Бокс бўйича 75 ва 81 кг вазнда Олимпия ўйинларига ким боради?

Пандемия сабаб, кўплаб мусобақалар қолдирилмоқда. Шу билан биргаликда Халқаро Олимпия қўмитаси қарорига кўра, Франциянинг Париж шаҳри мезбонлик қилиши белгиланган якуний жаҳон лицензион саралаш мусобақаси ҳам бекор қилинди.

Якуний саралаш мусобақасида кимлар иштирок этиши керак эди?

Ушбу мусобақада барча минтақалардан йиғилган ва Олимпиада лицензиясига эга чиқмаган боксчилар, қўшимча йўлланмалар учун кураш олиб бориши керак эди. Хабарингиз бор, Осиё ва Океания саралаш турнирида 8 вазн тоифаси бўйича қатнашган эркаклар терма жамоамиз 6 вазн: -52 кг Шаҳобиддин Зоиров, -57 кг Миразизбек Мирзахалилов, -63 кг Элнур Абдураимов, -69 кг Бобоусмон Ботуров, -91 кг Санжар Турсунов ва +91кг Баҳодир Жалолов лицензияга эга чиққан бўлса, икки вазнда (-75кг Фанат Қаҳрамонов, -81кг Дилшодбек Рўзметов) йўлланмадан қуруқ қолган эди. Айнан, Парижда шу икки вазнда ҳамюртларимиз якуний йўлланмани қўлга киритиш учун иштирок этишлари керак эди. Терма жамоа мураббийлари танловига кўра, -75 кг вазнда Исроил Мадримов, -81 кг вазнда эса, Дилшодбек Рўзметов мусобақага жалб қилиниши режалаштирилаётган эди.

ол1_1

Якуний саралаш бўлмаса энди лицензиялар қандай тақсимланади?

Лицензиялар тақсимоти бўйича қўмита AIBAнинг янгиланадиган рейтингида, ҳар бир минтақа бўйича ўз вазнида бошқаларга нисбатан энг юқори бўлган, аммо лицензияси йўқ боксчиларга берилишини эълон қилинди. Масалан, бирон вазнда аниқ бир минтақа бўйича 1 ва 2-ўриндаги боксчиларда йўлланма бор, аммо 3-ўриндаги боксчида йўқ. Бундай вазиятда ушбу боксчининг бошқалардан рейтинги юқори бўлгани учун ўша минтақа бўйича йўлланма тақдим этилади. Кўриб турганингиздек, бундай вазиятда энди лицензия олинмаган вазнларда мураббийлар кимни олиб боришлари бўйича мустақил қарор қабул қила олмайдилар. Чунки, энди барчаси AIBА томонидан янгиланадиган рейтингга ва ушбу рейтингда ўзбек боксчиларининг Осиё ва Океания минтақаси бўйича бошқаларга нисбатан жойлашиш ўрнига боғлиқ бўлиб қолди.

ол2

Рейтинг қачон янгиланади?

Ҳозирда Америка ва Европа минтақаси бўйича саралаш турнирлари ҳали ўтказилмаган. Америка минтақаси бўйича турнир май ойида, Европа минтақавий саралаш турнири эса июнь ойида бўлиб ўтиши белгиланган. Айнан, мана шу турнирлар якунига етиб, Олимпиадага йўлланма олган асосий боксчилар номлари аниқ бўлгач, ушбу давргача бўлган мусобақаларда иштирок этган ва керакли рейтинг очколарини тўплай олган боксчилар ўртасида янгиланган рейтинг эълон қилинади.

Ўзбек боксчилари рейтинг имкониятлари қандай?

Айни вазқтдаги AIBА рейтингига назар соладиган бўлсак, -75 кг вазнда ўзбекистонлик боксчилардан Исроил Мадримов 200 рейтинг очкоси билан жаҳонда 23-ўринни эгаллаб турибди. Аммо таъкидлаб ўтганимиздек, биз фақатгина Осиё ва Океания боксчилари эгаллаб турган ўринларни инобатга олишимиз керак. Исроил Мадримовдан юқори ўринларда лицензияга эга бўлмаган бизнинг минтақамизга тегишли бўлган боксчилар икки нафарни ташкил этади. Улар туркманистонлик Нурсаҳет Паззев (19-ўрин) ва қирғизистонлик Омурбек Бекжигитулу (22-ўрин). Исроил Мадримов 2020 йилда мусобақаларга қатнашмагани боис, янгиланган рейтингда ҳам кескин пастлаши ёки умуман чиқиб кетиши эҳтимоли юқори. Фанат Қаҳрамонов эса саралаш турнири чорак финалга қадар боргани учун бир қанча рейтинг очколари тўплаган, аммо бу янгиланадиган рейтингда минтақа бўйича керакли ўринни бериши ё бермаслигини вақт кўрсатади. Шуни ҳозирдан айтишимиз мумкинки, Исроил Мадримовдан кўра, Фанат Қаҳрамоновда имконият юқорироқ. Агарда керакли ўринга чиқа олмаган тақдирда афсуски ушбу вазнда бизникилардан ҳеч ким бормаслиги ҳам мумкин.

ол3_1

81 кг вазн рейтингида эса жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳиби Дилшодбек Рўзметов дунё рейтингида 5-ўринни эгаллаб турибди. Ундан юқорида эса минтақадан бошқа боксчилар йўқ. Бундан кўриниб турибдики, Рўзметовда имконият анча юқори. Шу билан биргаликда, саралаш турнирини  эрта тарк этгани бироз хавотирли вазият бўлиб қолмоқда. Агарда рейтинг фақатгина саралаш турнирлари нуқтаи назардан келиб чиқиб тузилса, у ҳолда Рўзметовнинг ҳолатини ҳам яхши, деб бўлмайди.

Бизда ҳозирча шулар. Воқеалар ривожини бизда кузатиб боринг.

Жалол Аҳмедов тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!