"Бизга бу масала бўйича ҳеч ким қўнғироқ қилмади" - Алишер Шоғуломов "Сурхон" бошқарувини ўз қўлига олаётгани ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирди
Охирги пайтларда “Сурхон” клуби атрофида турли гап-сўзлар тарқалмоқда. Ҳамид Актамов ўтган мавсум ўрталаридан мазкур клубда иш бошлаганди. Янги мавсум учун аллақачон тайёргарликка ҳам киришишганди. Бироқ “Сурхон”да яна раҳбарият ўзгаргани ва клуб Шоғуломовларга ўтгани ҳақида хабарлар йўқ эмас.
Маълумки, Шоғуломовларга тегишли “Оқтепа” жамоаси бўларди. Ҳозирда бу клуб тугатилган ва “Оқтепа” академиясига асос солишган.
Юқоридаги ҳолат бўйича Sports.uz журналисти Алишер Шоғуломов билан боғланди. “Оқтепа” академияси хўжайини сифатида ишлаётган Шоғуломов чиндан “Сурхон” клуби бошқарувини ўз қўлига олгани ростми? Бу борада шундай деди:
"Бу маълумотни ўзим ҳам интернет орқали билдим. Кечаси телефонимдан интернетга кирганимда шунақа хабарни кўрдим ва ҳайрон бўлдим. Ёзган инсонни қидирдим. Бу маълумотни бизга алоқаси йўқ. Бизга ҳеч ким бу масала бўйича қўнғироқ қилмаган. Биров билан гаплашмаганмиз. Балки бизни академиядан мураббийимизни “Сурхон”га таклиф қилишгани учун шунақа ҳаёлга боришгандир. Лекин бу 100 фоиз ёлғон. Агар таклиф бўлса, кўриб чиқаверамиз. Биласиз-ку, футболни яхши кўрамиз.
Билишимча, бизда ишлаганлардан фақатгина Сергей Токов “Сурхон”га ўтяпти. У академиямизда мураббий бўлиб ишларди".
Кўриб турибсизки, бу маълумотни Алишер рад этди. Аммо ростдан шундай таклиф амалда бўлиб қолса, қабул қилармиди?
"Албатта, агарда шунга ўхшаш лойиҳани бизга ишониб топширишганида ўзимизга ҳам қизиқ бўларди. Нега қизиқ бўлмасин? 25 йилдан бери футбол ичидамиз. “Оқтепа” клуби ёпилганидан кейин иш йўналишимизни ўзгартирдик. Болаларга тўғри тарбия бериш ва футбол ўйнашни ўргатиш, четга чиқишга йўл очишни истадик. Шунинг учун клубни ёпиб бор эътиборни академия ривожига қаратиш шахсий фикрим бўлди. Ҳозир 14-15 ёшли тарбияланувчиларимиз кўзга ташланиб қолди. 2-3 йилдан кейин биринчи тарбияланувчиларимиз етишиб чиқади, Худо хоҳласа. Лекин бирор-бир профессионал клубни бизга беришни таклиф қилишса, буни ўйлаб кўрардик. Чунки ўзимизда ҳам малакали мураббийлар етарли. Шахсий клубларга осон эмас. Бир жамоани 20 йил давомида етаклаб юришнинг ўзи бўлмайди. Бу вақт ичида қанча маблағ ишлатдик ва қанчадан-қанча асабларимиз бузилган. Бизни ҳеч ким қўллаб-қувватламагани учун ҳам клубимизни ёпганмиз. Шахсий клубларга қандайдир имтиёзлар берилиши керак, деб ўйлайман. Биз академия фаолиятини ривожлантиришга бел боғлаганмиз. Тарбияланувчиларимизни турли ёшдаги терма жамоаларимизга етиштириб берган ҳолда футболимизга фойда келтириш вазифасини ўз олдимизга қўйганмиз”, - дея жавоб қайтарди, Шоғуломов.
Асосий эътибор “Оқтепа” футбол академиясига қаратилгани сабабли ўз-ўзидан ундан ҳозирги иш жараёни ҳақида ҳам сўрадик. Бу борада Алишер қуйидагича маълумот берди:
"Академиямизда 250 дан ортиқ болалар бор. 80 таси базада яшайди. Агентларимиз бор, улар иқтидорларни қидиришади. 20 тага яқин мураббий ишлайди. Футбол системамиз бошқаларникидан бироз ажралиб туради. Академиямизга келганингларда машғулот ўтказиш жараёнларимизни таништириб ўтаман. Йигитларимиз орасида ёшлар терма жамоасига чақирилаётганлари ҳам бор. Бу бир йил ичидаги ишларимиз. Шу давр мобайнида 14 нафарга яқин футболчилар терма жамоаларга жалб этилди. Лойиҳамиз узоқ муддатли. Насиб қилса, 2-3 йил ичида йигитларимиз катта майдонга чиқишади.
Академиямиздаги мутахассисларимиз яхши. Сергей Токовдан ташқари Станислав Қудряшов, Нурали Нуралиев ва яна бир қатор яхши савиядаги мутахассислар бор. Токов ва Қудряшовдан Иброҳимхалил Йўлдошев, Хожимат Эркинов каби футболчилар чиққан. Улар Россия премьер-лигасида ўйнаяпти. Бу мураббийлар қўли остида тарбияланганларнинг яна 12 таси ҳозир “Олимпик” клубида тўп суришяпти. Айтмоқчиманки, академиямиздаги мутахассисларнинг қилган ишлари кўзга кўринган”, - дейди Алишер Шоғуломов.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар