Бобоусмон Батуров: Ўзбек бокси жаҳонда биринчи ўринда туради
Екатеринбургдаги жаҳон чемпионатида -69 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган Бобоусмон Батуров мусобақа олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда бокс федерациясми матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Мусобақага тайёргарлик аъло даражада бўлди. Биз яхши спорт формасидамиз. Худо хоҳласа натижа ҳам яхши бўлади, бунга ишонаман. Шуни унутмаслик керакки, бу спорт ва унда ҳар қандай вазият бўлиши мумкин. Биргина зарба жанг тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган боксда ўзбек спортчиларига қарши рақиблар рингга икки баробар тайёргарлик кўриб чиқишади. Чунки, ўзбек бокси жаҳонда биринчи ўринда туради. Биз буни тушуниб турибмиз. Худо насиб қилса, халқимиз дуоси билан юртимизга яхши натижа билан қайтамиз.
Рақиблар ҳақида гапирадиган бўлсам, бу жаҳон чемпионати ва унга барча ғалаба қозониш учун келади. Вазнимда Англия, Қозоғистон ва Куба вакиллари совринли ўринлар учун асосий даъвогар ҳисобланади. Мусобақада хеч қайси жанг осон кечмайди. Ҳар бир боксчи ўз мамлакатининг етакчисидир. Шунингдек, чемпионатда янги кашфиётлар ҳам бўлиши мумкинлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим", - деди Бобоусмон Батуров.
Фикрлар