"Бизни нимадир "синдирди!" Лобанов қаерда, "Металлург"дан кетгани ростми?
Бекободнинг “Металлург” клубининг асосий дарвозабони Александр Лобанов охирги пайтларда клуб билан бирга эмас.
“Пахтакор”даги фаолиятидан кейин бир неча мавсумни “Металлург” учун ўтказиб келган Лобанов ҳақида турли гап-сўзлар тарқалди. Яъни, у билан Камол Тожиев клубдан кетгани хусусида эшитдик.
Вазиятга ойдинлик киритиш учун Sports.uz мухбири Александр билан боғланди.
“Жароҳатимни даволатяпман”
- Мен ҳали “Металлург”дан кетмадим, жамоа билан шартномам бор. Ҳозир ҳаммаси жойида. Фақат уйдаман. Нима учун? Чунки менда жароҳат бор. Тошкентда даволаняпман. Бунинг учун менга яна 10 кун керак. Айнан шу сабабдан ҳозир “Металлург”да эмасман. Ҳеч қандай сабаб йўқ. Агар нимадир бўлса, албатта айтаман. Шунчаки, машғулотда жароҳат орттириб олганман.
“Мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам ҳайрон”
- Менимча, ҳар йили ҳар қандай клубда мана шундай муваффақиятсиз ўйинлар бўлади. Жамоада ҳамма яхши ишлаяпти. Одамларда бир-бирига ишонч бор. Фақат омадсиз ўйинлар бўляпти, бунинг нималигини билмаймиз. Мураббийлар ҳам, футболчилар ҳам ҳайрон. Лекин ҳамма ишлаяпти. Яна қайтараман: клубда барчанинг бир-бирига ишончи бор. Жамоада ҳамма ишлаяпти. Бироқ нимадир бизни “синдирди”. Шунга қарамай, клуб олдинга интилишда ва бу вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиляпти.
“Менга ишонч борлиги учун шу ерда қолганман”
- Мен “Металлург”га Андрей Шипилов ишлаётган пайтда келганман. У мени билгани учун чақирган, ишонган. Ўз ўрнида мен ҳам уни яхши биламан. Билсангиз, мен операция столига ётдим, икки ой даволанишга кетди. Ўшанда тиззамни операция қилдиргандим. Мураббий эса шифокор назоратида бўлиб, бемалол соғайиб олишимни айтган. Шунинг учун мен шошилмасдан икки ой давомида даволандим. Мен билан клуб ўртасида ишонч бор. Дарвозабонлар мураббийи Алишер Аҳмедов қўнғироқ қилиб, клубга тезроқ қайтишимни айтди, мени руҳлантиришди. Хуллас, ишонч борлиги учун бу клубдан кетмаганман.
“Абдураимов келгач, ўйин ва натижалар ўзгарганди”
- Жасур Абдураимов “Металлург”га бош мураббий бўлиб келган пайтда натижаларимиз яхши эди. Жамоада ўйин борлиги, натижалар ўзгаргани ҳақида ҳамма гапирди. Аммо боя айтдим, кейинчалик нимадир “синдирди”. Ваҳоланки, унгача “Насаф”, “Бунёдкор”, “Қўқон-1912”, “Андижон” каби жамоаларни ютдик. Ўйин бор эди. Афсуски, кейин омадсиз ўйинлар бошланди. Бунинг сабабини билмаймиз. Агар сабабини билганимизда аллақачон вазиятни ўзгартирган бўлардик. Бироқ ҳали ҳам ўша омадсизлик давом этяпти.
“Металлург”дан кетаманми, ҳали билмайман”
- Биринчи навбатда клуб ҳар бир ўйинни ютиши керак. Турнир жадвалида қайси ўриндалигига қараш керак эмас. Муҳими, ўз ўйинларида ғалаба қозониши лозим. “Металлург”дан кетаманми? Тўғриси, ҳозир билмайман. Клуб билан шартномам йил охиригача. Кейин мураббийга ким керак, ким керак эмаслигига қараб аниқ бўлади.
“Олдимда таклифлар бор”
- Менга таклифлар бор. Охирги пайтларда бир қатор клублардан қўнғироқлар бўлди. Ўз сафида кўришни истаётганлар бўляпти, шу боис аниқ таклифлар тушяпти. Аммо ҳозир қайси жамоалардан қизиқиш бўлаётганини айта олмайман. Айни пайтда “Металлург” билан шартномам бор. Ноябрь ойига келиб воқеалар ривожи қандай тус олишини тахминан билишимиз мумкин.
Фикрлар