Бизда жиддий равишда футболчилар етишмовчилиги бор - Асрор Алиқуловнинг муаммолар гирдобидаги "Шўртан"да қолишига нима сабаб?
Про-лига клублари ҳам янги мавсум учун астойдил тайёргарлик кўриб бормоқдалар. Бу борада sports.uz сайти орқали ҳам имкон қадар жамоаларнинг йиғинлари ва юз бераётган ўзгаришлар хусусида сиз азиз ўқувчиларга маълумотлар бериб боряпмиз.
Биласиз, ФИФА томонидан Ўзбекистоннинг бир қатор клубларига янги ўйинчиларни трансфер қилиш бўйича таъқиқ қўйилган. Ана шундай жамоаларнинг орасида “Шўртан” ҳам бор. Афсуски, ғузорликлар охирги йилларда молиявий муаммолар ва қарздорликлар бўйича мавқеини бироз тушириб юборди. ФИФАдан қўйилган таъқиқ эса клуб учун яна бир оғир зарба бўлди. Лекин бу таъқиқ “Шўртан” учун ўтган йили қўлланилган. Ҳалигача жамоанинг ушбу муаммоси бартараф этилгани йўқ.
Гапнинг очиғи, бундай муаммолари кўп жамоада ишлаш мураббий учун жуда оғир. Чунки янги ўйинчи олиш имкониятидан маҳрум бўлган клубда ишлашни аксарият мураббийлар хоҳламаса керак. Лекин Асрор Алиқулов мана шундай қийинчиликларга қарамай, бу клубда ишлашга рози бўлди. Ўтган йили ҳам Ғузор жамоасини бошқарган маҳаллий мутахассис айнан Асрор Чориевич эди. Янги мавсумда эса унинг ҳам бошқа клубни бошқариши кутилганди. Лекин якунда Алиқулов яна “Шўртан” билан янги шартнома тузишга қарор қилди.
Шундай қилиб, мураббий муаммолар гирдобида қолган жамоани яна бошқаришда давом этяпти. Қандай қийинчиликлар билан курашаётганини эса мураббийнинг ўзи билади. Sports.uz мухбири билан мулоқот давомида Алиқулов чемпионатга кўрилаётган тайёргарлик, таркибдаги муаммолар ва нима учун “Шўртан”да қолгани ҳақида гапирди.
“Таркибимизда кўплаб бўш позициялар бор”
- “Шўртан” жамоасини қийнаётган биргина муаммо – бу таъқиқ масаласи, - дея гап бошлади, Алиқулов. - Биз энди ўзимиз учун керакли ўйинчиларни жамоага таклиф қила олмаяпмиз. Қайтанга, таркибдаги ўйинчиларни сақлаб қолиш осон эмас. “Шўртан”га ўзининг тарбияланувчиларини қўлга киритишига рухсат бор. Шунингдек, ўтган йилги таркибда тўп сурган футболчилар билан шартномани узайтириб, уларни сақлаб қолиш имконияти ҳам мавжуд. Ҳозирги вазиятда биз жиддий равишда футболчилар етишмовчилигига дуч келганмиз. Натижада таркибимизда кўплаб бўш позициялар бор. Афсуски, бизда ўйинчилар танқислиги кузатиляпти. “Шўртан” академиясида ишлар анча суст бўлганлиги учун катта жамоани тарбияланувчилар ҳисобига тўлдириш ҳам қийин кечяпти. Айниқса, про-лига савиясидаги футболчиларни топиш “Шўртан” учун оғир бўляпти. Шунга қарамасдан изланяпмиз ва таркибни иқтидорли ёшлар билан тўлдиришга ҳаракат қиляпмиз. Биласизми, айни кунда жамоамизнинг 50 фоизини 20 ёш ва ундан кичик бўлган футболчилар ташкил қиляпти. Кўряпмиз, про-лигадаги бошқа клублар нафақат Суперлигадан балки, бир қатор легионерларни ҳам олиб келишяпти. Бу эса про-лиганинг савиясини оширяпти. Ишонаманки, бу йилги чемпионат мавқеи анча кучли кўринишда бўлади. Ҳаммасини билиб турган ҳолда қийинчиликларга қарамай, имкон қадар таркибни шакллантириш ҳаракатида бўляпмиз. Тўғриси, про-лига савиясидан тушиб кетмайдиган даражада муносиб жамоа тузишга курашяпмиз. Тайёргарлигимиз борасида айниқса, ташкилий томонлама қийинчиликлар йўқ. Асосан футболчи етишмаслиги юзасидан жиддий муаммоларга дуч келяпмиз.
