"Бобур арена"да катта баҳс: "Андижон" ва "Навбаҳор"ни муҳим 90 дақиқа кутаётир

Бугун Ўзбекистон Суперлигасининг 6-тур ўйинлари старт олади. Тур доирасида "Андижон" клуби "Бобур арена"да Наманганнинг "Навбаҳор" жамоасини қабул қилади. 

Ушбу жамоалар ўртасидаги тўқнашувлар доимо кескин курашлар, ҳаяжонли лаҳзалар, чиройли голлар ва кутилмаган натижалар ҳамоҳанглигида бўлиб ўтган. Шуниндек, ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинларда мухлислар ташрифи бўйича ҳам доимо юқори кўрсаткичлар қайд этиб келинади. Ҳар бир учрашув нафақат турнир жадвали учун муҳим, балки принципиал рақобат сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, бу жамоалар ўртасидаги баҳслар ҳар доим футбол ихлосмандлари эътибор марказида бўлиб келмоқда. 

Ушбу жамоалар ўртасида "Бобур арена" стадионида бўлиб ўтган сўнгги баҳс 2025 йилнинг 18 август санасида ташкил этилган ва мазкур ўйинда "Навбаҳор" жамоаси Русланбек Жиянов томонидан киритилган гол эвазига ғалаба қозонган эди. 

2026 йилги мавсумни ҳар икки жамоа бир маромда ўтказа олаётгани йўқ. "Навбаҳор" клуби "Динамо" ва "Пахтакор" каби жамоаларни сафарда мағлуб этиш билан бир вақтда "Бухоро" ва "Қўқон-1912" жамоаларига мағлуб бўлди. Мавсумни "Сўғдиёна" клубини 4:0 ҳисобида мағлуб этиш билан бошлаган "Андижон" жамоаси эса кейинги турларда "Қизилқум", "Нефтчи" ва "Насаф" клубларига мағлуб бўлди. 

Бугунги ўйинда қўлга киритилажак ғалаба "Андижон" жамоасини "Навбаҳор"ни ортда қолдириб 6-ўринга кўтарилиш имкониятини бериши мумкин. Ўз навбатида Наманган клуби ушбу ўйинда зафар қучса, турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Шундай экан бизни бугунги ўйин ҳар доимгидан-да қизиқроқ ўтиши аниқ. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Суперлигасининг 6-туридан ўрин олган "Андижон" – "Навбаҳор" ўйини бугун соат 19:15'да старт олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!