Бокс бўйича Куба тажрибасидан фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди
Бугун, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов Куба давлатидан ташриф буюрган бокс бўйича халқаро даражадаги мураббий, профессор Карлос Иван Фуентос Вилануева билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Манбага кўра, учрашувда Куба тажрибасидан фойдаланган ҳолда маҳаллий спортчилар маҳоратини ошириш, спорт мураббийларининг тажрибасини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан халқаро мураббий томонидан Республикада фаолият юритаётган бокс мактабларини ўрганиш, машғулотларда иштирок этиш истаги борлигини маълум қилди.
Шунингдек, учрашув давомида, вилоятлардаги спорт мактабларида спортнинг бокс тури билан шуғулланиб келаётган спортчиларнинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёргарликларини оширишда хорижий тажриба муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Халқаро даражадаги мураббий, профессор Карлос Иван Фуентос Вилануева яқин кунларда Қашқадарё вилоятига бориши ва спорт мактабларини кўздан кечиришни режалаштирганини маълум қилди.
Шу ўринда Куба бокси ҳақида. Куба бокси ҳаваскор бокс оламида етакчилардан бири ҳисобланади. Ўн тўртта Олимпиада ўйинларида кубалик боксчилар 41 та медални қўлга киритишган бўлиб, шундан: олтин — 23 та; кумуш — 13 та; бронза – 5 тани ташкил қилади. Бу Олимпиаданинг юз йиллик тарихида медал соҳиблари ва Олимпия ўйинлари совриндорларига эга бўлган 61 давлат орасида бешинчи кўрсаткичдир. Олтин медаллар сони бўйича кубалик боксчилар дунёда иккинчи ўринни эгаллашган.
Фикрлар