“Тақиқ ечилмаса, ёшлар билан ўйнашга мажбурмиз”
- Тақиқ ўтган йили қўйилган. Лекин унгача жамоанинг қарздорлиги 3-4 йил давомида бўлиб келган. Клубнинг бош ҳомийси вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга ҳаракат қиляпти. Бу борада йиғилиш ҳам бўлди. Тақиқни бартараф этиш бўйича ҳаракат бор. Бу қанча тез ҳал бўлса, биз учун шунча яхши. Ана шунда керакли ўйинчиларни таклиф қила оламиз. Агар тақиқ чўзиладиган бўлса, бошқа имконимиз йўқ. Ёшлар билан ўйнаймиз. Бўш ҳудудларга ўйинчилар қидиряпмиз. Агар тақиқ яқин кунларда ечилмаса, бу мавсумда ёшлар билан ўтказишга мажбур бўламиз.
“Динамо”нинг таклифини қабул қила олмадим, чунки...”
- Ҳа, менга таклиф бор эди. Самарқанднинг “Динамо” жамоасидан чорлов бўлганди. Бунинг учун менга ишонч билдирган клуб раҳбарига миннатдорлик билдираман. У менга жамоани топширмоқчи эди. Барибир мен қашқадарёликман. Шунинг учун ҳам бу ерда қолдим. Уларга менинг қароримни тўғри тушунишларини илтимос қилдим. Шунингдек, “Шўртан”да қолишимнинг яна бир сабаби, биласиз, Шамиль Ярулин бошчилигида янги раҳбарият келган. Жамоа атрофида яхши мураббийларни ва коллективни йиға олгандик. Клубдан кетиб қолмаслигимга ўшаларни сабаб қилиб айтишим мумкин. Ҳолбуки, “Шўртан”даги шароит, ойлик маошлар, таъқиқ, умуман ҳаммасини яхши билардим. Тўғри, ўтган бир йил давомида озми-кўпми, жамоани шакллантиришга ҳаракат қилдик. Қилган меҳнатларимиз зое кетмаслиги учун ҳам клубда қолишга қарор қилдим. Бизга қийин бўлишини биламиз, шу боис ҳеч нимадан нолимаймиз. Барибир охиригача жамоани тайёрлашга ҳамда муносиб ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бизда бундан бошқа йўл ҳам йўқ.
“Про-лигада жон сақлаб қолиш мақсади қўйилмайди”
- “Шўртан”нинг олдига про-лигада жон сақлаб қолиш мақсадини қўймаймиз. Футболчиларни қисқа вақт ичида бўлса ҳам тайёрлашга интиляпмиз. Лекин ҳозир айтганимдек, лигада қолиш мақсади қўйилмайди. Гарчи муаммолар гирдобида бўлсак ҳам, ҳар бир учрашувда ғалаба учун ҳаракат қилаверамиз. “Шўртан”нинг кучи нимага етади ва нималарга қодирлигимизни айтиш қийин. Ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда. Ёшларимизни тайёрлаб боряпмиз. Уларнинг про-лигада тажрибали футболчилар ҳамда легионерларга қарши ўйнашга интилиши катта. Аммо, тан оламиз, таркибимиздаги йигитларда про-лига савиясида тўп суриш борасида тажрибалари йўқ. Фақат ўзига ишонса ва қанақадир куч топа олишса, нимадир қила олишимиз мумкин. Бироқ мавсум бошланмасидан аввал кимдандир қўрқсак ва имкониятни бериб қўйсак, унда жамоа шакллантиришнинг қизиғи ҳам қолмайди. Йигитларимиз ёш бўлишига қарамай, тезроқ ўзларига бўлган ишончни оширишлари лозим. Бу борада ишлаяпмиз, - деб сўзини якунлади бош мураббий.
Фикрлар