига қаратиш керак. Бунинг учун тайёргарликни ҳозирдан бошлаш лозим. Керак бўлса, термага бошқа тажрибалироқ мутахассисни олиб келиб, унга жамоани ишониб топшириш керак.

“Клуб президентининг маслаҳатчисиман”

Эътибор берган бўлсангиз, сўзимизнинг бошида Биродар Ҳасановични “Пахтакор” клубида фаолият олиб бораётгани ҳақида айтиб ўтдик. Бу маълумотни ҳамма ҳам билавермайди. Шунинг учун бу кўпчилик учун янгилик бўлиб туюлгани ҳам рост. Унинг ўзи “Пахтакор”да айнан қандай лавозимда ва нима иш бажараётгани ҳақида маълумот бериб ўтди.

- Чиндан ҳам мен “Пахтакор” клубида фаолият олиб боряпман. Клуб президентининг маслаҳатчисиман ва консультант сифатида ҳам ишлаб келяпман. Шу билан бирга клубдаги ҳар бир футболчи билан индивидуал тарзда гаплашиб, уларга ўз маслаҳатларимни бериб келмоқдаман. Биз у ерда катта бир оилани ярата олдик. Шунингдек, мураббийлар штаби билан ҳам жамоанинг ўйини ва истиқболлари хусусида ўзаро фикрлар алмашиб турамиз. “Пахтакор”да меҳнат қилаётган барча клубнинг мавқеини янада мустаҳкамлаш учун меҳнат қиляпти. “Пахтакор” – бу ўзбек футболининг фахри ва байроқдори бўлиб келган. Шундай экан, бундай жамоада ишлашнинг масъулияти ҳам катта бўлади. Футболчилик пайтимда ҳам “Пахтакор”да тўп суриб роҳатланардим.

“Алишер Усмонов билан эски қадрдонлармиз”

Дарвоқе, яна бир муҳим янгилик шундаки, “Пахтакор”га россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг васийлик қилиши, жамоага ёрдам кўрсатиши борасида хабарлар тарқаганди. Бу эса ҳақиқатга айланди. Чиндан ҳам асли ўзбекистонлик бўлган Алишер Бурхонович “Пахтакор” ва унинг истиқболи учун сармоя киритаётгани қувонарли ҳол. Ўз навбатида Биродар Абдураимов ушбу масала бўйича ҳам муносабатини билдириб ўтди.

- Ҳа, Россия фуқароси, Ўзбекистон фарзанди бўлган миллиардер Алишер Усмонов чиндан ҳам “Пахтакор”га ўз ёрдамини аямаяпти. У клубга инвестиция киритяпти ва янги стадион қуриш учун амалий ёрдам кўрсатяпти. Шу боис “Пахтакор” катта лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, клубга мураббий ва футболчиларнинг келишида ҳам у инсоннинг ҳиссаси бор. Алишер Бурхоновични жуда яхши биламан. Илгари футбол ўйнаб юрган кезларимда у “Пахтакор” стадиони атрофида бошқа спорт турлари билан шуғулланарди. Унинг ўзини ҳам бемалол спортчи деб ҳисобласак бўлаверади. Алишер Бурхонович жуда яхши инсон. “Пахтакор”ни эса доим яхши кўриб келган. Усмонов билан биз эски қадрдонлармиз. Билсангиз, у халқаро қиличбозлик федерацияси президенти ҳисобланади. Уч йил олдин Тошкентда қиличбозлик бўйича ўтказилган халқаро мусобақада Алишер Усмоновнинг ўзи бош-қош бўлганди. Ўшанда мусобақа якунига бағишлаб ўтказилган тадбирда бирга ўтириб гаплашгандик. Бир-биримизни жуда яхши биламиз. Усмонов ҳамиша ўзбеклигидан фахрланади. Шу сабабли ҳамиша ўзбек спорти ва унинг равнақи учун ёрдам беришга тайёр.

“Пахтакор” бу йил чемпион бўлиши лозим”

Яна “Пахтакор” мавзусига қайтадиган бўлсак, жамоа чемпионлик учун курашда давом этмоқда. Чиндан ҳам клуб катта лойиҳага айланиб боряпти. Бу йилги мавсумдан жамоада янада сезиларли ўсиш кузатилаётгани ҳам рост. Бунга одддий мисол қилиб, стадионда мухлисларнинг сони кўпайганини айтишимиз мумкин. Бу борада футболимиз афсонаси шундай деди:

