Биз билган ва билмаган Сурия терма жамоаси
Ads

Хабарингиз бор, бугун Эктор Купер шогирдлари Сурия миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Ушбу ўйин олдидан биз рақиб ҳақидаги маълумотларни тақдим этамиз.

Сурия терма жамоаси ҳеч қачон жаҳон чемпионатида қатнашмаган. Аслида Осиёнинг элит жамоалари қаторига ҳам кирмайди. Шунга қарамай жамоа халқаро майдонларда ютуқларга эришган.

1958 йилда Сурия жаҳон чемпионати саралаш босқичида илк бор иштирок этди. Осиё жамоалари орасида биринчилардан бўлиб қатнашган. 1966 йилги мундиал саралашида Европа қитъасида қатнашадиган Осиёнинг икки мамлакатидан бири Сурия эди (иккинчиси Исроил). Аммо сурияликлар Осиё ва Африка термалари қаторида саралашни ўтказадиган бўлишди.

1986 йилда Сурия дунё биринчилигида қатнашишига бир қадам қолганди. Бироқ якунда улар Ироқ термасини мағлуб эта олишмаган. 2014 йилги саралашдан Сурия термаси кутилмаганда дисквалификация қилинган, сабаби жамоа футболчиси Жорж Мурод рўйҳатдан қонуний тарзда ўтказилмаган, яьни фуқароликка тўлиқ эришмаган эди ва бунгача Швеция ёшлар терма жамоасида тўп тепишга улгурган.

Сурия Осиё Кубогида 6 маротаба қатнашган. Сўнгги бор 2019 йилдаги Осиё Кубогида иштирок этган Сурия гуруҳда қолиб кетди.

Сурия 2012 йилда Ғарбий Осиё чемпионати доирасида Ироқни мағлуб этиб, илк бор Кубокни қўлга киритган.

Сурияликлар 1949 йил ўз тарихларида илк бор яшил майдонга тушишган. Туркия термаси меҳмони бўлган сурияликлар 0:7 ҳисобида мағлуб бўлишган. 1997 йилнинг ўзида 2 маротаба Малдив ва 2001 йили Филиппин термасини бир хил 12:0 ҳисоби билан мағлуб этилган. Бу натижалар Сурия тарихидаги энг йирик ҳисобдаги ғалабалар. Шу билан бир қаторда 1949 йилда Греция, 1951 йилда Миср терма жамоаларига 0:8 ҳисобида имкониятни бой беришга ҳам улгуришган. Буниси эса Сурия тарихидаги энг йирик мағлубиятлар.

Шунингдек терма жамоа таркибида энг кўп майдонга тушган футболчи Мосаб Балхуздур. У терма жамоа либосида 81 маротаба ўйин ўтказган. Ража Рафе эса 32 та гол уриб, энг яхши тўпурар бўлиб турипти.

Терма жамоа футболчилари асосан Осиё клубларида тўп тепишади. Европада фақатгина Муҳаммад Усмонни кўришимиз мумкин. У Голландиянинг "Хераклес" клуби аъзоси ҳисобланади. Африка қитъасининг Миср мамлакати чемпионати аъзоси "Пирамида" клубида эса Умар Мидани ҳаракат қилади. Аммо терма жамоанинг энг асосий юлдузлари бошқа футболчилардир. Юртимизда Омар ал Сомани яхши билишади. Саудиянинг “Ал Аҳли” футбочиси ва терма жамоанинг асосий юлдузи, сардори ал Сома бугунги кунда нафақат терманинг балки, бутун Осиё Қитъасининг энг кучли ҳужумчиларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқар терма жамоада Омар Ҳарбиннинг борлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Ал Сома каби Ҳарбин ҳам Саудия Арабистони чемпионатида тўп тепади, фақат ал Сомадан фарқли ўлароқ Омар Ҳарбин “Ал Ҳилол” клуби аъзоси саналади. Терма жамоани маҳаллий мураббий Фажр Иброҳим бошқариб бормоқда.

Сурия билан бор йўғи 4 мартта тўқнаш келганмиз. ФИФА рейтингида биздан 2 поғона юқорида турган жамоани 1 мартта мағлуб этган вакилларимиз 1 дурранг ҳам қайд этишган ва 2 маротаба мағлубиятга учрашган. Сурияга 3 та гол урган вакилларимиз ўз дарвозаларидан 4 та тўп олиб чиқишган.

Сурияликларнинг 4 голига Али Диб, Жохадар Нодир, Омар Ҳарбин ва Омар ал Сома муаллифлик қилишган бўлса, бизникилардан Сергей Лебедев, Александр Гейнрих ва Марат Бикмаев дарвозани нишонга олишган.

Ўзаро ўйинларнинг 2 таси Тошкентда кечган ва яна 2 таси беътараф мамлакатда бўлиб ўтган.