Бобур Тагиев ММАдаги дебют жангида рақибини "ер тишлатди" ёхуд уни "Bellator"да кутишмоқдами? (Видео)

  • 20 август, 2022, 12:08
  • 0
  • MMA

Ўзбекистонлик кўзга кўринган профессионал муайтайчи Бобур Тагиев 20 августга ўтар кечаси АҚШда ММА йўналишидаги илк жангини ўтказди. У мезбонлар вакили Дерек Рейесга қарши октагонга кўтарилди.

Қувонарлиси, ҳамюртимиз жанг тақдирини 1-раунддаёқ ҳал қилди. У дебютини чиройли бошлаган ҳолда, техник нокаут эвазига ғалаба қозонди.

Биз ушбу спортчимиз билан боғланиб, унга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

- Бобур аввало ғалаба билан табриклаймиз!

- Раҳмат, мени қўллаб-қувватлаб турган халқимизга миннатдорлик билдираман ва чиройли ғалабалар билан уларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламан.

- Умуман, ММАда фаолиятингизни бошлашингизга сабаб нима бўлди?

- Анча аввалдан ушбу йўналишга ўтишни режалаштириб келаётгандим. Биласиз, бу спорт тури жаҳонда жуда тез ривожланиб, катта қизиқишларга сабаб бўлмоқда. Қолаверса, кўплаб муайтай усталари ММАда яхши натижалар қайд этиб келмоқда. Ўйлайманки, мен ҳам бу йўналишда йўқолиб қолмайман.

- Муайтайда -71 кг вазн тоифасида ҳаракат қилишингизни инобатга олсак, ММАда енгил вазн (70.3 кг) тоифасида октагонга кўтарилаётган бўлсангиз керак?

- Ҳа. Албатта. Бу вазн тоифаси мен учун анчагина қулай, деб айта оламан.

- Биласизми, сизнинг кучли жиҳатингиз “стойка” ҳисобланади. “Партер”да жанг олиб бориш муаммо бўлмайдими?

- Муаммо бўлмаслиги учун ҳозирда фақат жиу-житсу билан жиддий шуғулланмоқдаман. Насиб қилса, бу муаммо бўлмайди.

- "CAGE NIGHT" промоушени билан нечта жангга шартнома туздингиз?

- Ҳозирча, битта жанг ўтказдим. Олдинда PFL, Bellator варианти бор. Балки, омадимиз келиб, UFC билан ҳам шартнома имзолашимиз мумкиндир.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!