BMF камари кимга насиб этади: Макс Холлоуэйгами ёки Чарльз Оливейрага? (Сўровнома)

  • 28.02.2026 14:26
  • Ahmadbek Eshmatov
  • 0
  • MMA

8 март куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳри "UFC 326" турнирига мезбонлик қилади. Мазкур оқшомнинг асосий тўқнашувида америкалик Макс Холлоуэй бразилиялик Чарльз Оливейра қарши BMF камари учун жанг қилади. Биз анънага мувофиқ ушбу қарама-қаршилик борасида ўзбек яккакураш олами вакилларининг фикри билан қизиқдик.

Нозимжон Тўйчиев - Ўзбекистон ММА ассоциацияси Андижон вилояти мутасаддиси:
– Бу жанг ҳақида гапирадиган бўлсак, Максда имконият юқори. У "стойка"да яхши баҳс олиб боради. Шундан келиб чиқиб, Холоуэй 2-раундда ғалаба қозонади.

Мирафзал Ахтамов - ММА жангчиси:
– Бир нарса дейиш қийин, иккаласи ҳам охирги мағлубиятини Илия Топуриядан қабул қилиб олган. Макс  3-раундда техник нокаут билан мағлуб бўлган, лекин унчалик зарар кўрмаган. Чарльз эса биринчи раунддан нокаутга учраган. Максда кураш ва грэпплингдан яхши химоя бор. Менимча, Макс Оливейрани "ухлатиб қўяди".

Дадахон Хасанов - рефери:
 Холлоуэй ва Оливейра тўқнашуви мураккаб ўтади. Тахминимча бразилиялик 1- ёки 2-раундда рақибини сабмишн ёки техник нокаут билан мағлуб этади.

Дмитрий Худяков - мураббий: 
– Бу жанг узоқ давом этади, деб ўйламайман. Менимча, америкалик Чарльзни 2-раундда муддатидан аввал йиқитиб, зафар қучади.

Феруз Усмонов - ММА жангчиси:
– Профессионал ММАда 1 та зарба баҳсни якунлай олади. Макс Холлоуэй жуда юқори даражадаги "стойка"чи, лекин Оливейрани йиқита олади, деб ўйламайман. Бразилиялик 2-раундда нокаут билан жангни тугатиши мумкин, чунки у жисмонан кучлироқ.

Фурқатбек Ёқубов - ММА жангчиси:
– Жангга келадиган бўлсак, натижа 70%  га 30%. Холлоуэй 4- ёки 5-раундда техник нокаут  орқали ғалаба қозонади. Максда тейкдаундан ҳимоя анча яхши ва яна сабмишнда фақат бир марта мағлуб бўлган. Кейин бу қарама-қаршиликнинг биринчи жангида ҳам америкалик ғалаба қозонган. Шуни ҳисобга олсак, психология ҳамда жанг услуби бўйича Макс Холлоуэй бошқа даражада.

Ҳотамбек Бойназаров - ММА жангчиси:
– Фикримча, Чарльз Оливейра ютса керак. Қайси раундда ва қандай усул билан енгиши ҳақида бирор нима дея олмайман, сабаби Макс хам кучли жангчи.

Жавоҳир Абдуғаниев - ММА жангчиси:
– Макс бу баҳсни узоққа чўзмайди. У муддатидан аввал Оливейрани мағлуб этади.

Достон Бозоров - ММА жангчиси:
– Ушбу жанг узоққа чўзилмайди деб айта оламан. Бразилиялик  2-раундда бўғиш усулида мағлуб этиб, BMF камарини кўлга киритади.

Эслатиб ўтамиз, Оливейра ва Холлоуэй ўртасидаги биринчи тўқнашув 2015 йилда бўлиб ўтган ва унда Чарльз техник нокаутга учраб, ғалабани бой берган эди.

 Зебонисо Хамидова тайёрлади

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!