- “Пахтакор” доим ўз олдига максимал вазифаларни қўйиб келган. Албатта, мақсад фақат чемпионлик ва Кубокни қўлга киритишдан иборат. 3-4 кундан сўнг клуб раҳбарлари ва мураббийлари иштирокида йиғилиш бўлади ва унда яна бир бор жамоа олдидаги вазифалар ҳақида гаплашиб олинади. Жамоа биринчи босқични яхши ўтказди. Энди бор эътибор иккинчи босқичга қаратилган. “Пахтакор” – бу катта клуб. Ишонаманки, жамоа бу йил албатта чемпион бўлиши лозим. Олдин стадион қанақа аҳволда эди? Мухлисларсиз ҳувиллаб турарди. Ҳозир эса ишқибозлар яна “Пахтакор” стадионига қайтишяпти. Шунинг учун жамоа ўз ўйинларини минглаб мухлислар қаршисида ўтказаётгани қувонарли ҳол. Бунга эса жамоа кўрсатаётган чиройли ўйин ҳам сабаб бўляпти.

“Наманганда кетма-кет учинчи бор мағлуб бўлмаслик керак”

Шу ўринда миллий чемпионатимиз ҳақида ҳам Абдураимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Хабарингиз бор, энди Суперлигада юқори ва қуйи олтилик жамоалари аниқланди. Яъни, “олтин очколар” тизими ишга тушди. Унга кўра эса “Пахтакор” ҳозирча 3-ўринга тушиб қолди. Иккинчи босқични эса Наманганда “Навбаҳор”га қарши ўйин билан бошлайди.

- Умуман олганда, жорий йилги чемпионат қизиқарли ўтаётганига шубҳа йўқ, - дея мавзуни давом эттирди, Биродар Ҳасанович. - Биринчи босқичда кўплаб ажойиб ўйинларнинг гувоҳига айландик. Энди бўлса иккинчи босқич янада қизиқарли кечиши аниқ. Эндиликда клублар иккига бўлинишди ва юқори олтиликда “Навбаҳор”нинг пешқадамлиги ҳам интриганинг ошишига хизмат қилади. “Пахтакор” наманганликлардан икки очкога ортда қоляпти. 2-ўриндаги “Локомотив”дан эса бир очко кам жамғарганмиз. Аммо ҳаммаси олдинда эканлиги аниқ. “Пахтакор” эса иккинчи босқични Наманганда “Навбаҳор”га қарши ўйин билан бошлайди. Энди “Пахтакор” кетма-кет учинчи бор Наманганда мағлуб бўлмайди деб умид қиламан. Чунки ўтган йили ҳам, бу йил ҳам “Навбаҳор” майдонида ютқазишди. Бу сафар энди “Пахтакор” аъзолари учинчи бор мағлуб ҳолда қайтишга йўл қўйишмаса керак. Аминманки, юқори ва қули олтиликдаги кураш жуда жиддий кечади. Ҳаммаси фақат охирги турларда ҳал бўлади. Муҳими, якунда энг кучли жамоа ғолиб чиқади. Бу эса “Пахтакор” бўлади деган умиддаман.

“Купер? Ҳамма гап терма жамоага қандай футболчиларни танлаб олишдадир”

Шунингдек, футболда кўпни кўрган бой тажрибага эга бўлган Биродар Абдураимовдан миллий терма жамоамизда яқинда иш бошлаган Эктор Купер ҳақида ҳам сўрамасак бўлмасди. Ҳар ким ўз фикрини турлича билдираётган бир пайтда унинг бу борада қандай муносабатда эканлигини билиш ҳам биз учун қизиқ туюлди.

- Аргентиналик Эктор Купер ҳақида эшитганман ва унинг жамоаларини кўрганман. Айниқса, Испаниядаги фаолиятини кўпчилик яхши эсласа керак. Албатта, у яхши мутахассис. Аммо уни ҳали яқиндан яхши билмайман. Ҳозирча Купер билан гаплашганим йўқ, лекин умид қиламанки, тез орада у билан яқиндан танишиб оламиз. Ҳозирча Эктор Купер футболчиларимиз билан яхшилаб танишиб оляпти. Олдиндан ушбу мураббий ҳақида нимадир дейиш нотўғри. Яъни, тўйдан олдин ноғора чалмайлик демоқчиман. Биз уни катта мақсадлар учун олиб келдик. Шу боис уни тинч қўяйлик ва ўз ишини қилсин. Ҳамма гап терма жамоага қандай футболчиларни танлаб олишдадир. Олдинда эса терма жамоамиз иштирокидаги ўртоқлик ўйинлари бор. Купер эса ушбу учрашувлар орқали футболчиларнинг имкониятларини кўриб олади ва янада яқинроқ танишади. Аммо у терма жамоага энг муносиб ўйинчиларни тўплаши лозим. Мен ҳам унга айнан шуни маслаҳат берган бўлардим. Чунки футболимизда кўпни кўрган, тажрибали бўлган мутахассислар ҳар томонлама маслаҳат беришга ҳақлидирлар.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.