"Бизга шубҳа қиладиганларга натижаларимиз билан жавоб қайтарамиз" - "Локомотив" бош мураббийи АГМК қандай мағлуб этилгани ҳақида гапирди
Кеча Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси чемпионатнинг иккинчи турида ўз уйида АГМКни қабул қилди.
Жуда шиддатли кечган учрашувда мезбонлар ирода ва характерини кўрсата олишди. Чунки меҳмонлар учрашувда ҳисобни очганига қарамай, кейинчалик мезбонлар иккита гол урди ва ғалабани илиб кетди.
Ўтган турда “Қизилқум”га енгилган “Локо, бу сафар мухлисларини қувонтиришга эришди ва мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди.
Учрашувдан кейин “Локомотив” клуби бош мураббийи Денис Коростиченко Sports.uz мухбирига ўйин борасидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Денис Владимирович, қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман. “Локомотив” АГМКга қарши ўйинда барча жабҳада устунлик қила олди, деб айта оласизми?
- Яна бир салом. Биз бу беллашувга ўтган сафар “Қизилқум”га қарши кечган учрашувдан сўнг тайёргарлик кўришни бошлагандик. Тайёргарлик асносида хатоларимиз устида ишлаб, уларни қайта такрорламасликка интилдик. Шунингдек, “Металлург” – АГМК клублари ўртасидаги ўйинни кўрган ҳолда бўлажак учрашувга ҳозирлик кўрдик ва яхши шуғулланишга ҳаракат қилдик. Албатта, ўйин оғир кечишини кутгандик. Чунки рақиб ўтган йили чемпионатни совринли ўринлардан бирида якунлаган. Шу сабабдан ҳам тўқнашувимиз қийин кечди ва шунинг баробарида устунлик у ёки бу томонга бемалол ўзгариши мумкин эди. Шукурки, учрашувни ютдик ва бундан хурсандман.
- Санжар Қодирқулов захирадан ўйинга қўшилиб, ҳал қилувчи голни урди. Уни майдонга тушираётганингизда гол уришини асосий вазифаси қилиб айтганмисиз?
- Санжар жуда кучли футболчи. Бежиз у миллий терма жамоа аъзоларидан бири ҳисобланмайди. Қодирқулов январь ойида операцияни бошидан ўтказганди. Шундай бўлса ҳам февраль ўрталарига келиб у сафга қайтди ва назорат ўйинида иштирок этди. Аҳамиятлиси, шогирдим АГМКга қарши баҳсда майдонга тушганидан кейин 15 дақиқа ичида ўйинимизни ўзгартириб юборди. Санжарга бирор нарса дея кўрсатма бериш шарт эмас. У ҳақиқий профессионал. Майдонга тушганидан кейин нима иш қилиш кераклигини шундоқ ҳам яхши билади.
- Денис Владимирович, “Локомотив”нинг кучига шубҳа қилаётганларга нима деган бўлардингиз?
- Тўғри, ҳамма вақт ўйинчининг маҳоратига шубҳа қиладиган кишилар топилади. Аммо жамоамиз бу каби фикрлайдиганларга ўз ўйини билан жавоб қайтаришни билади. Қувонарлиси, ишқибозларимиз “Локомотив”нинг қандай имкониятга эга эканлигига шубҳа билан қарашмайди. Бизга шубҳа қиладиганларга ҳар доим натижаларимиз билан жавоб қайтариб келамиз.
- Ўзингизни “Янги Насельсманн” деб ҳисоблайсизми?
- Бизнинг бош директоримиз интервью чоғида “Янги Нагельсманн” ҳақида гапирган. У жуда кучли мураббийдир. Ўша интервьюдаги айтган гапи туфайли энди кўпчилик “Янги Нагельсманн” ҳақида гапиришга тушди. Унда ёрқин келажак бор. Ўз навбатида, мана шундай мураббийга ўхшашни истайман. Лекин ўзимни “Янги Нагельсманн”, деб ҳисоблай олмайман.
- Айтинг-чи, АГМКга қарши учрашувдан олдин сизни нима кўпроқ хавотирга солганди?
- Одатда ўйин олдидан хавотир олмасликка интиламан. Афтидан, ўйинни тоза ва томошабоп ўтиши туфайли менда қандайдир хаяжон сезилган бўлиши мумкин.
- Адашмасам, учрашувдан аввал жамоангизнинг тактик схемасида Диёр Туроповни ҳужумда кўрдим. Аммо у ярим ҳимоячи...
- Агар хато қилмаётган бўлсам, ўйин чоғида ўйинчиларимизнинг жойлашуви ҳақида сўраяпсиз. Биз аксар ҳолларда 4-4-2 схемаси асосида тўп сурамиз. Лекин АГМКга қарши беллашувда биз 4-3-3 схемасида тўп сурдик. Туропов ҳужумкор ярим ҳимоячи ҳисобланиб, ўйини билан менда ёмон таассурот қолдирмади. Ғалабамизга у ҳам катта ҳисса қўшди.
Фикрлар