"Бизга шубҳа қилаётганларга кузда жавоб берамиз". "Локомотив" "Нефтчи"ни мағлуб этганининг яна қандай сабаби бор эди? Санжар Қодирқулов бор гапни айтди

Тошкентнинг “Локомотив” клуби учун Суперлиганинг 7-тури омадли чиқди. “Темирйўлчилар” сафарда “Нефтчи”га қарши муҳим беллашувда ягона гол эвазига қимматли уч очкони қўлга киритишди.

Бу борада “Локо” футболчилари мардонавор ўйин кўрсатишди. Клубнинг иқтидорли ярим ҳимоячиси Санжар Қодирқулов жароҳатидан кейин ўзига келиб олди ва жамоасининг ғалабаларига муносиб ҳисса қўшмоқда.

“Нефтчи”га қарши беллашувдан сўнг Қодирқулов Sports.uz мухбири билан суҳбатлашди.

- Санжар, қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман. Ўйин қандай кечди?

- Ўйин ҳақида нима десам бўлади? “Сурхон” билан учрашувдан кейин бизда “Нефтчи”га қарши беллашув учун тайёрланишга икки кун вақт бўлди. Икки кун тайёрлангандан кўра, бир ҳафта шуғулланганимиз яхшироқ, деб ўйлайман. Биз “Сурхон”га қарши қандай ўйнаган бўлсак, ўша ўйинимизни “Нефтчи” билан учрашувда ҳам сақлаб қолишга эришдик. Рақиб “Нефтчи” экан деб уларга қарши алоҳида тайёргарлик кўра олмадик. Бунга вақтимиз ҳам бўлмади. Ўйин олдидан жамоадошларимиз билан келишиб олгандик. Майдонда ҳамма бирдек ҳаракат қилиши, югуриши ва агар кимдир хато қилса, дарҳол ўрнини қоплаши, умуман катта ҳажмдаги меҳнатни қилиб уч очкони қўлга киритишимиз шарт эди. Худога шукр, ўйлаган ниятимизга эришдик. Ўйин пайтида режалар ўхшаши ҳам, ўхшамаслиги ҳам мумкин. Бу – футбол, унда ҳамма нарса бўлиши табиий.

санжар2_1

- Ўйиндан аввал “Нефтчи”ни қанчалик ўргангандинглар ва сиз кутгандек таассурот қолдирдими?

- “Нефтчи” билан ўйин осон бўлмаслигини, улар ҳам майдонга фақат ғалаба учун тушишларини кутгандик. Шунга яраша тажовузкор ўйин кўрсатишларини билиб тургандик. Ўйин ҳам айнан шуни кўрсатиб турди. Прессинг қўллаш, босимда ушлаб туриш ва бир дақиқага бўлса ҳам бўшашишга имкон беришмади, деса ҳам бўлади. “Нефтчи” таркибида яхши ўйнинчилар йиғилган. Лекин эшитишимча, 8-10 тача футболчиси жароҳатда экан. Балки жамоанинг мағлубиятлари ҳам шу сабаб билан боғлиқ бўлса керак, яан билмадим. Лекин боя таъкидлаб ўтганимдек, кўп футболчилари жароҳат олганини эшитганман.

санжар5_1

- Дарвоқе, бош мураббийнинг кўрсатмаси қандай эди ва уни тўлиқ бажардик, деб айта оласизми?

- Мураббийимиз ушбу учрашувда бизга ҳар бир қарич ер учун жиддий курашишимизни қаттиқ таъкидлаганди. Курашларда ютқазмайдиган бўлсак, бу учрашувда албатта ютамиз, деб айтганди. Учрашув давомида мана шундай курашларда кўпинча ютиб чиқдик, деб ўйлайман. Шу ҳолат ҳам ғалабамизнинг асосий омилларидан бири бўлди. Бундан ташқари, ҳимояни ҳам мустаҳкам ушлаб, гол ўтказмаслик пайида бўлдик. Ғалабамиз ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Мураббий айтганидек, ҳар бир қарич ер учун жиддий курашдик ва тезкор қарши ҳужумларга ўтиш ҳаракатида бўлдик.

санжар3_1

- “Локомотив”да бу йил янги жамоа шаклланяпти. Клуб қайси ўринга даъвогарлик қила олади?

- Ўзингиз айтганингиздек, бизда янги жамоа ва янги мураббий. Ҳаммаси тўлиқ мослашиши учун озгина вақт керак, деб ҳисоблайман. Худо хоҳласа, аста-секин барчаси яхши бўляпти, деб ўйлайман. Бундан буёғига ҳам ҳар бир беллашувда жонимизни бериб, ғалабаларга эришиб яна очколарни олишга ҳаракат қиламиз.

- Мавсум аввалида кўпчилик клубдан кетди. Балки сизни ҳам жамоани тарк этишингиз кутилганди...

- Ҳа, бу йил жамоамиздан кўпчилик кетди. “Локомотив”да қолганимга келсак, бу клубда ўз ҳохишим билан қолдим. Аммо менга у ердан-бу ердан вариантлар чиқди. Лекин мен “Локомотив”да қолишга қарор қилдим.

санжар1_1

- Жамоанинг кучига шубҳа билан қараётганларга нима деган бўлардингиз?

- Бизга шубҳа билан қараётган инсонларга Худо хоҳласа, кузда жавоб берамиз. Чунки жўжаларни кузда санаймиз, деб бежизга айтишмайди.   

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!