Бобоусмон Батуров ҳозирги йиғин, халқаро мусобақалар ва Токио Олимпиадаси ҳақида
Шу кунларда, боксчиларимиз "Янгиобод" ўқув-базасида йиғин ўтказмоқда. Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати терма жамоамиз аъзоси Бобоусмон Батуровнинг йиғин ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
"5 февраль куни ушбу йиғинимиз бошланди. 19 февралгача "Янгиобод"да йиғин ўтказамиз. Мақсадимиз - Болгария, Украина, Қозоғистон давлатларида ташкил этиладиган халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўришдир. Ўз навбатида ушбу мусобақалар Япониядаги Олимпия ўйинларига тайёргарлик босқичи ҳисобланади.
Токио олимпиадаси олдидан мана шу мусобақаларда ўзимизни тоблаб олишимиз лозим. Чунки карантиндан сўнг ҳали халқаро мусобақаларда иштирок этмадик. Насиб қилса, энди халқаро мусобақаларни бошлаб, яхши натижалар кўрсатмоқчимиз.
Олдимизга катта мақсадлар кўйганмиз. Ҳозирда жисмоний, турнир яқинлашгани сайин техник-тактик усулга алоҳида эътибор қаратамиз Худо хоҳласа халқаро мусобақалар, ундан кейин Токио Олимпиадасида яхши натижалар қайд этиб, ўзимизга билдирилаётган ишончни оқламоқчимиз", - деди Бобоусмон Батуров.
Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати
Фикрлар